«Оқ кийимлилар» қўзғолони
Мовароуннаҳрда 769-783 йй. жуда катта халқ қўзғолони бўлган. Қўзғолончилар оқ либос кийганлари учун тарихда «Оқ кийимлилар» қўзғолони номи билан тилга олинади. Бу ҳаракатнинг раҳбари Муқанна - Ниқобдор деб аталган Марвлик ҳунарманд Хошим ибн Ҳаким эди. Муқанна Марв шаҳри яқинидаги Коза қишлоғида туғилган; у юзига кўк парда тутиб юргани учун «Муқанна» яъни «Ниқобдор» лақаби билан аталган.
Муқанна ёшлигида кудунгарлик (матога оҳор берувчи) касби билан шуғулланган, у саводли, ақилли ва тадбиркор бўлган. Муқанна Хуросонда сарханг (кичик лашкарбоши)ликдан вазирлик даражасигача кўтарилган. Муқанна Маздак ғояларига асосланган ижтимоий тенглик ва эркин ҳаётга даъват этувчи таълимотни тарғиб этган. У Хуросон амирининг исёнида қатнашиб, пайғамбарлик даъво қилгани учун зиндонга ташланган. Муқанна қочиб Марвга келгач ўз тарафдорларини тўплаб ажнабийлар ҳукмронлиги ва зулмига қарши қўзғалишга даъват қилади. У ўз тарғиботчларини Мовароуннаҳр вилоятларига юборган: унинг тарғиботи Нахшаб ва Кеш шаҳарларида яхши самара беради.
Қўзғолон бошланиши. Қўзғолонга раҳбарлик қилиш учун Муқанна Марвдан Суғдга йўл олади ва Амударёнинг ўнг қирғоғига ўтиб, Нахшаб ва Кеш шаҳрига етиб боради. У Кеш яқинида тоғ тепасидаги Сом қалъасини ўз қароргоҳига айлантирди. Муқаннага кўпгина қишлоқларнинг кадиварлари, шаҳар ҳунармандлари ва айрим мулкдор деҳқонлар эргашади. Тез орада бутун Қашқадарё воҳаси Муқанна тарафдорлари қўлига ўтади. «Оқ кийимлилар» ҳаракати кенгайиб халқ қўзғолонига айланади. Қўзғолон айниқса Мовароуннаррнинг маркази Суғдда авж олади. Қўзғолон Элоқ (Оҳонгарон) водийси ва Шошга ҳам ўз тасирини ўтказади.
Қўзғолонга зарба бериш учун халифа Мансур 775 йил Жаброил ибн Яҳё бошлиқ катта ҳарбий кучни Мовароуннаҳрга сафарбар қилади. У катта талофат бериб зўрға Самарқанддаги араб қўшинларига келиб қўшилади. Қўзғолончилар ёрдамга келаётган араб қўшинларини Термиз яқинида тор-мор қилади. Нахшоб ва Чағониён воҳалари қўзғолончилар қўлига ўтади. «Оқ кийимлилар» қўзғолони 776 йилдан бошлаб Бухоро воҳасида кучайиб кетади. Наршах қалъаси қароргоҳга айлантирилди, унда қўзғолончиларнинг катта қисми тўпланган. Қўзғолончилар 4 ой давом этган курашдан сўнг мағлубиятга учрайди.
Араблар энди асосий кучни Самарқанд ва Кешга ташлайди. «Оқ кийимлилар» ва туркий қабилалар Самарқандда арабларга қарши икки йил жанг қилди. Қўзғолончилар енгилиб, Самарқанд таслим бўлди. Наршах ва Самарқандда «Оқ кийимлилар» енгилгач, арабларга маҳаллий мулкдор табақа вакиллари ёрдам бера бошлайди. Курашнинг охирги босқичи Кеш водийсида бўлиб ўтади. Муқаннанинг Сом қалъасидаги қароргоҳи 783 йил қамалга олинади, узоқ давом этган қамалдан сўнг муқанначилар таслим бўлади. Арабларга таслим бўлишни истамаган Муқанна ўзини ёниб турган тандирга ташлаб ҳалок бўлади.
Do'stlaringiz bilan baham: |