Персонални бошқариш хизматлари корхонада персонал билан иш олиб борувчи асосий бўғиндир. Ишлаб чиқаришда инсон омилининг ортиши, хозирги бозор шароитида рақобатнинг кучайиши, молиявий муваффақиятга эришиш зарурати персонални бошқариш хизматларининг роли ва ахамиятини кучайтириб юборади.
Самарали фаолият кўрсатаётган компания ва фирмалар бугунги кунда инновация стратегиялари, янги махсулот турлари, ташкилий тузилмалар яратиш билан инсон ресурсларини бошқариш, мехнат салохиятини ривожлантириш услублари ўртасидаги мавжуд узилишларни бартараф этишга энг асосий масала сифатида қарамоқдалар. Муаммони ижобий хал этиш кўп жихатдан персонални бошқариш хизматига боғлиқ бўлиб қолади.
Иқтисодиётда рўй бераётган ўзгаришлар анъанавий кадрлар бўлимларининг функциялари йўқ бўлиб кетади, деган маънони бермайди. Ишга қабул қилиш, кадрларни тайёрлаш, иш хақи, ижтимоий имтиёзларни тақсимлаш масалалари бундан буён хам персонални бошқариш хизмати функцияларида асосий ўринларни эгаллаши аниқ. Шу билан бир қаторда, бу функцияларни амалга ошириш шакл ва услубларида сифат жихатидан ўзгаришлар қилиш хам хаётий заруратга айланмоқда.
Персонални бошқариш хизматлари жахондаги етакчи компаниялар ва фирмаларда корхонанинг асосий бўлинмаси хисобланади. Амалиётда улар зиммасига қуйидаги вазифалар юклатилган:
— компания ёки фирмани юқори малакали ва манфаатдор ходимлар билан таъминлаш;
— персонални ишга қизиқтириш тизимларини такомиллаштириш;
— персоналнинг барча тоифаларини ўз мехнатидан қониқиш хосил қилиш даражасини ошириш;
— персонал малакасини ошириш ва касбий таълим тизимини ривожлантириш ва юксак даражада ушлаб туриш;
— қулай маънавий мухитни сақлаш;
— ходимлар ва рахбарият учун ўзаро фойда келтиришини кўзлаган холда персонални корхона ичида алмашинувларини бошқариш;
— мартабани режалаштириш;
— персонал ижодий фаоллигини ошириш, компания ёки фирма инновация режаларини амалга оширишда кўмаклашиш;
— персонал фаолиятини бахолаш ва бошқарув персоналини аттестациядан ўтказиш услубларини такомиллаштириш.
Персонални бошқариш хизмати ва менежерлар корхона (фирма) учун кадрлар танлар экан, уларда рўй бераётган ўзгаришларни (оилавий ахвол, функциялари ўзгартирилган холда хизмат вазифаларининг ўзгартирилиши ва хоказоларни) хам хисобга олишни талаб этади.
Персонални ўқитиш, малакасини ошириш ёки қайта тайёрлашда ходимларни чет элларда стажировкадан ўтказишни кўзда тутиш, фаолият йўналиши бўйича зарур махсус адабиётлар, видео ва аудио материаллар билан таъминлашни хам талаб этади.
Персонални самарали мехнат қилиши, уларга яратилган қулай шароитлар (психологик мухит, қулай иш жойи, транспорт, овқатланиш ва хоказолар)га боғлиқлигини хисобга олган холда рахбариятга ишчи, хизматчиларнинг маиший шароитини яхшилаш юзасидан тегишли тавсиялар тайёрлаши керак бўлади. Ижтимоий масалаларга эътибор катта бўлган компания ва фирмаларда персоналнинг сихат-саломатлиги, уй-жой шароитлари хақида ғамхўрлик қилинади, ходимларни туғилган куни билан табриклаш, байрамларда coвғa бериш, турли имтиёзлар (масалан, нуфузли курортларга имтиёзли йўлланмалар) бериш хам анъанага айланади.
Персонални бошқариш хизматй ходимларга маъмурият билан шартномалар тузишда ёрдам беради. Шунингдек, ташқи ташкилотлар — мехнат инспекциялари, хуқуқ-тартибот идоралари, юқори ташкилотлар, тармоқ касаба уюшмалари, таълим муассасалари, махаллий хокимият идоралари ва бошқалар билан алоқада бўлиши хам хизмат вазифалари хисобланади.
Кўпгина кичик хусусий ва оилавий корхоналар персонални бошқариш хизматига эга эмас, бу вазифани ушбу корхона эгаси бажаради. Кичик фирмалар иш хажми ортгандан сўнг хисоб-китоб ва идора ишларини олиб бориш учун ходим ёки мутахассис ёллайди.
Бугунги амалиётда персонални бошқариш бўйича мутахассисга эхтиёж ходимлар сони 100 — 150 тага етганда туғилишини кўрсатади. Корхона фаолиятига қараб ундаги жамоа аъзолари сони 200—500 кишига етганда, одатда, персонал хизмати ташкил қилинади.
Унча катта бўлмаган фирмаларда (100 — 200 киши) кадрлар хизмати таркиби 1 — 2 мутахассис (шу жумладан, хизмат рахбари), 1 — 2 ёрдамчи ходимдан иборат бўлади. Персонал миқдори 201 — 300 бўлганда 2 — 3 мутахассис ва 2 та ёрдамчи ходимни ташкил этади. Персонал сони 500 тагача компанияларда хизмат рахбари 1 — 4 мутахассис ва 2 — 3 ёрдамчи ходим билан ишлайди. Ишлаб чикаришда банд бўлганлар 1000 кишини ташкил этса, кадрлар хизмати 10 — 13 кишидан, шу жумладан, рахбар, 5 — 6 мутахассис ва деярли шунча ёрдамчи ходимлардан иборат бўлади. Персонал 2,5 минг кишига етганда эса кадрлар хизмати 17—18 мутахассис ва рахбар, 15 тага яқин техник ходимни ташкил қилади.
Хозирги вақтда амалда бўлган меъёрлар 1 минг кишилик мехнат жамоасига 10 нафар персонални бошқариш ходимининг тўғри келишини кўрсатмоқда. Одатда, уларнинг 6 таси махсус олий маълумотга, 4 таси тўлиқсиз олий маълумотга эга бўлиши талаб қилинади.
Персонални бошқариш хизмати функциялари хар бир корхона фаолиятига боғлиқ. Шундай бўлсада, одатда уларнинг функцияли тузилмаси (4.14- расм) қуйидагича бўлади:
Бу тузилмада кадрлар бўлими:
— персонални ёллаш ва танлаш, шу жумладан, уларни тест синовидан ўтказиш;
— янги ходимларни хизмат вазифасига жойлаштириш;
— хизматни ўташ ва хизмат вазифасида кўтарилишини режалаш;
— фаолиятни бахолаш;
— касбга йўналтириш;
— ишдан бўшаётганлар билан сухбат ўтказиш функцияларини бажаради.
Do'stlaringiz bilan baham: |