Ўзбекистон ва Озарбайжонда Алишер Навоий
ва Низомий Ганжавий ҳаёти ва ижодига
бағишлаб ўтказиладиган халқаро конференциялар
к о н ц е п ц и я с и
Ўзбек ва озар халқлари қадим ул-айёмдан муштарак қадрият ва анъаналар асосида яшаб келганлар. Бу икки халқнинг маданияти, санъати ва адабиёти ҳам бир-бирига таъсир кўрсатиб, бир-бирини бойитиб, умумий тамойиллар, ягона адабий қонуниятлар негизида тараққий этган. Ўхшаш мавзулар, сайёр сюжетлар, бир хил қаҳрамонлар, шеърий тизимлар ва адабий услубларнинг муштараклиги ўзбек ва озар адабиётларининг бамисоли эгизак адабиётлар сифатида ривожланиб келганлигидан гувоҳлик беради. Жумладан, “Гўрўғли”, “Ошиқ Ғариб” достонлари, Низомий Ганжавий, Хоқоний Ширвоний, Имодиддин Насимий, Мавлоно Лутфий, Алишер Навоий, Муҳаммад Фузулий асарлари барча туркий халқлар каби ўзбек ва озар халқларининг ҳам муштарак адабий ёдгорликларидир. Бинобарин, ўзбек ва озар адабиётшунослари биргаликда ўрганадиган адабий ҳодиса ва шахсиятлар, бадиий асарлар ва илмий масалалар кўпчиликни ташкил этадики, эндиликда уларни ўзаро ҳамкорликдаги тадқиқотлар асосида амалга ошириш фурсати етди.
Низомий Ганжавий ўзбек халқи орасида қанчалик машҳур бўлса, Алишер Навоий ҳам озар халқи орасида шунчалик машҳур. Икки халқнинг бу забардаст сўз санъаткорлари ҳаёти ва ижодига бағишлаб ўтказиладиган халқаро конференцияларда ўзбек ва озар адабиёти ва адабиётшунослиги билан боғлиқ кўплаб масалалар атрофида ўзаро фикр алмашиш ва биргаликда уларни ҳал қилиш мумкин. Жумладан:
– ўзбек-озар адабий алоқалари тарихи, тараққиёти ва ҳозирги ҳолатини ўрганиш:
– ўзбек-озар адабиётлари мисолида адабий анъана, ўзаро таъсир ва бадиий таржима масалаларини тадқиқ этиш;
– Низомий ва Навоийнинг Шарқ мумтоз сўз санъати тараққиётидаги ўрни ва ролини очиб бериш;
– Низомий ва Навоийнинг Шарқ халқлари бадиий-эстетик тафаккури ривожига қўшган ҳиссаларини илмий асосда кўрсатиш;
– Низомий ва Навоийнинг Шарқ хамсачилиги равнақидаги тенгсиз мақомини тайин этиш;
– Низомийнинг ўзбек, Навоийнинг озар адабиётига таъсири, Низомийнинг ўзбек, Навоийнинг озар издошлари ижодини текшириш;
– Низомий асарларининг ўзбек, Навоий асарларининг озар халқи орасига тарқалиши ва улар асарларининг таржималарини ҳақида илмий изланишлар олиб бориш;
– Низомий бўйича Ўзбекистонда, Навоий бўйича Озарбайжонда амалга оширилган тадқиқотлар ва нашрлар борасида маълумотлар тўплаш;
– Низомийнинг ўзбек ва Навоийнинг озар таржимонлари ва тадқиқотчилари ҳаёти ва ижодини ёритиш;
– Низомий ва Навоий асарларининг бадиияти масаларини қиёсий аспектда ҳар томонлама кенг ва чуқур ўрганиш;
– Низомий меросининг Навоий ижодига таъсири ва Навоийнинг буюк озар шоиридан баҳрамандлик даражасини ойдинлаштириш;
– Низомий ва Навоийнинг бадиий маҳорати қирраларини турли жиҳатлардан тадқиқ этиш;
– Низомий ва Навоий ҳамда ҳозирги ўзбек ва озар адабиёти тараққиёти масалаларини текшириш;
– Низомий ва Навоий ҳаёти ва ижоди бўйича келгусида икки мамлакат олимлари томонидан амалга ошириладиган ҳамкорликдаги тадқиқот ва тадбирлар мавзу ва режаларини муҳокама қилиш ва бошқалар.
Мазкур масалаларга ечим излаш Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси Ўзбек тили, адабиёти ва фольклори институти ҳамда Озарбайжон Миллий Илмлар академияси Адабиёт институти ҳамкорлигида 2020 йилнинг иккинчи ярмида Боку шаҳрида “Озар-ўзбек адабий алоқаларида Низомий ва Навоийнинг ўрни” мавзусида халқаро илмий анжуман ўтказишни тақозо қилади.
Маълумки. 2021 йилнинг февраль ойида Ўзбекистонда улуғ шоир ва мутафаккир Алишер Навоий таваллудининг 580 йиллиги халқаро миқёсда кенг тантана қилинади. Тошкент ва Навоий шаҳарларида бўлиб ўтадиган ушбу юбилей тантаналарида бир қатор озарбайжон олимларини ҳам таклиф этиб, уларнинг Низомий ва Навоий, Навоий ва озар адабиёти билан боғлиқ маърузаларини анжуманлар дастурига киритиш режалаштирилган.
Ушбу конференциялар ва ўзаро ҳамкорликдаги тадқиқотлар асосида келгусида “Низомий ва ўзбек адабиёти”, “Навоий ва озар адабиёти”, “Ўзбек-озар адабий алоқалари”, “Низомий ва Навоий” каби илмий мақолалар тўпламлари тайёрлаб, икки тилда Тошкент ва Бокуда нашр этиш кўзда тутилади. Шунингдек, ўзбек тилида Низомий ва озар тилида Навоий ҳаёти ва ижоди ҳақида илмий-оммабоп рисолалар яратиш режалаштирилган – бу рисолалар Низомийни ўзбек, Навоийни озар ўқувчиларига янада кенгроқ таништиришга хизмат қилади.
Мазкур тадбирларда Низомиддин Маҳмудов, Шуҳрат Сирожиддинов, Тўра Мирзаев, Жамол Камол, Иброҳим Ҳаққул, Султонмурод Олим, Муҳаммаджон Имомназаров, Ҳамидулла Болтабоев, Ҳамиджон Ҳомидий, Бобохон Шарипов, Адҳамбек Алимбеков, Тоҳир Қаҳҳор, Эргаш Очилов, Гулбаҳор Ашурова, Гулноз Сатторова, Отабек Жўрабоев, Сирдарё Ўтанова, Рустам Жаббор, Тўлқин Султонов каби ўзбек, Иса Ҳабиббейли, Рафаэль Ҳусейнов, Ғазанфар Пошоев, Альмаз Улвий, Тарлон Гулиев, Фарида Азизова, Эйнулла Медедли, Акиф Азалп, Яшар Қосимбейли каби ўзбек-озар адабиёти тадқиқи ва таржимаси билан шуғулланадиган озар олимлари ва таржимонлари фаол иштирок этиши кўзда тутилмоқда.
Do'stlaringiz bilan baham: |