№ 2. Мавзу: Оиланинг вазифалари ва структураси
Оила инсонларнинг табиий-биологик никоҳ, қон-қариндошлик, иқтисодий, ҳуқуқий, маънавий муносабатларга асосланган турмуш бирлиги ва ўзаро жавобгарлик орқали боғланган ижтимоий гуруҳдир. Бу оиланинг бугунги шаклига берилган мукаммал илмий таърифдир. Оила – жамият тараққиётининг маҳсули сифатида ўзининг пайдо бўлиш, ривожланиш тарихига эга. Оиланинг дастлабки шакли ибтидоий жамоа даврида пайдо бўлган. Маълумки, ибтидоий жамоа тузуми биринчи босқичида – инсонлар тўда-тўда бўлиб яшаганлар. Улар орасидаги жинсий муносабатлар тартиб-қоидага эга бўлмаган. Бир нечта эркак ва бир нечта аёл фарзандлари билан оила бўлиб яшаганлар. Оиланинг бундай шакли фанда – полигамия (кўп никоҳлилик) деб аталади. қулдорлик даврида эса жамият тараққиётида юз берган ижтимоий-иқтисодий ўзгаришлар асосан хусусий мулкнинг пайдо бўлиш натижасида оиланинг таркиби ҳам, шакли ҳам ўзгарди. Деҳқончилик ва чорвачиликнинг ривожланиши ижтимоий ишлаб чиқаришда эркаклар қадрини оширди. Моддий маҳсулотлар яратишда эркаклар улуши юқори бўла бошлади. Натижада оила ҳуқуқига асосланган патриархал оила вужудга келди. (эркаклар устунлилиги). Энди бир эркак оила бошлиғи бўлиб, у хотинлари, фарзандлари ва қуллари билан бир оила бўлиб яшардилар. Бундай оилалар кўп хотинлилик, яъни – полигиния асосида ташкил бўлган – полигамия оила шакли билан моногам (бир никоҳли) ўртасидаги оралиқ оилаларни ташкил этганлар.
Қулдорлик давридан феодализмга ўтиш, ҳамда феодал ишлаб чиқариш муносабатларининг ривожланиши оиланинг моногам, яъни якка никоҳлилик кўринишининг пайдо бўлиши асос бўлган. Ушбу даврда хўжалик юритишда ота-она фарзандлари, невара-чеваралари билан иштирок этишган. Капиталистик ишлаб чиқариш шароитида эса йирик-йирик саноат корхоналарининг пайдо бўлиш натижасида майда деҳқон хўжаликлар, майда ҳунарманд оилалар инқирозга учради. Болаларнинг меҳнатидан фойдаланиш, уларга ишчи кучи сифатидаги талаб аста-секин камайиб боради. Кўп бўғинли катта оила бўлиб яшаш ҳоллари йўқола бошлади. Ва оиланинг янги тузилиши эр-хотин ва болалардан иборат бўлган нуклеар оила ва кабилар. Оиланинг бугунги шаклида оила аъзолари бир-бирлари билан умумий турмуш, иқтисодий-мулкий, маънавий, ҳуқуқий, психологик муносабатлар ўзаро жавобгарлик ҳис туйғулари билан боғланиб турадилар. Оилада ҳар бир оила аъзосининг ўз ижтимоий ўрни бор. Оила асосини эр-хотин ташкил этади , лекин оилада эр-хотин, уларнинг фарзандлари, ота-оналари, опа-сингиллари, ака-укалари ва бошқа қариндошлари яшаши мумкин. Оила ташкил топишига, унда яшаётган оила аъзоларининг ижтимоий ўринга қариндош-уруғлик муносабатларига, миқдорига қараб, бир нечта турларга бўлинади. Никоҳ бирлигига кўра оилалар икки турга бўлинади: полигам ва моногам.
Оиланинг энг кўп тарқалган тури нуклеар оила бўлиб, унда эр-хотин турмуш қурмаган фарзандлари билан яшайди. Агарда биронта фарзанди турмуш қуриб, шу оилада яшаса, бундай оилалар мураккаб оила ҳисобланади. Мураккаб оилада икки ва ундан ортиқ оила яшайди. Агар оилада эр-хотин ҳаёт бўлса ва бирга яшаса, бундай оила – тугал ёки тўлиқ оила дейилади. Уларнинг бири оилада яшамаса ёки вафот этган бўлса, бундай оила тугалмас ёки нотўлиқ оила дейилади. Оила аъзоларининг қайси ижтимоий гуруҳга мансублигига кўра ишчилар, хизматчилар, зиёлилар, колхозчилар оиласи ва ҳоказолар бор. Оила аъзоларининг миқдорига кўра оилалар шартли равишда уч турга бўлинади:
Кичик оилалар (2-4 киши).
Ўрта оилалар (5-6 киши).
Катта оилалар (7 ва ундан ортиқ).
Do'stlaringiz bilan baham: |