14-мавзу. ГАСТРОНОМИЯ ТУРИЗМИНИ РИВОЖЛАНТИРИШ ИСТИҚБОЛЛАРИ
Режа:
14.1. Гастрономия ҳақида тушунча.
14.2. Гастраномия туризмининг турлари, ривожлантиришнинг мақсади ва вазифалари
14.3. Ўзбекистонда гастрономик туризмнинг ривожланиши
14.1. Гастрономия ҳақида тушунча.
Гастрономия-муайян мамлакат ёки минтақанинг маданияти ва озиқ-овқат ўртасидаги муносабатларни ўрганадиган фан. Гастрономик тамойилларга кўра, таом - нафақат санъат, балки фан ҳамдир.
Кўпинча гастрономияни таом пишириш (кулинария) билан чалкаштиришади. Таом пишириш (кулинария) - бу эса ўз навбатида гастрономик фаннинг таркибий қисми, таом ва ичимликларнинг яратилиш жараёни. Гастроном (таом шайдоси) учун таом – бу нафақат тўғри тайёрланган озиқ-овқат маҳсулотларининг жамланмаси ва уни чиройли тақдимоти. Малакали гастрономчи таомни ичидан баҳолайди, унга чуқур қарайди, бу таомнинг пайдо бўлиши ва яратилишига таъсир кўрсатган маданий таъсир, илмий ва тарихий фактларни ўрганади ва тушунтиради.
Таом – инсон ва у яшаётган жамият маданиятининг ажралмас қисми. Миллий ошхонанинг ўзига хос хусусиятлари эса у ёки бу миллат маданиятининг қадимий илдизларини ўзида мужассам этган. Қандайдир таом ёки ичимлик истеъмол қилар экан, киши беихтиёр маълум бир миллат маданияти билан мулоқотга киришади.
Маданиятлараро мулоқот жараёнида овқат ва тановул ўзгани англаш воситаси ҳисобланади. Рус олими А.И.Козловнинг фикрича, жамиятда овқат “табиий” ва “маданий”, “инсоний” ва “илоҳий”, “ўз” ҳамда “ўзга” каби тушунчалар орасида рамзий маъно касб этади. Баъзан бировнинг “мақбул” таомдан воз кечиши, унинг ғайринсоний хислати сифатида қабул қилиниши ҳам мумкин. Умуман олганда, ошхона ва таом – “ўзингники”ни “ўзга”дан фарқлаш, “улар” ва “ўзимиз” орамиздаги чегарани аниқлаб олиш воситасидир (Козлов А.И. Пища людей. – Фрязино: Век 2, 2005).
14.2. Гастраномия туризмининг турлари, ривожлантиришнинг мақсади ва вазифалари
Ҳозирги вақтда гастрономия туризмининг ривожланиши «миллий иқтисодиётга ижобий таъсири, бандликни таъминлаш ва маданий мерос сифатида ҳар томонлама тавсиф» сифатида Жахон туризм ташкилоти (ЖТТ) нинг доимий назоратида ҳисобланади.
Ривожланган давлатлар тажрибасига кўра, гастрономия ва туризм ўртасидаги алоқалар сайёҳлар оқимини кўпайтиришга ёрдам бериши кузатилмоқда. Ваҳоланки, сайёҳликнинг бу тури келаётган меҳмонларнинг сафарини узайтиришга сабаб бўлади.
Мазкур маълумотларни БМТнинг Бутун жаҳон сайёҳлик ташкилоти ҳам тасдиқламоқда. Унга кўра, саёҳатчиларнинг қарийб 80 фоизи гастрономик тадбирлар тақвими ва маҳаллий ошхоналарнинг хусусиятларини ўрганиб чиққандан сўнг, саёҳат режаларини тузишади. Шунингдек, сайёҳларнинг саёҳат давомидаги умумий харажатларининг 30 фоизи овқатланишга сарфланар экан. Гастротуризм маҳаллий маданиятнинг асосий элементи ва ишлаб чиқаришнинг асосини ташкил этади, бунда асосий эътибор Буюк Ипак йўлидаги туристик йўналишларнинг туристик таклифларини такомиллашувини ва миллий ошхонани ривожлантиришга қаратилгандир»1.
Саёҳатга чиқар эканмиз, биз ўз олдимизга одатда қатор мақсадларни қўямиз, жумладан, Синай тоғларига кўтарилиш, Қадимги Миср ва Рим эҳромларини томоша қилиш, Тож Махални бориб кўриш, ёхуд денгиз бўйида мириқиб дам олиш каби мақсадлар билан биргаликда, муҳими асрлар давомида сақланиб келган маҳаллий миллий таомлар таъмидан баҳра олиш ва уларни тайёрланиш маданияти билан танишишдан иборат бўлади.
Do'stlaringiz bilan baham: |