Буюк Ипак йўли
Мил. авв. II асрдан - милодий ХVI асрга қадар Шарқ ва Ғарб халқлари ўртасидаги тарихий-маданий ва савдо муносабатлари тараққиётида Буюк Ипак йўли муҳим ўрин тутган. Бу йўл мил. авв. II асрда вужудга келган ва «Буюк меридианал йўл» деб аталган. «Ипак йўли» деган ном 1877 йил немис географи Ф.Рихтгофен томонидан берган.
Буюк Ипак йўли вужудга келгунича қадимги “Лаъл йўли” ва “Шоҳ йўли” мавжуд бўлган: “Лаъл йўли” мил. авв. 3-2 мингйилликда вужудга келган энг қадимги йўллардан биридир. У Помир тоғларидан бошланиб, Эрон, Олд Осиё ва Миср орқали ўтган. Помирдан олинадиган ярим нодир Лаъл тоши (ложувард) Қадимги Шарқ мамлакатлари заргарлари томонидан юксак баҳоланган. Бадахшон лаъли ишлатилган буюмлар Миср фиръавнлари мақбараларидан ҳам топилган.
“Шоҳ йўли” Эрон Аҳамонийлари сулоласининг карвон йўли бўлиб, у мил. авв. VI-IV асрларда Ўртаер денгизи бўйидаги Эфес шаҳарини қадимги Форс давлати пойтахтлари - Суза ва Персепол билан боғлаб турган. Яна бир йўл (тармоғи) Эрон, Бақтрия орқали Суғдиёна, Тошкент воҳаси ва Қозоғистон ҳудудидан ўтиб Олтойгача борган.
“Буюк Ипак йўли”нинг узунлиги 12 минг км. бўлган, у Сариқ денгиздан бошланиб, Шарқий Туркистон, Ўрта Осиё, Эрон, Месопотамия орқали Ўрта Ер денгизигача борган. Бу йўлда қадимий шаҳарлар: Сиан, Дунхуан, Ёркент, Самарқанд, Бухоро, Термиз, Марв жойлашган. Хитойга Сўғдиёнадан жун газлама, гилам, зеб-зийнат буюмлари ва қимматбаҳо тошлар олиб борилган; Бақтриядан - туялар, Фарғонадан - зотли отлар, Бадахшондан - лаъл олиб борилган. Ўрта Осиёга Ҳиндистондан - пахта чигити ва ип-газлама, Хитойдан - гуруч келтирилган. Ўрта Осиёдан Хитойга узум, ёнғоқ, анор, деҳқончилик маҳсулотлари ташилган.
Хитой императори У-Ди мил. авв. 138 й. элчи Чжан Сянни кўчманчи хунн қабилаларига қарши курашда иттифоқчи ва ҳамкорлар топиш учун жўнатади. Хитойнинг шимолий туманларини Хунлар талон-тарож қилар эди. Элчи хуннларга асир тушиб ўн йилча ҳибсда ётади. У асирликдан қочиб Марказий Тян-Шан довони орқали Иссиқкўлга чиқади ва Норин дарёси бўйлаб Фарғонага келади.
Чжан Сян ўзи учун водийдаги шаҳарларни кашф қилади, бу шаҳарлар Фарғона давлатига қарашли эканлигини билиб олади. Фарғона ҳукмдори элчининг ҳарбий ёрдам ҳақидаги таклифига фақат савдо алоқаларини ўрнатиш истагини билдиради. Чжан Сзян жануб сари саёҳатини давом эттиради. Олой водийсидан ўтиб, яна хунлар қўлига тушиб қолади, у бир йилдан кейин Хитойга қайтади. Элчи Хитойга Фағона отларидан бирини ва беда уруғини олиб боради, бу отни хитойликлар «самовий» деб атаган. Император У-Ди ўз саройи яқинида беда эктиради, кейинчалик Хитойнинг бутун шимоли бўйлаб беда экиладиган бўлади. Хитойликлар анор, узум, бодринг, ёнғоқ экишни ҳам йўлга қўядилар.
Чжан Сян юрган йўл бўйлаб мил. авв. II-I асрларда Хитойни Марказий ва Ғарбий Осиё билан боғловчи Буюк Ипак йўли деб аталувчи карвон йўли ўтадиган бўлди. Фарғона водийсида Ипак йўли икки тармоққа бўлинган: 1) Ўзгандан Ахси шаҳри, Қамчиқ довони орқали (ёзда) Элоқ воҳаси ва Тошкентга келган; 2) жанубий тармоқ бўлиб, Ўзгандан Ўш, Қува, Марғилон, Қўқон орқали Хўжанд, Самарқанд, Бухоро орқали ўтган.
Ўрта Осиё халқлари Буюк Ипак йўли туфайли Шарқ ва Ғарб иқтисоди ва маданияти билан ошно бўлган. Ғарб халқлари эса Ўрта Осиёнинг ривожланган маданиятини кашф қилдилар. Ўрта Осиё аҳолиси Хитой шойисини қадрласа, Хитойда Ўрта Осиё гиламлари, жун газламалари, ҳунармандчилик буюмларига талаб катта бўлган.
Буюк Ипак йўли Шарқ ва Ғарб халқларини ўзаро маданий алоқаларидан баҳраманд бўлиш имконини берди. Ўрта Осиё Буюк Ипак йўлининг асосий йўналишлари кесиб ўтадиган марказида жойлашган. Бу ерга турли мамлакатлардан савдогарлар, ҳунармандлар, олимлар ва мусиқачилар ташриф буюрар эди. Буюк Ипак йўли туфайли Ўрта Осиё халқлари Шарқ ва Ғарб иқтисоди ва маданияти билан танишдилар.
Таянч сўзлар: Хоразм: Кўзалиқир, Жонбосқалъа, Қўйқирилганқалъа, Тупроққалъа. Қанғ: Қанғюй, Қанқа-Қанғха, Қанғдез, Битян. Даван (Фарғона), Эрши, Самовий отлар. Кушон: Гуйшуан, Кудзула Кадфиз, Вима Кадфиз, Канишка, Холчаён, Далварзинтепа, Айритом. Буюк Ипак йўли.
Do'stlaringiz bilan baham: |