10.5. Асосий воситаларнинг таъмирланиши ҳисоби
Асосий воситалар объектларини таъмирлаш уларни иш ҳолатида сақлаб туриш учун зарур. Ўз вақтида ўтказилган таъмирлаш корхона ишининг бир маромли бўлишини таъминлайди ва иш тўхтаб қолишларини қисқартиради, асосий воситаларнинг хизмат муддатини кўпайтиради. Ишлаб чиқариш хусусиятига эга асосий воситаларни таъмирлаш харажатлари маҳсулот таннархига, маъмурий аҳамиятдаги асосий воситаларники – давр харажатларига киритилади. Таъмирлаш ишлари пудрат ва хўжалик усулларида бажарилиши мумкин. Пудрат усулида уларни ихтисослаштирилган таъмирлаш ташкилотлари бажаради, хўжалик усулида эса, корхона ўз кучи билан чегараланади. Асосий воситаларни таъмирлаш пудрат усулида ўтказилганида нуқсонлар қайдномаси, смета ва шартнома тузилади.
10.6. Асосий воситаларнинг чиқиб кетиши ҳисоби
Асосий воситаларнинг чиқиб кетиши уларнинг тўлиқ эскириши, кейинчалик фойдаланишга яроқсиз бўлиши туфайли, шунингдек сотилиши, бепул берилиши, совға қилиниши, улуш тариқасида бошқа ташкилотларнинг устав капиталига киритилиши, молиявий ижара шартномаси бўйича берилиши, камомад ёки йўқотишлар аниқланиши сабабли амалга ошади. Мулкчилик шакли ва идоравий бўйсунишидан қатъи назар барча корхоналарда асосий воситаларнинг чиқиб кетиши ҳисобда ва ҳисоботда «Асосий воситаларни балансдан ҳисобдан чиқариш тартиби тўғрисида»ги низом (ЎзР АВ томонидан 29.08.2004 йилда 1401-сон билан рўйхатдан ўтказилган)га мувофиқ акс эттирилиши лозим. Асосий воситаларнинг тугатилиши қуйидагилар томонидан амалга оширилади: - давлат корхоналари ва бюджет ташкилотларининг тизим бўлинмалари томонидан - тегишли юқори ташкилотлар рухсати билан; - унитар корхоналари томонидан - мулк эгаси рухсати билан; - бошқа корхона ва ташкилотлар томонидан - мустақил равишда. Асосий воситаларнинг чиқиб кетиши тугатиш далолатномаси билан расмийлаштирилади, унда асосий воситанинг бошланғич қиймати, эскириш суммаси ёзилади ва тугатиш бўйича натижалар ҳисоб-китоби тузилади. Ушбу далолатнома асосида инвентарь варақаси ёпилади ва архивга топширилади, бу ҳақда асосий воситаларнинг инвентарь рўйхатида ёзув қайд этилади. Асосий воситаларнинг чиқиб кетиши ҳисоби 9210-«Асосий воситаларининг чиқиб кетиши» счётида юритилади. Ушбу счётнинг дебетида бошланғич қиймат ва тугатиш бўйича харажатлар, кредитида эса - чиқариш кунига ҳисобланган эскириш суммаси ва тугатишдан олинган даромад ҳисобга олинади. Асосий воситалар объектларининг чиқиб кетишидан кўрилган молиявий натижани (фойда ёки зарарни) аниқлашда илгари қайта баҳоланган асосий воситалар объектларини қўшимча баҳолаш суммаси, мазкур асосий воситалар объектини илгариги қўшимча баҳолашлар суммасининг илгариги арзонлаштиришлар суммасидан ошиб кетиши 8510-«Мулкни қайта баҳолаш бўйича тузатишлар» счёти бўйича захира капиталини бирйўла камайтириш билан асосий воситаларнинг чиқиб кетишидан олинган даромад таркибига киритилади. 9210-счёт бўйича дебет ва кредит айланмаларини таққослаш билан асосий воситаларни ҳисобдан чиқариш, чиқиб кетишидан молиявий натижа аниқланади. Агар 9210-счёт бўйича дебет айланмалари унинг кредит айланмаларидан катта бўлса, фарқ корхона зарарини ташкил қилади ва 9430-«Бошқа операцион харажатлар» 129 счётига киритилади. Агар кредит айланмалари 9210-счёт бўйича дебет айланмаларидан катта бўлса, фарқ фойдани ташкил қилади ва 9310-«Асосий воситаларнинг чиқиб кетишидан фойда» счётига ҳисобдан чиқарилади.
Do'stlaringiz bilan baham: |