Аббосийлар даврида норозилик кучайиши. Уммавиларга қарши норозилик халифа Марвон II (744-750) даврида кучайди. Бунга хирож солиғи миқдорининг ошиб кетиши ва мажбурий хашар ишлари сабаб бўлади. Уммавийларга қарши тарғибот қилиш учун аббосийлар турли вилоятларга тарғиботчилар юборади. Аббосийлар тарғиботига раҳбарлик қилиш учун куфалик Абу Муслим 746 йил Хуросонга келади ва аҳолини пайғамбар авлодларини қувватлашга чақиради.
Абу Муслим қўзғолони
Абу Муслимни дастлаб араб зодогонлари, сўнг маҳаллий деҳқонлар қўлаб-қуватлайди. Уммавийларга қарши ташвиқот Хуросон, Мовароуннаҳр ва Тохаристон вилоятларига тарқалади. Қўшин аввал Абу Муслим қароргоҳи Мохувон қалъасига тўпланади. Абу Муслим қўшинига қўшилган кишиларга аввал 3, сўнг 5 дирҳамдан маош тўлаган. Рўйхатдан ўтган кишиларнинг катта қисми ҳар томондан келган қуллар эди. Қуллар паст табақа бўлиб, қуллар билан бир сафда туриш бошқа табақа вакилларига ор туюлганлигини ҳисобга олган Абу Муслим қуллар учун Шаввал қишлоғида махсус жой ташкил эттиради ва қулларга Довуд исмли тарғиботчини бошлиқ қилиб тайинлайди.
Қўзғолончиларнинг мақсади. Қўзғолончилар сафида араб зодагонлари, Мовароуннаҳр ва Хуросоннинг маҳаллий мулкдор деҳқонлари, халифалик Шарқидаги мазлум аҳоли, шаҳар ҳунармандлари ва қишлоқ кадиварлари, қуллар бор эди. Уларнинг мақсадлари ҳам ҳар хил эди: араб зодагонлари ҳокимиятни аббосийларга олиб бериб, мамлакатда ўз мавқеларини кўтармоқчи эди; маҳаллий мулкдорлар сиёсий жиҳатдан араблар билан тенглашиш ва иложи топилса мамлакатни халифаликдан ажратиб, мустақил идора қилишни мақсад қилган эди; меҳнат аҳли уммавийларнинг зулми, оғир солиқлар ва мажбурий ҳашарлардан, қуллар қулликдан қутилиш орзусиида эди. Қўзғолончилар қора либосда эди, қора кийим мотам рамзи, қолаверса, забардаст куч байроғи, жангда уммавий ҳарбийлардан ажратиб турадиган белгини англатган.
Аббосийлар даврида Мовароуннаҳр. Абу Муслим 747 йил аҳолини уммавийларга қарши курашга даъват этади. 748 йил бошида Хуросон пойтахти Марв шаҳрини эгаллайди. 749 йил халифа Марвон II тахтдан ағдарилди. Аббосийлар сулоласи вакили Абул Аббос Саффох (750-754) халифалик тахтига чиқди. Бироқ халққа берилган ваъдалар бажарилмади.
Абу Муслим Бағдодда давлат ва ҳарбий кучларнинг юқори лавозимига тайинланади. Аббосийлар Абу Муслимнинг обрўйи ошиб бораётганидан хавфсираб, уни Хуросон ва Мовароуннаҳрга ноиб қилиб юборади. Аббосийларга қарши қўзғолонлардан бири 750 йил Бухорода бўлди. Абу Муслим маҳаллий кучлар ёрдами билан қўзғолонни бостирди. Мовароуннаҳрдаги ички зиддиятдан фойдаланиб Хитой Туркистонга бостириб киради. Абу Муслим томонидан Зиёд ибн Солиҳ бошчилигида юборилган араб, суғд, турклардан иборат ҳарбий куч 751 йил Талосда Хитойликларга зарба беради.
Абу Муслим сидқидилдан хизмат қилсада, аммо Аббосийлар унга ишонмас эди. Халифа буйруғига биноан Абу Муслим 755 йил ўлдирилади. Абу Муслимнинг ўлдирилиши халифалик шарқида, айниқса Хуросон ва Мовароуннаҳрда аббосийларга қарши халқ ҳаракати авж олишига баҳона бўлди. Абу Муслим қўзғолони 747-749 йй. Хуросон ва Мовароуннаҳрда бўлди, натижада Уммавийлар (661-750) ўрнига Аббосийлар (750-1258) сулоласи ҳокимиятга келди.
Do'stlaringiz bilan baham: |