10.4. Асосий воситаларни қайта баҳолаш ҳисоби Асосий воситаларни қайта баҳолаш «Асосий воситаларни ҳар йили 1 январь ҳолатига кўра қайта баҳолаш тартиби тўғрисида»ги низом (ЎзР АВ томонидан 04.12.2002 йилда 1192-сон билан рўйхатдан ўтказилган) қоидалари бўйича: - ҳар йили ташкилотлар томонидан, микрофирма ва кичик корхоналардан ташқари; - уч йилда бир марта микрофирма ва кичик корхоналар томонидан (1 февралгача) 1 январь ҳолатига кўра қайта баҳолаш ўтказилаётган пайтдаги нархлар даражасидан келиб чиқиб амалга оширилиши лозим. Барча асосий воситалар, ўрнатиш учун ускуналар, тугалланмаган қурилиш объектлари, узоқ муддатли ижарадаги асосий воситалар, яъни техник ҳолатидан қатъий назар, фойдаланишда бўлган ва фойдаланишда 127 бўлмаган, консервацияда бўлган, ҳисобдан чиқаришга тайёрланган, лекин чиқариш далолатномаси билан расмийлаштирилмаган, шунингдек тугалланмаган қурилиш ва ўрнатишга мўлжалланган ускуналар корхона мулкчилигида, тезкор бошқарувида ва узоқ муддатли ижарада бўлган асосий воситалар қайта баҳоланиши лозим. Хўжалик юритувчи субъектнинг ҳоҳишига кўра асосий воситалар қуйидаги икки ҳил усул билан қайта баҳоланиши мумкин: - тўғридан-тўғри қайта баҳолаш усули аниқроқи ҳисобланади, чунки у объектларнинг жорий қиймати ҳақидаги аҳборотдан келиб чиқади. Бу аҳборот эса баҳоланадиган объектга ўхшаш объектнинг қайта баҳолаш даврида 1 январь ҳолатига шаклланган ҳужжатлар билан тасдиқланган алоҳида объектлар қиймати ҳақидаги; ишлаб чиқарувчи заводлардан, савдо қилувчи ташкилотлардан ёзма равишда олинган нархлар ҳақидаги; давлат органларида мавжуд бўлган нархлар даражаси ҳақидаги, шунингдек асосий фондлар объектларининг нархлари ҳақидаги оммавий аҳборот воситаларида ва махсус адабиётларда чоп этилган экспертлик хулосалари маълумотларига асосланади; - бошланғич (тиклаш) қийматини индексациялаш усули. Бу усул бўйича алоҳида объектлар Ўзбекистон Республикаси Статистика давлат қўмитаси томонидан ишлаб чиқиладиган асосий воситалар қиймати ўзгариши индексларини қўллаган ҳолда қайта баҳоланади. Бухгалтерия ҳисобида юқорида қайд этилган қайта баҳолаш усулларини қўллаш йўли орқали асосий воситалар баланс қийматининг уларнинг тиклаш қийматигача ошиши (камайиши) асосий воситалар, узоқ муддатли ижара шартномасига мувофиқ олинган асосий воситалар, ўрнатиш учун ускуналар, капитал қўйилмаларни ҳисобга олувчи счётлар дебети (кредити) бўйича заҳирадаги капитални ҳисобга олувчи счёт билан корреспонденцияланган ҳолда акс эттирилади. Асосий воситалар тўғридан-тўғри усул билан қайта баҳоланганда бухгалтерия ҳисобида ҳисобда турувчи эскириш суммасига қайта баҳолангандан кейинги тиклаш қийматининг қайта баҳолашдан олдинги қийматга нисбати билан ҳисобланадиган қайта ҳисоблаш коэффициенти бўйича тузатиш киритилади. Асосий воситалар индексациялаш усули билан қайта баҳоланганда қайта баҳолаш санаси ҳолатига ҳисобда бўлган эскириш суммаси (тўлиқ эскириш ҳисобланган объектлар ҳам бунга киради) тиклаш қийматигача қайта ҳисоблашда асосий фондлар қиймати ўзгаришининг тегишли индексларига кўпайтирилиши лозим. Тузатиш киритилган эскириш суммаси билан қайта баҳолашгача бўлган эскириш суммаси ўртасидаги фарқ асосий воситаларнинг эскиришини ҳисобга олувчи счётлар кредитида (ошган тақдирда) ва дебетида (камайган тақдирда) захира капиталини ҳисобга олувчи счётлар билан корреспонденцияланган ҳолда акс эттирилади.