Кредит берувчилар жумладан, кредит ажратувчи банклардир. Улар ажратаётган кредитлари учун иложи борича кўпроқ фоиз олишдан манфаатдорлар. Айни пайтда улар ажратилган кредит учун тўловлар (фоизлар ва қарзни қоплаш) ўз вақтида амалга оширилишини хамда кутилмаган ходисалар учун ишонарли кафолатларни кутадилар. Кредит берувчилар катта миқдорда кредит ажратилганда фирма менежерлари тўғрисида ахборот олиш ва уларга таъсир кўрсатишдан манфаатдорлар.
Зарур товарларни етказиб берувчилар фирма билан узоқ муддатли ва манфаатли алоқалар ўрнатишга, иложи борича камроқ харажат қилиб, кўпроқ даромад оладиган шартномаларга эришишга харакат қиладилар.
Корхона менежерлари мустақил гурух сифатида фақат менежерлар ташкилотида ахамият касб этадилар. Улар принцип жихатидан ўзлари манфаатларини химоя қиладиган акциядорларнинг манфаатларини қондириш истагидалар. Менежерлар ишлаб чиқариш манфаатлари билан бир қаторда ўз манфаатларини (мустақиллик, хокимият, эътироф, карьера) хам кўзлайдилар.
Сармоя эгалари корхона мулкдорлари хисобланадилар. Улар, бир томондан, корхонага қўйилган сармояни сақлаш ва кўпайтиришдан, иккинчи томондан фойда (дивиденд) олишдан манфаатдорлар. Бу интилишлар корхонага фойда келтиришга қаратилган. Фойда даромад ва харажат айирмасининг қолдиғи эканлиги сабабли улар даромад юқори, харажат кам бўлишига интиладилар. Фойдадан фойдаланиш (дивиденд тақсимланиши)да уларда шахсий истеъмоллари хохишига қараб турлича қарашлар бўлади. Сармоя эгалари корхона фаолиятига доир ўзлари қарор қабул қилишлари ёки бу ваколатни менежерларга беришлари мумкин.
Персонал (ёлланма ишчилар) ўз иш жойи муқим бўлиши, иложи борича юқори иш хақи олиш, ижтимоий кафолатлар, яхши мехнат шароити хамда ўз корхонасининг нуфузидан манфаатдор. Шунингдек, ўз қобилиятларини намоён этиш имконияти ва шахсий эътироф этилиш хам улар қизиқишлари доирасига киради. Ходимлар манфаатларини касаба уюшмалар хамда корхонадаги ёлланма ишчиларнинг ваколатли органлари химоя қиладилар.
Мижозлар (мехнат фаолияти натижаси, истеъмолчилари) улар учун зарур бўлган сифатли ва арзон махсулотларни ўзлари учун манфаатли шартлар билан олишни хохлайдилар. Улар учун товарларнинг хилма-хил бўлиши ва яхши хизмат кўрсатилиши хам мухимдир.
Жамоатчилик (масалан, оммавий ахборот воситалари, партиялар, бирлашмалар, фуқаро йиғинлари ва хоказолар) гурухлараро манфаатлар химоячилари сифатида майдонга чиқадилар. Улар учун ишлаб чиқаришнн ривожлантириш билан бир қаторда инсонлар сихат-саломатлиги, атроф-мухитнинг ифлосланмаслиги каби масалалар хам мухимдир.
1.1-жадвал.
Do'stlaringiz bilan baham: |