II-бўлим. ЎРТА АСРЛАР (IV асрдан XVI аср бошларигача).
III-боб. Ўрта асрларда ерга эгалик муносабатлари.
1-§. Илк ўрта асрлар давлатлари. Ижтимоий-иқтисодий ўзгаришлар
Қадимги Турон диёрида Қанғ ва Кушон давлатлари равнақ топган даврда юксалиш бошланган эди. Бу ўзгаришлар ижтимоий-иқтисодий, маданий ва сиёсий ҳаётда ўзгаришларга олиб келди. Шаҳарлар сони кўпайиб, шаҳарлар ҳунармандчилик, савдо ва маданият марказига айланди.
Суғорма деҳқончилик воҳаларда кенгайиб, сув иншоотлари: сув тегирмони, чиғир ва чархпалак кашф этилди. Зироатчиликда ғаллакорлик, шоликорлик ва полизчилик билан бир қаторда пахтачилик ва боғдорчилик майдонлари кенгайди. Экин майдонларини суғориш ва ишлов беришнинг такомиллашуви туфайли аҳоли деҳқончиликдан мўл ҳосил оладиган бўлди. Шаҳарларда аҳолининг гавжумлашуви, ҳунармандчилик ва савдонинг ривож топиши билан қишлоқ хўжалик маҳсулотларига бўлган эҳтиёж ортиб борди. Хомашё етказувчи қишлоқларнинг нуфузи кўтарилгач: 1) зироаткор ерга муносабат, уларга эгалик қилиш шакли ўзгара бошлади. 2) ўтроқ зироаткор аҳоли билан чорвадор қабилалар ўртасидаги алоқалар ривожланди.
Дашт ва тоғ олдида яшовчи кўчманчи ва ярим кўчманчи аҳолининг ўтроқ ҳаётга ўтиши кучайгач деҳқончилик учун яроқли обикор ерларга бўлган эҳтиёж ошди, натижада қўриқ ва бўз ерларга сув чиқарилиб катта экин майдонлари барпо этилди. Ободончилик ишларини амалга оширишда мулкдор табақа вакиллари, қишлоқ оқсоқоллари, қабила бошлиқлари саркор-ишбоши сифатида фаол қатнашди. Қўриқларда очилган янги ерларнинг маълум бир улуши саркор-ишбошиларнинг қўлига ўтади ва меросий мулкига айланади. Шу тариқа катта ер эгалигига асосланган мулкдорлар табақаси шаклланади.
Деҳқонлар хўжалиги. Саркорлар ўзларига тегишли ер майдонларини суғориш тармоқларининг юқори қисмидан, тўғон бошидан ажратиб олади. Бу йўл билан саркорлар сувдан бемалол фойдаланиш, сув тақсимотини назоратга олиб, қишлоқ аҳолиси устидан ўз таъсирини ўтказиш имкониятга эга бўлади. Саркорлар зироаткор аҳоли устидан ҳукмронлик қила бошлайди ва улар деҳқонлар деб аталган. Деҳқонлар шаҳарларда қаср ва саройларга, савдо ва ҳунармандчилик дўкону расталаридан иборат каттагина хўжаликка ҳам эга эдилар. Деҳқонларнинг қишлоқларда экинзор пайкаллардан ташқари яна кўшк ва истеҳкомли қўрғонлари, обжувоз, мойжувоз ва тегирмонлари бўлган. Катта ер эгасининг 30-40, 50-100 ва ундан ортиқ чокарлари бўлиб, чокарлар бақувват, абжир, ўз хожасига садоқатли ўспиринлардан танлаб олинган, ҳатто хожаси вафот этган чокарлар бирга кўмилган. Деҳқонлар бундай содиқ ва жанговор чокарлари билан уруш пайтида душманга қарши ҳарбий юришларда қатнашган, тинчлик пайтда чокарларга суяниб қишлоқнинг зироаткор аҳли устидан ҳукмларини ўтказган.
Do'stlaringiz bilan baham: |