Тоҳирийлар. VIII аср охири – IX аср бошида халифаликни ларзага келтирган оғир сиёсий вазият Аббосийларни Мовароуннаҳр ва Хуросонда олиб борилаётган сиёсатни ўзгартиришга мажбур этди. Маҳаллий зодагонлар Мовароуннаҳр ва Хуросонни ўз тасарруфига ўтказиб, ҳатто Халифалик марказида ҳам ҳокимиятни бошқаришда кўпроқ рол ўйнайдиган бўлиб қолди. Халифа Хорун-ар Рашид (786-809) вафот этгач, ўғиллари Маъмун ва Амин ўртасида 809-813 йй. тахт учун кураши бунга катта йўл очиб берди. Халифалик марказидаги араблар Аминни халифалик тахтига кўтаргач, норози бўлган Маъмун укаси Аминга қарши кураш бошлайди.
Маъмун 813 йил тахтни эгаллашида унга Ҳирот вилоятининг зодагонларидан Тохир ибн Хусайн бошлиқ Хуросон ва Мовароуннаҳр мулкдорлари ёрдам берди. Халифа Маъмун Хуросон ва Мовароуннаҳрга 821 йил Тоҳир ибн Ҳусайнни ноиб этиб тайинлайди (Тоҳирийлар ҳукмронлиги). Маъмун Сомонхудотнинг набираларини шаҳар ва вилоятларга ноиб қилиб тайинлайди: Нуҳга Самарқанд, Аҳмадга Фарғона, Яҳёга Шош ва Уструшона, Илёсга Ҳирот тегади. Бунинг эвазига сомонийлар Мовароуннаҳрнинг йиллик хирожидан катта маблағни тоҳирийлар орқали халифа хазинасига юбориб туради.
Тоҳир мустақилликка интилиб 822 йил халифа номини хутбадан чиқариб юборади. Тоҳир тўсатдан вафот этгач, унинг ўғиллари Талха ва Абул Аббос Абдуллоҳ Хуронга бирин-кетин ноиблик қилади. Абул Аббос Абдуллоҳ (830-844) пойтахтни Марвдан Нишопурга кўчирди. Сомонхудот авлодларининг маҳаллий ноиблиги тоҳирийлар томонидан тан олинади ва тоҳирийларга тобе сифатида Мовароуннаҳрни идора этади. Бу Хуросон ва Мовароуннаҳрда бир асрдан ошиқроқ ҳукм сурган халифалик ҳукмронлигининг тугаганлигини билдиради.
Саффорийлар. Тоҳирийлар замонида ҳам меҳнаткашлар аҳволи оғир бўлиб, мулкдор деҳқонлар зулмидан, давлатнинг оғир солиқларидан безор бўлган халқ қўзғолон кўтаради, уларга «ғозийлар» ҳам қўшилади. Қўзғолонга саффорийлар - ака-ука Яқуб ва Амр ибн Лайс бошчилик қилади. Улар 873 йил Хуросон пойтахти Нишопурни эгаллайди, натижада Тоҳирийлар (821-873) ҳукмронлиги тугатилиб, ҳокимият Саффорийлар (873-900)га ўтади.
Таянч тушунчалар: Қарлуқлар - туркий қабилалардан бири, дастлаб Олтойнинг ғарбида, сўнг Иртиш дарёси ўрта оқимида яшаган. Ўғузлар - Ўрта Осиёда яшаган туркий қабила. Тоҳирийлар – Хуросондаги Тоҳирийлар давлатида ҳукмронлик қилган сулола (821-873), расман аббосийларга қарам бўлган. Сулолага 821 йил Тоҳир ибн Ҳусайн асос солган. Саффорийлар – Саффорийлар давлатида ҳукмронлик қилган сулола (873-900). Саффорийлар номи унинг асосчиси Яқуб ибн Лайс ас-Саффор номидан олинган, йирик ҳукмдорлари: Яқуб ибн Лайс (873-879), Амр ибн Лайс (879-900). Хутба - жума намозида ҳукмдор номини айтиб, ҳақига дуо ўқиш. Ғозий - Ҳақ дин учун курашувчи жангчи.
Do'stlaringiz bilan baham: |