Иситмада кузатиладиган симптомлар
Иситма фақатгина ҳарорат кўтарилиши билан кечмайди. Иситмада пульс ва нафас тезлашади, артериал қон босими кўпинча тушади, беморлар қизиб кетиш ҳисси, чанқаш, бош оғриғига шикоят қилишади; ажралаётган сийдик миқдори камаяди. Иситмада модда алмашинуви тезлашади, шу билан бир қаторда иштаҳа пасайишига, узоқ иситмалаётган беморлар озишига олиб келади. Юқори истма делирия билан асосан қариялар ва спиртли ичимликни мунтазам истеъмол қилувчиларда кузатилади.
Тахикардия
Тана ҳарорати ва пульс орасидаги муносабат катта аҳамиятга эга, чунки бир хил шароитларда у деярли доимий бўлади. Одатда тана ҳароратининг 1°С га ортиши юрак уриш частотасининг минутига 8-12 тагача ортишига олиб келади. Агар 36°С ҳароратда Рs 70 та бўлса, 38°С да Рs 90 тагача ортади.
Юқори тана ҳарорати ва пульс частотаси орасидаги боғлиқликнинг у ёки бу тарафга оғиши таҳлилни талаб қилади, чунки баъзи касалликларда бу муҳим кўрсаткич ҳисобланади (масалан, қорин тифида иситма аксинча нисбий брадикардия билан характерланади.
Терлаш
Терлаш–иссиқлик ажралишининг бир тури. Кўп терлаш ҳарорат тушганда кузатилади; ҳарорат кўтарилганда эса аксинча тери одатда иссиқ ва қуруқ бўлади. Тер ажралиши иситманинг ҳамма турида кузатилмайди; у йирингли инфекция, инфекцион эндокардит ва баъзи касалликларда кузатилади.
Қалтираш
“Қалтираш” (frigor) бирор ички қалтираш ва совуқни ҳис қилган ҳолатни белгилаш учун қўлланилади. Қалтирашда периферик артериолалар тораяди ва ғоз териси пайдо бўлади. Мушак титраши баъзан шу даражада ифодаланадики, ҳатто бемор гапира олмайди ва тишлар “таққиллаши” эшитилади (чайнов мушаклари тремори ), бемор ҳис қилинаётган совуқ эса иссиқ кийим кийгандан кейин ҳам йўқолмайди. Тери ва оёқ- қўл совуқлигига қарамай тана ҳарорати ортган бўлади.
Тана ҳароратининг юқорироқ кўтарилиши “гипотамус термостатида” ўзгаришларга олиб келади ва қалтираш юзага келади. Бунда тана ҳарорати бирданига 2-4°С га ошади. Тана ҳароратининг секин-аста кўтарилиши енгил қалтираш билан кечади.
Қалтираш инфекцион (вирусли, па257разитар) касаллик қўзғатувчиси ёки ёт оқсилни қонга тушганидан 1 соатдан кейин юзага чиқади ва 30 минутдан ортиқроқ давом этади.
Қалтирашнинг даврий пайдо бўлиши ўзига хос диагностик аҳамиятга эга. Бир марта пайдо бўладиган қалтираш билан кечувчи касалликларни схематик ажратиш мумкин (масалан, крупоз пневмония, мос бўлмаган қон қуйилиши ёки томир ичига ифлосланган эритмалар қуйилиши).
Қайта – қайта бўладиган қалтираш сепсисда, ўпка, сийдик - таносил тизими, ўт қопи ва ўт йўлларининг йирингли касалликларида, сарамасда, онкологик касалликларда, ўпка раки, гипернефрома, лейкозларда, лимфогранулематозда учрайди.
Иситмали хуружларнинг бевосита кетма – кет келиши (қалтираш, иситманинг юқори бўлиши, иситманинг терлаш билан тушиши) ва иситманинг хуружларсиз даврлари безгакка хос. Бу касалликда хуружлар ҳар куни (ҳар кунлик иситма), кун ора (уч кунлик иситма) ёки иситмасиз икки кунлик (тўрт кунлик иситма) бўлиши мумкин.
Қалтирашни ҳар қандай турида томир ичига қон – томир кенгайтирувчи воситалар юборилса, уни тезда бартараф этиш мумкин.
Герпес
Иситма кўпинча герпетик тошма пайдо бўлиши кечади. Герпес вируси билан 80-90% аҳоли зарарланган бўлса ҳам уларнинг 1% ида касаллик белгилари намоён бўлади. Бу вирус фаоллиги иммунитет тушган пайтда юзага чиқади. Иситманинг маълум бир турларида герпетик тошмалар жуда кўп учрайди, бу эса касалликнинг маълум бир диагностик белгиси ҳисобланади, масалан, крупоз пневмококкли пневмония, менингококкли менингит.
Do'stlaringiz bilan baham: |