Эркакларда идеал камроқ даражада тасаввур этилади. Бунда институционал тузилма тўлиқ такрорланади, турмушга оид структура иккита кўрсаткичга эга - дўстона майл ва мажбуриятларнинг оқилона тақсимлангани билан ифодаланади, шахслараро тузилма эса мавжуд бўлмайди30.
Демак, никоҳ идеали аёллар ва эркакларда ўзаро фарқли бўлади. Аввало, шуни таъкидлаш зарурки, узоқ давом этмаган никоҳ амалиёти даврида никоҳ тимсоли ноаниқ бўлади. Кам муддатли никоҳ стажига эга бўлган эркаклар никоҳни севги билан тенглаштиришади, севгини эса «руҳ ва жисм» бирлиги деб қабул қилишади. Ёш аёллар романтика соҳасида ёш эркаклардан қолишмасаларда, уларда севги жисмоний иштиёқ билан бевосита боғланмайди.
Оилавий ҳаётнинг дастлабки даврида тимсол янгича ҳақиқатга ўтади. Кейинчалик, тасаввурлар ўз ичига институционал, турмушга оид ва шахслараро компонентларни олиб ҳамоҳанглашади. Бунда эр-хотинлик қадриятларига урғу берилади. Никоҳдан қониқмаслик болажонликнинг идеаллаштирилишига олиб келади, эр-хотинлар низоли вазиятдан чиқишни фарзандлар олдидаги бурчни бажариш билан боғлайдилар. Бу айниқса ўзбек оилаларига хосдир.
Никоҳ тўғрисидаги тасаввурлар оилада шаклланаётган муносабатларга боғлиқдир. Турмушдаги ўзаро таъсирлар мобайнида эр ва хотин ўз моделларини амалга оширишга ҳаракат қилишади, бироқ бунда бир қатор муаммоларга, яъни моддий, эмоционал-руҳий ва сексуал қийинчиликларга учрайдилар. Никоҳдан субъектив қониққанлик кўп жиҳатдан ўз қадрият ва талабларини турмуш ўртоғининг шу каби тушунчаларни англашини ва улар билан мослашишини исташ имкониятларига боғлиқ бўлади. Шунинг билан биргаликда, эр-хотинларнинг ҳар бирининг индивидуал қадриятлари, эҳтиёжлари ва қизиқишларини амалга ошириш ҳам муҳимдир.
Тадқиқотлар кўрсатишича, аёлларда никоҳдан қониққанлик биринчи навбатда эр билан психологик ва руҳий мослик натижасида юзага келади. Кейинги ўринда индивидуал (шахсий) эҳтиёжларнинг қондирилиши, эр томондан хотиннинг қариндошларига нисбатан аниқ муносабатлар, кундалик турмушдаги мослашиш туради.
Ҳар бир жуфтлик бу борада ўзларининг маълумотлилик даражалари, маданий қадриятларидан келиб чиққан ҳолда шахсий мезонларини ишлаб чиқишади. Оиланинг турли босқичларида кундалик турмушдаги ва психологик мослик турлича аҳамиятга эга бўлади. Улар биринчи босқичда норасмий муносабатлардан институционаллашган муносабатларга ўтишда алоҳида ўринга эга бўлишади. Кейинчалик бу томонлар аёллар учун зарурий бўлиб қолсада, улар кейинги ҳолатда бўлади ва фақатгина турмуш қийин кечаётгандагина ўз долзарблигини қайта касб этади. Демак, турмуш иттифоқининг дастлабки босқичида аёлларда қониққанлик, аввало, тарангликнинг бўлмаслиги асосида шаклланса, кейинги йилларга ўтиб, қониққанлик аввало ички қадриятларнинг ҳамоҳанглигига боғлиқ бўлади.
Эркаклардаги никоҳдан қониққанлик, аниқланишича, турмуш ўртоғи билан бўлган психологик мослик ва унинг сексуал намоён этилишига боғлиқ.
Эркак ва аёлларда ўзаро қониқиш ҳосил қилинган муносабатлар психологик, руҳий ва сексуал мослик; эр-хотиннинг ўзига хосликларини рағбатлантириш ва ўзаро ёқтириш туфайли шаклланади. Демак, қадриятларнинг мослаштирилиши натижасида индивидуал оиланинг белгиланган ривожланиш босқичида зарур бўлган мослашиш ўчоқлари танланиб, йўналтириб турилади. Агар дастлабки босқичларда асосий ўринни мослашиш элементлари эгаллашса, кейингиларида шахс ва ўз-ўзини исботлаш имкониятлари қадриятлари муҳим аҳамият касб этади.
Хулосалар:
1. Никоҳолди муносабатлари ўзбек халқи маънавиятида муҳим ижтимоий-ахлоқий аҳамиятга эга ходисадир.
2. Никоҳолди муносабатлар қатъий меъёрлаштирилган тамойиллар доирасида амалга оширилади.
3. Ижтимоий онг тараққиёти амалдаги никоҳолди муносабатлар тизимининг замондан ортда қолаётганлигини кўрсатмоқда.
4. Амалдаги никоҳолди муносабатлар ҳолатидан эркак томон умумий қониқиш даражасида эканлиги аниқланди.
5. Социологик сўров натижаларига кўра никоҳолди муносабатлар қиз томонни етарли даражада қониқтирмаслиги, уларда ўзаро муносабатларни «танишиш» босқичидан «дўстлашиш» даражасига кўтаришга мойиллик мавжудлиги аниқланди.
Do'stlaringiz bilan baham: |