10-БОБ. АСОСИЙ ВОСИТАЛАР ҲИСОБИ 10.1. Асосий воситалар тушунчаси ва уларни баҳолаш Асосий воситалар - корхона томонидан узоқ муддат давомида хўжалик фаолиятини юритишда маҳсулот ишлаб чиқариш, ишларни бажариш ёки хизматлар кўрсатиш жараёнида ёхуд маъмурий ва ижтимоий-маданий вазифаларни амалга ошириш мақсадида фойдаланиш учун тутиб туриладиган моддий активлар.. Асосий воситалар таркибига қуйидаги мезонларга бир вақтнинг ўзида жавоб берадиган моддий активлар киритилади:
а) бир йилдан ортиқ хизмат муддати
б) бир бирлик (тўплам) учун қиймати Ўзбекистон Республикасида (харид пайтида) белгиланган базавий ҳисоблаш миқдорининг эллик бараваридан ортиқ бўлган буюмлар.
Корхона раҳбари ҳисобот йилида буюмларни асосий воситалар таркибида ҳисобга олиш учун улар қийматининг энг кам чегарасини белгилашга ҳақли. Асосий воситалар актив сифатида тан олинади, агар
а) корхонага келгусида актив билан боғлиқ иқтисодий фойда келиб тушишига ишонч бўлса;
б) актив қийматини аниқ баҳолаш мумкин бўлса
Ҳисобга олиш ва ҳисоботда асосий воситалар объекти бошланғич қиймат, қолдиқ қиймат, тиклаш ва тугатиш қиймати бўйича акс эттирилади. Ҳақ эвазига сотиб олинган асосий воситалар объектининг бошланғич қиймати қуйидаги харажатлардан ташкил топади: - активларни етказиб берувчиларга ҳамда шартнома бўйича қурилиш-монтаж ишларини бажарганлик учун пудратчиларга тўланадиган суммалар; 122 - асосий воситалар объектига доир ҳуқуқни сотиб олиш (олиш) муносабати билан амалга оширилган рўйхатдан ўтказиш йиғимлари, давлат божлари ва бошқа шунга ўхшаш тўловлар; - божхона божлари ва йиғимлари; - асосий воситалар объектларини сотиб олиш (барпо қилиш) муносабати билан солиқлар ва йиғимлар суммалари (агар улар қопланмаса); - асосий воситалар объектларини сотиб олиш (барпо қилиш) билан боғлиқ ахборий ва маслаҳат хизматлари учун тўланган суммалар; - асосий воситалар объектларини етказиб бериш (барпо қилиш) хатарини суғурталаш бўйича харажатлар; - асосий воситалар объектини сотган воситачиларга тўланадиган ҳақлар; - асосий воситаларни ўрнатиш, монтаж қилиш, созлаш ва ишга туширишга оид харажатлар; - активдан мўлжал бўйича фойдаланиш учун уни ишчи ҳолатга келтириш билан бевосита боғлиқ бошқа харажатлар. Кредитдан фойдаланганлик учун фоизларни тўлашга доир харажатлар қарзга олинган капитал ҳисобидан буткул ёки қисман сотиб олинган асосий воситаларнинг бошланғич қийматига киритилмайди. Қурилиш даврида қурилиш учун олинган узоқ муддатли кредит бўйича ҳисобланган фоизлар барпо этилган асосий воситаларнинг бошланғич қийматига киритилади. Корхонанинг ўзида тайёрланган асосий воситаларнинг бошланғич қиймати деб асосий воситаларнинг мазкур объектларини тиклаш (қуриш, қуриб битказиш) бўйича ҳақиқий харажатлар суммаси тан олинади. Корхона томонидан текинга (ҳадя шартномаси бўйича) олинган асосий воситаларнинг бошланғич қиймати деб олиш харажатларини ҳисобга олган ҳолда бухгалтерия ҳисобига қабул қилинган санадаги уларнинг жорий қиймати тан олинади. Бухгалтерия ҳисобига қабул қилинган асосий воситаларнинг бошланғич қийматини ўзгартиришга асосий воситаларнинг тегишли объектлари қуриб битказилган, қўшимча жиҳозланган, реконструкция қилинган, замонавийлаштирилган, техник қайта қуроллантирилган, қисман тугатилган ва улар қайта баҳоланган ҳолатларда рухсат этилади. Бошланғич қийматини ўзгартиришга асосий воситаларнинг тегишли объектлари қуриб битказилган, қўшимча жиҳозланган, реконструкция қилинган, замонавийлаштирилган, харажатлар активдан кутилаётган фойдани оширса ва ундан фойдаланиш натижасида иқтисодий нафни оширишга имкон берган ҳолатларда рухсат этилади. Асосий воситаларни харид қилиш, ўрнатиш, замонавийлаштириш, реконструкциялаш бўйича харажатларни уларнинг бошланғич қийматига ўтказиш капиталлаштириш деб аталади. Асосий воситаларнинг ишлаш қобилиятини тиклаш бўйича жорий ва капитал таъмирлашга оид ҳар қандай бошқа харажатлар жорий харажатлар сифатида кўрилиши ва капиталлаштирилмаслиги лозим. Асосий воситалар фойдаланиш давомида эскириб боради, натижада уларнинг бошланғич қиймати камаяди. Объектларнинг ўз физик ва техник-иқтисодий хусусиятларини йўқотишининг пулдаги ифодаси асосий воситалар эскириши (амортизацияси) деб аталади. Эскириш алоҳида ҳисобга олинади. Қолдиқ (баланс) қиймат - жамланган эскириш суммасини чегирган ҳолда асосий воситаларнинг бошланғич қиймати. Вақт ўтиши билан асосий воситаларнинг бошланғич қиймати улар қийматининг ошиши, шунингдек инфляция муносабати билан кўпайиши мумкин. Шунинг учун вақти-вақти билан асосий воситаларни қайта баҳолаш ва уларнинг тиклаш қийматини белгилаш зарурати пайдо бўлади. Тиклаш қиймати (қайта бахолашдан кейинги қиймат) – асосий воситаларнинг ҳозирги нархлар шароитидаги қийматидир. У ҳукумат қарорига кўра ўтказиладиган қайта баҳолаш натижасида шаклланади. Жорий қиймат – асосий воситаларнинг маълум санадаги амал қилаётган бозор нархлари бўйича қиймати ёки активни алмаштириш мумкин бўлган сумма. Бозор қийматини аниқлашда тайёрлов ташкилотларидан ёзма равишда олинган шунга ўхшаш маҳсулотларнинг нархлари тўғрисидаги маълумотлардан; давлат статистика идоралари, савдо инспекциялари ва ташкилотларида нархлар даражаси тўғрисида мавжуд бўлган маълумотлардан; оммавий ахборот воситалари ва махсус адабиётда чоп этилган нархлар тўғрисида маълумотлардан; асосий воситалар алоҳида объектлари нархлари тўғрисида эксперт хулосаларидан фойдаланиш мумкин. Тугатиш (ликвидацион) қиймати - асосий воситаларнинг чиқиб кетиши бўйича кутилаётган харажатларни чегирган ҳолда кутилаётган фойдали хизмат муддати охирида асосий воситаларни тугатиш чоғида олинадиган активларнинг фараз қилинаётган суммаси. 123