Гастрономик турларнинг мақсади у ёки бу мамлакат ошхонасининг хусусиятлари билан танишишдан иборат бўлиб, бунда бир неча тансиқ таомларни татиб кўриш ёхуд кўплаб таомларни истеъмол қилиш эмас, балки асрлар давомида сақланиб келган маҳаллий рецептларни ва урф-одатларни ўзида жамлаган миллий таомлардан баҳра олиш ва уларни тайёрланиш маданияти билан танишишдан иборат бўлади.
Гастрономик саёҳат – бунда саёҳатчи у ёки бу мамалакат тўғрисидаги тушунчани изоҳлаш билан бирга, миллий таом орқали шу мамлакат халқининг руҳиятини ўрганади ва унинг менталитети ҳақида маълумот олади. Шундай қилиб, гастрономия туризми – бу мамлакатлар ва қитъалар бўйлаб саёҳат қилиш ҳисобланиб, мақсади маҳаллий ошхона хусусиятлари билан танишиш ҳамда келган сайёҳларга антиқа таом ва маҳсулотлардан татиб кўришга имкон яратади.
Гастрономик тур - хизмат сифатида нафақат саёҳат қилиш бўлиб ҳисобланади, балки дунёнинг бошқа бирор жойида такрорланмайдиган ва бетакрор таъмга эга бўлган масаллиқлардан таркиб топган маълум бир ҳудуддагина учровчи таомларни татиб кўришга қаратилган тадбирлар мажмуига киради.
Гастрономия туризми турига қизиқиш йилдан-йилга ошиб бормоқда. Бу қизиқиш кўпроқ Буюк Британия, Италия ва Перуда кенг оммалашиб, йилдан –йилга гастротуристик маршрутлар ишлаб чиққан мамлакатлар сони тобора ортиб бормоқда. Бундай қизиқишнинг ошиши туризмнинг бошқа турларини ҳам ривожлантиришга замин яратмоқда. Инсонлар дам олишининг бу турини ярим фабрикат маҳсулотларни истеъмол қилиш кўнглига урганидан сўнг, кўнгли истаган таомни асл ҳолида татиб кўришга интилиш, деб ҳам тушуниш мумкин.
Гастрономия туризми биринчи навбатда гурманлар, яъни маззали таом истовчилар учун жозибадор бўлиб, уларга тансиқ таом, бу нафақат егулик балки, кўтаринки кайфият бағишловчи лаҳзалар ҳисобланади. Иккинчидан, гастрономик саёҳатлар иш фаолияти овқат тайёрлаш ва тановвул қилишга бевосита боғлиқ бўлган касб эгаларини - хусусан ресторан бошқарувчиларини, татиб кўрувчилар (дегустаторлар), ресторан танқидчилари каби инсонларни ўзига жалб қилади. Бу инсонлар гастротурларга ўзларини касбий маҳоратларини оширишга, билимларини ошириш ва кўникмаларини моҳирона бошқаришга йўналтириш мақсадида гастротурларга чиқишади. Шундан келиб чиқиб, бу гастрономик турларда энг моҳир бош ошпазлар (шеф-поварлар)дан иборат мастер-класслар бўлиб, бунда улар ўз касбий сирлари билан бажонидил баҳам кўришади. Ниҳоят гастрономик турларда туристик компания вакиллари ўз тижоратини кенгайтириш мақсадида кулинар саёҳатларга чиқишади.
Бугунги кунда аҳоли қатламининг қуйидаги вакиллари гастрономик туристларни ҳосил қилади:
14.1-расм. Гастрономик туристларнинг таркиби
Гастротурлар икки турга: қишлоқ («яшил» деб номланувчи) ва шаҳар гастротурларига бўлинади. Бунинг ўзига хос фарқи шундаки, қишлоқ жойига саёҳатга чиқаётган турист экологик тоза маҳсулотни татиб кўришга йўналтирилгандир. Масалан: «яшил» турларда ўрмонларда ўсиб турган ёввойи меваларни йиғиш, далаларда ўсиб ётган мева ва сабзавотларни йиғиш, рухсат берилган жойларда ов қилиш ва вино ишлаб чиқариш йўллари бўйлаб саёҳатни таклиф қилади. Шаҳар гастротурлари кондитер фабрикасига саёҳатни ёки кичик колбаса цехи, шу цех қошида жойлашган ресторан ва шу ерда тайёрланадиган тансиқ таом цехи маҳсулотлари билан таништирилади.
Бундан ташқари, бизларга бир ҳудуднинг турли-хил таомлари ва бир хил таомни турли хил мамлакатларда тайёрланиши билан ҳам айнан шу гастротурлар таништирадилар. Бу жуда ҳам машҳур бўлган француз, болгар винолари тури бўлиб сайёҳларни узум ишкомлари бўйлаб саёҳатга, узум йиғишга ва винолар татиб кўриш (дегустацияси)га чорлайди.
Голландия, Швейцария ва Италияга пишлоқли турларда саёҳатчилар пишлоқларни энг сара навини татиб кўриши ва пишлоқли ярмаркаларга ташриф буюриши мумкин. Германия, Австрия, Чехия, Белгия бўйлаб пиво турларида бу ичимлик ишқибозларига пивонинг турли хиллигидан ташқари, пиво тайёрланиш хоналари, машҳур пиво барлари ва фестивалларга (масалан: Октоберфест) ташрифи билан ҳам ажралиб туради. Шуни таъкидлаш жоизки, ҳар бир давлатни ўзига хос гастротуризм салоҳияти мавжуддир.
Зеро ҳар бир давлатнинг ўзига хос миллий ошхонаси ва унда бошқа бир мамалакатда такрорланмайдиган, асрлар оша сақланиб келаётган, ўзининг такрорланмас меҳмондўстлиги ва миллий таомлари бўлган ошхонаси мавжуддир. Масалан, Японияда туристлар гид бошловчи ёрдамида уларнинг миллий таоми бўлган «суши»ни тайёрлаш учун маҳсулотлар ҳарид қилишади ва сайёҳлар кўз олдида машҳур бош ошпазлар (шеф-поварлар) томонидан «суши» тайёрланади. Паста назаримизда Италия сарҳадларидан чиқиб кетган жуда ҳам оддий таом бўлиб, кўрингани билан, кулинар саёҳатда турист бу таомни турли хиллиги, унинг такрорланмас таъми ва бир хил рецептда турли хил ошпазлар томонидан тайёрланган пастанинг мўжизавий таъми билан танишади ҳамда уни бир-бири билан қиёслайди.
Ўзбекистонда ҳам турбизнеснинг бу йўналиши бўйича афзалликларини тушунаётган турфирмалар сони тобора кўпаймоқда. Бизда асосан «яшил гастротуризм кенг ривожланади», деган фикрдамиз, чунки, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2012 йил 10 октябрда «Умумий овқатланиш ташкилотлари фаолиятини такомиллаштириш ва ходимлар малакасини ошириш бўйича» Қарори2га асосан Ўзбекистон ошпазлар уюшмаси қошида миллий ошпазлик санъати халқаро Маркази ташкил этилди. Ушбу қарор билан унинг ваколати кенгайтирилди ҳамда мустаҳкамланди. Узоқ тарихга эга анъаналарнинг борлиги ва миллий таомларнинг турли-туманлиги ўзбек ошпазчилигининг хорижий мамлакатларда кенг оммалашишига олиб келиши ушбу ҳужжатда ўз аксини топган. Бунинг учун бизда мавжуд қадимдан шаклланган, экологик тоза ва инсон организмини тетик қиладиган миллий таомларимиз дегустатциясини ташкил қилиш лозим бўлмоқда. Бунда антиқа миллий таомларимиз орқали гастрономия туризмини қишлоқ туризми билан боғлаш имконияти яратилмоқда. Дарҳақиқат, вилоятларда жойлашган қишлоқларда фақат шу жойга хос бўлган тайёрланадиган таомлар мавжуд бўлиб, унинг мазаси ва таркиби бошқа вилоят қишлоқларида такрорланмайди. Айнан шу жиҳати билан бундай таомлар хорижий туристлар ва маҳаллий аҳоли учун ҳам мазали ҳисобланади.
Do'stlaringiz bilan baham: |