2.2. Никоҳолди омиллари ва уларнинг оила мустаҳкамлигига таъсири.
Оилани бинога қиёс қилсак, шубҳасиз унинг пойдевори бўлиб никоҳ ҳисобланади. Бинонинг пойдевори мустаҳкам бўлиши эса унинг бунёдкорларига боғлиқ. Шу маънода никоҳни мустаҳкам жойда барпо эта олган инсонларнинг оиласи мустаҳкам ва барқарор бўла олади.
Адабиётда никоҳолди омиллари у ёки бу никоҳнинг юзага келишига асос бўлувчи ижтимоий, иқтисодий, биологик, физиологик, маънавий, ахлоқий ва психологик омилларни ўзида мужассамлаштирувчи омиллар комплекси, аввало оила қураётган ёшларнинг ҳаётга етилганлик даражаси, оилавий ҳаёт ва никоҳ талабларига жавоб бера олиш қобилияти сифатида баҳоланади21.
Ёшларнинг никоҳга етуклик тушунчаси муаммони ёритишда муҳим ҳисобланади. Лекин, умуман “етуклик” тушунчасининг ўзи мураккаб бўлганлиги сабабли мутахассис олимлар никоҳга етуклик масаласида умумэътироф этилган бир тўхтамга келишганларича йўқ. Масалан, ёшларнинг “интеллектуал етуклиги”, “касбий етуклиги”, “маълумот жиҳатидан етуклиги” ва шу каби атамаларни ишлатиш мумкин. Лекин, никоҳга кириш – бу бирор бир университетга имтиҳон топшириш ва уни битириб махсус дипломга эга бўлиш дегани эмас. Никоҳга етуклик – бу умуман ҳаётга етукликнинг ўзига хос кўринишидир. “Олим бўлиш осон, одам бўлиш қийин” деганларидек, оилавий ҳаётга тайёр бўлиш инсоннинг шахс сифатида етилишини талаб этади. Лекин, умуман никоҳга етукликнинг маълум бир илмий меъёрлари аниқланганми, деган савол туғилиши табиий. Адабиётда озми-кўпми асосланган ёндошувларга таянган ҳолда никоҳ олди омилларининг турлича шакллари, кўринишлари ҳақидаги фикрларни жамлаб бу омиллар қаторига қуйидагиларни киритиш мумкин:
-ёшларнинг оилавий ҳаётга тайёрлиги;
-оила қуриш мотивлари;
-оила қуришгунларига қадар бир-бирларини таниш муддати шартлари ва шароитлари;
-бўлғуси оилавий ҳаёт ҳақидаги тасаввурлар ва б.22
Мутахассисларнинг таъкидлашича, бу омилларнинг ҳар бири ўз навбатида яна бир қанча турларга фарқланиши мумкин. Масалан, никоҳга етуклик дейилганда оила қурувчи ёшларнинг жисмоний (физиологик), жинсий, ҳуқуқий, иқтисодий, маънавий-ахлоқий ва психологик каби етуклик жиҳатлари тушунилади ва буларнинг орасида баъзилари аниқ белгиларга эга бўлса, бошқалари мураккаб кўрсаткичларга эга эмас23.
Бир сўз билан айтганда, ёшларнинг никоҳга етуклик даражасини кўрсатадиган кўрсаткичлар-фуқаролик, касб-ҳунар, ижтимоий-иқтисодий, жинсий, маънавий, психологик етуклик, бир сўз билан айтганда, тўлақонли шахс сифатидаги етуклиги оиланинг кейинги барқарорлигини белгилаб беришда муҳим аҳамиятга эга.
Етукликнинг ушбу жиҳатларига муҳим эътибор қаратиш зарурлиги исбот талаб қилмайди. Фарзандларга ҳуқуқий билимларни бериш, касб-ҳунар бўлишига эътибор қаратиш, ўзини ва ўз оиласини моддий жиҳатдан мустақил таъминлай оладиган даражада камол топтириш ҳар кунгидан ҳам бугун долзарб масала бўлиб турибди.
Ўзбек оилаларида шу пайтгача ёшларнинг оила қуришларида уларнинг иқтисодий жиҳатдан мустақиллиги масаласига алоҳида аҳамият берилмай келинди. Ҳаётимизга бозор муносабатларнинг кириб келиши билан бу нарса яққол кўзга ташлана бошлади. Натижада ҳозиргача кўплаб ёш оилалар ота-онаси оиласидан моддий мустақилликка эриша олмай, уларнинг ёрдамига кўз тикиб яшаш ҳоллари йўқ эмас. Бу эса нафақат уларнинг оиласи учун зарар бўлиб қолмай (бу ҳолат ёш оилаларни заиф ва мўрт қилиб қўяди, уларнинг ўз кучларига ишончини сусайтиради), балки мамлакатимиз тараққиёти учун салбий оқибатлар туғдиради, яъни боқимандалик кайфиятининг сақланиб туришига сабабчи бўладиган иллатдир.
Ўзбек оилаларида ёшларни никоҳ барқарорлигига қобилиятли қилиб тарбиялашнинг яна бир муҳим жиҳати – бу ҳаётий тажриба масаласидир. Маълумки, халқимизда қизларни эрта турмушга бериш, ўғилни эрта уй-жойли қилишдек одат мавжуд. Бу одат ҳам, албатта, кўп омилларга боғлиқ. Лекин, ҳали ҳаёт сабоқларини тўла ўзлаштирмаган, ҳаётни яхши билиб олмаган ёшларни ҳаёт гирдобига бундай “улоқтириш” кўпроқ фарзандларга муҳаббатдан ҳам кўра ўзининг сохта тасаввурларига, стереотиплприга қарамликнинг белгисидир. Аслида маълум бир ҳаётий тажриба, билимларсиз ёшларни никоҳга киришиш учун етук деб ҳисоблаб булмайди. Буни ҳисобга олиш зарур, зеро, у никоҳнинг мустаҳкамлигини белгилаб берувчи муҳим шарт-шароитларни ўзида мужассамлаштиргандир. Турли ҳаётий вазиятлар ва шароитларни тўғри баҳолай олиш, воқеларни тўғри тушуниш, ўз ютуқ ва камчиликларини, билимларию қобилиятларини холис баҳолай олиш инсонга ҳаёт тажрибаси орқали келади. Демак, ёшларга оила муносабатлари учун кўпроқ етукликка эришиш имкониятларини бериш зарур. Ёшларда бошқаларга нисбатан ғамхўрлик, келгуси оилавий ҳаёт муаммоларини адолатли ҳал этиш кўникмаларини ўз ҳаётлари давомида “моделлаштириш” имкони бўлиши керак. Шундагина уларда бўлғуси барқарор оилавий ҳаёт тасаввурлари ҳосил бўлади.
Никоҳ мустаҳкамлигида ҳал қилувчи аҳамиятга эга бўлган яна бир омил - бу ёш масаласидир. Демографик нуқтаи назардан оила қураётган авлод ёш жиҳатдан қанчалик катта бўлса, у оила ҳаёти учун шунчалик етук бўлади. Бунда ҳаётий тажриба масаласи кўзда тутилади. Оилага тайёр бўлиш учун ёшлар ўрта ёки олий ўқув юртларини тамомлашлари, у ёки бу касб ёки ҳунарни эгаллаган бўлишлари мақбулдир.
Лекин, бошқа бир томондан ҳозирги ёшлар ҳаётидаги бир тенденцияни ҳам ҳисобга олиш зарур. У ҳам бўлса ҳозирги ёшлардаги акселерация, яъни тез вояга етишиш жараёнидир. Фикримизча, бу Ўзбекистон ёшлари учун ҳам хос. Ўзбекистон Республикасининг «Оила кодекси» 15-моддасига биноан эркаклар учун 18 ёш, аёллар учун 17 ёш минимал никоҳ ёши қилиб белгиланган24.
Мутахассисларнинг кўрсатишича, турли мамлакатларда урф-одатлар ва миллий анъаналарга боғлиқ равишда эркак ва аёлларнинг турлича минимал никоҳ ёши белгиланган. Масалан, эркаклар учун у 14 ёшдан (Ирландия, Испания ва Лотин Америкасидаги айрим давлатларида) — 21 ёшгача (Польша, Австрия, Германия ва айрим Скандинавия давлатларида) бўлган давр орасига тўғри келади.
Шунисини ҳам эътиборга олиш зарурки, ёшларда жинсий етилиш 14—16 ёшларда, хуқуқий етуклик — 18 ёшда, касб-ҳунарни эгаллаш ва касбий етуклик 28—30 ёшларда, иқтисодий мустақилликка эришиш эса, одатда 20 ёшдан 30 ёшгача бўлган вақт оралиғида амалга ошади. Шу маънода ёшларга кенг кўламдаги замонавий билимларни, касб-ҳунар кўникмаларини бериш мақсадга мувофиқ.
Келтириб ўтилган ушбу никоҳолди омиллари билан бир қаторда никоҳ мустаҳкамлигида ҳал қилувчи аҳамиятга эга бўлган омиллардан яна бири —никоҳ қуриш мотивларидир.
Оила қуриш томон бўлган йўлни аслида “никоҳ мотивлари - никоҳолди омиллари - никоҳ - оила” шаклида тасаввур қилиш мумкин. Бу шуни англатадики, никоҳга чорловчи мотивлар оила қуришда муҳим рол ўйновчи ҳолатдир. Умуман мотив ёки мотивация - бу қизиқтирувчи омил, маълум бир фаолиятнинг юзага келишига асос бўлувчи туртки, эҳтиёжларни амалга оширишга ҳаракатлантирувчи истаклардир25.
Махсус адабиётларда кўплаб оила мотивларни умумлаштирган ҳолда бир қанча гуруҳга ажратилади:
-севги туфайли оила қуриш;
-моддий ёки ўзга манфаатдорлик туфайли оила қуриш;
-стереотип бўйича оила қуриш.
+айси мотив никоҳ ва оила мустаҳкамлигини кучлироқ таъминлайди, деган саволга жавоб бериш осон эмас. Албатта, ўз-ўзидан севги асосига қурилган никоҳ ва оила мустаҳкам бўлади, деган фикр даставвал одамнинг хаёлига келади. Мутахассислар фикрига кўра ҳам, севишиб турмуш қурган жуфтликларнинг аксарияти энг бахтли оилавий ҳаёт кечирадилар. Лекин статистик маълумотларга кўра ажралишларнинг кўпчилик қисми ҳам айнан севишиб оила қурган жуфтликларга тўғри келар экан26.
Севги, албатта, севишганлар бир-бирларини эъзозлаб, авайлаб, ўзаро манфаатларини уйғунлаштирган ҳолда яшасалар, оилани мустаҳкамловчи куч бўлиб хизмат қилади. Лекин никоҳдаги шахс турмуш ўртоғини эмас, ўзини севса, ўз манфаатидан воз кечиб, севгисини эҳтиётлаб яшамаса, унда ҳақиқий севгининг бўлиши мушкул. Кўпинча оила учун жафо чекмасдан туриб вафо кутиш оқибатида ёшлар оилавий ҳаётдан кутган нарсалари қолиб кетиб, мутлақо нохуш ҳолатларга дуч келадилар. Бундай ҳолда севги оила мустаҳкамлигига хизмат қилмайди.
Моддий манфаат туфайли оила қуриш кўпинча оилавий ҳаётда кутилган мақсадга олиб келмайди. Чунки, кўзланган мақсадга бу ҳолда кўпинча эришилмайди, бу эса улуғ шоир Алишер Навоий “ғурбатда ғариб шодмон бўлмас эмиш” деганларидек, оилавий бахтни саробга айлантириб қўяди. Оилавий ҳаёт уқубатга айланади, оила денгизда ҳалокатга учраган кема мисол инқирозга юз тутади.
Агар статистикага ишонадиган бўлсак, жиҳатдан энг мустаҳкам оилалар стереотип бўйича, яъни ҳамма қилган ишни қилиш қабилида оила қурган жуфтларга тўғри келар экан. Бундай оилаларда ажрашишлар миқдори олдинги икки мотив асосида қурилган оилаларга нисбатан кам кўрсаткични ташкил этар экан27.
Шундай экан, қандай мотив асосида оила қуриш лозим деган муаммо туғилиши табиий. Албатта, ҳар бир ёш ўз тақдирини ўзи ҳал қилади. Аммо, нима бўлганда ҳам оила мустаҳкамлигини таъминловчи муҳаббат туйғулари ҳаётий тажриба, чуқур мулоҳаза билан уйғунлашган ҳолда оилавий бахтни таъминлаш мумкинлигини ёддан чиқармаслик зарур.
Оила мустаҳкамлигига бевосита алоқадор бўлган никоҳ олди омилларини гуруҳлаштиришда ёшларнинг оила қургунларига қадар бир-бирларини қанча вақт билганликлари, улар қандай шароитларга кўра танишиб оила қуришлари муҳим аҳамиятга эга. Биз тадқиқотимизнинг тегишли жойида бу ҳақда тўхталган эдик. Биз таъкидлаган эдикки, халқимизда ҳар доим ҳам ёшларнинг ўзлари бошқаларнинг аралашувисиз бир-бирларини маълум бир муддат бўлажак турмуш ўртоқлари сифатида билиб юришлари, бир-бирларининг шахсий хусусиятлари, мижозлари, дунёқараши ҳақида аниқроқ маълумотларга эга бўлишларига аҳамият берилавермайди. Ваҳоланки, бу ҳолатлар уларнинг келгуси ҳаётларига фавқулодда таъсир ўтказиши мумкин.
Мустақиллик йилларида оилавий ҳаётда юз берган энг катта ўзгаришлардан бири - бу Оила кодексининг қабул қилиниши бўлди. Ушбу кодексда никоҳдан олдин бўлғуси келин-куёвларнинг никоҳдан олдинги ҳолатлари масаласига ҳам катта эътибор берилган. Хусусан, ёшлар никоҳдан ўтиш учун ариза берганла-ридан сунг бир ой муҳлат ичида улар ўз ниятларини тасдиқлашлари кўзда тутилган. Албатта, бу оилаларнинг мустаҳкам асосини, пойдеворини яратишга қаратилган қоидадир. Аммо, ёшларимизнинг аксарияти ҳали никоҳдан ўтишга оид мавжуд юридик ҳужжатларни етарли даражада билмайдилар. Табиийки, шунга мос тарзда унга амал қилавермайдилар.
Махсус адабиётларда ёшлар бир-бирларини қанча муддат давомида билсалар, уларнинг бўлажак ҳаётлари қанчалик мустаҳкам бўлади деган масалага эътибор қаратиб келинади. Бунда никоҳгача танишиш муддатининг қисқалиги мақсадга мувофиқ эмас деб баҳоланади. Айрим тадқиқотларга кўра, оила қургунга қадар бир-бирларини бир ой ва ундан кам вақт билган эр-хотинлар миқдори ажрашиб кетган эр-хотинлар орасида кўпчиликни ташкил қилади. Шунингдек, бир-бирларини оила қургунга қадар 5 - 10 йил ва ундан кўп вақт билишлари ҳам бўлажак эр-хотинларнинг бир-бирларига нисбатан ҳиссийлигининг ўтмаслашиб қолишига олиб келиши ҳам мумкин экан. Шу маънода психологик адабиётларда бўлажак эр-хотин сифатида бир-бирларини ярим йилдан бир йилгача билиш энг мақбул муддат деб кўрсатилади. Бу вақтда йигит-қизлар бир-бирлари ҳақида етарли билимлар, маълумотларга эга бўлишга улгуришар эканлар.
Никоҳ ва оиладек мураккаб ва кўпқиррали тизимларнинг шаклланишида ва кейинги амал қилишида алоҳида хусусият ва аҳамият касб этувчи ҳолат - бу ёшларнинг танишиш шартлари масаласидир.
Инсоннинг ҳаётий фаолияти қанчалик ҳодисаю жараёнларга, тасодифларга бой бўлса, ёшларнинг бир-бирлари билан танишиш имкониятлари ва шарт-шароитлари ҳам шунчалик ранг-барангдир. Кўча-кўй, таълим муассасалари, дам олиш, даъволаниш, спорт масканлари, жамоат транспорти, тўй-томоша, турли тадбирлар, одамлар кўплаб тўпланадиган жойлар, хуллас, инсон қаерда мавжуд бўлмасин, шуларнинг барчасида бошқа одам, бошқа жинс вакилига талпинади ва танишиш учун имкон қидиради.
Танишиш воситалари ҳам турличадир. Аввало, инсон бошқа жинс вакили билан шахсий хусусиятлари, маънавий жиҳатлари, маданияти, тарбиясига яраша мустақил тарзда танишади. Лекин бунга журъати етмаган инсон бошқалар воситасида танишишлари мумкин.
Ўзбек халқида янги оилаларнинг шаклланишида совчилик институти кенг тарқалган. Айтиш мумкинки, бу тарихан шаклланган ноёб институт ёрдамида оила мустаҳкамлигини таъминлашнинг ҳаётий тажрибага асосланган ўзига хос жиҳати намоён бўлади. Албатта, бу каби институтлар бошқа халқларда ҳам бор, лекин у айнан ўзбекларда оилани барқарор қилиш эҳтиёжидан келиб чиқади. Бошқача айтганда, совчилик - никоҳнинг юзага келишининг муҳим шарти ҳисобланади, шу маънода у тўғридан-тўғри никоҳ-оила мустаҳкамлигига қаратилган. Совчилик шунинг учун ҳам никоҳ-оила муносабатларида мувозанатловчи механизм ролини ўйнайди. Гап шундаки, ёшлар ўзлари танлаган одамни ҳар томонлама холис ва тўғри баҳолай олмасликлари мумкин. Бу борада катталарнинг “Етти ўлчаб бир кесишга” асосланган мулоҳазалари қўл келади. Бу яна шуниси билан ҳам аҳамиятлики, ёшлар шу тариқа ўзлари учун мос инсон билан турмуш қуриш, ўз никоҳларига масъулият билан ёндошиш, ўз оиласи мустаҳкамлиги учун курашиш, унинг ҳаёти учун жавобгарликни зиммасига олиш сабоғини оладилар.
Албатта, бу масалада ҳам муаммолар йўқ эмас. Ҳозирги вақтда баъзан оиланинг моддий ва ижтимоий ҳолати, мавқеига кўпроқ эътибор берилиб, никоҳнинг асл сабабчилари - бўлажак келин-куёв манфаатлари, уларнинг бир-бирларига мос келиши ёки келмаслиги жиҳатлари унутилиб қўйилмоқда. Бундай вазиятларда ёшларнинг фикри, муносабатлари ҳисобга олинмай қолиши мумкин. Бу эса улар қурадиган оила мустаҳкамлигига жиддий хавф туғдиради1.
Оила мустаҳкамлигига таъсир этувчи яна бир омил - бу ёшларнинг оилавий ҳаёт ҳақидаги тасаввурларидир. Бу тасаввурларнинг қанчалик реал ҳаётга яқин бўлиши оила мустаҳкамлигининг муҳим гаровидир. Лекин, ҳамма вақт ҳам ёшларнинг оилавий ҳаёт ҳақидаги тасаввурлари реалликка мос келавермайди.
Албатта, ҳаётни бутун борлиғича тасаввур қилиш катталарнинг ҳам қўлидан келмайди. Кўпинча шундай бўладики, ёшлар ўзларининг тўлиқ бўлмаган, ҳақиқатдан йироқ тасаввурларини реалликка айлантираман деб, уларни ўз турмуш ўртоқларига ҳам уқтиришга уринадилар. Бу эса аста-секин турмуш низолари учун замин ҳозирлайди. Дарҳақиқат, ёшларимиз муҳаббат, ҳаёт, никоҳ ва оила масалаларида кўпинча ҳинд кинофильмларидагидек эртакнамо тасаввурларда бўладилар. Шунинг учун оилавий тарбияда, таълим-тарбия жараёнида, оммавий ахборот воситаларида ёшларни оилавий ҳаётга тайёрлаш масаласига жиддий ёндошиш талаб этилади.
Кўпчилик ёшлар, айниқса бахтли оилаларда улғайган ёшлар аксарият ҳолларда ўз бўлажак оилавий ҳаётлари учун ўз ота-онаси оиласини идеал қилиб оладилар. Аслида болалар ота-оналари турмушининг фақат яхши, тинч-тотув жиҳатларидангина хабардор бўладилар. Шундай оила қуришни тасаввур қилган ёшларимиз, оила қурганларидан сўнг ўзлари кутгандек турмуш кечира олмасалар, никоҳнинг дастлабки энг нозик, мураккаб, қийин, янги ижтимоий вазиятлар, шароитлар, ролларга мослашиш, бир-бирларига мослашиш жараёнларида юзага келган кийинчиликлар, тўсиқлар, муаммолар олдида эсанкираб қолишлари мумкин1.
Демак, ёшларни оилавий ҳаётга тайёрлашда оилавий ҳаётни имкон қадар тўлалигича тушунтириш, бунда оиладаги катта авлоднинг ҳаёт йўли сабоқларидан унумли фойдаланиш зарур.
Маълумки, мамлакатимизда ўсмир ва қизларнинг никоҳ олди хатти-ҳаракатлари муаммоларига бағишланган илмий ишлар ҳали жуда оз. Умуман, никоҳ олди хатти-ҳаракатларининг баъзилари ўзбек социологлари томонидан номланмаган ҳам. Шу вақтнинг ўзида бошқа мамлакатлар этнографик ва социологик адабиётларда никоҳолди хатти-ҳаракатларининг пайдо бўлиш вақти ва унинг ривожланиш босқичларини аниқлаш бўйича талайгина ишлар қилинган. Масалан, хорижий адабиётларда “флирт” деб, русийзабон адабиётларда “ухаживание” деб номланадиган жараён илмий тадқиқотларимизда деярли учрамайди. Бу жараён оддий халқ тилида “Ўғлим (қизим) фалон қиз (йигит) билан юрар экан” қабилидаги иборалар билан ифодаланади. Албатта, халқимизда никоҳ олди хатти-ҳаракатлари мақбул деб ҳисобланмайди ва бу хатти-ҳаракатлар назорат остига олинган. Лекин, бу билан ушбу соҳадаги муаммолар ҳал бўлмаслиги аниқ.
Асрлар давомида ўзбек халқида қишлоқ ва шаҳарларда совчилик асосида турмуш қуриш анъанаси амал қилиб келган. Ота-онанинг ихтиёри болалар учун уларнинг истакларига қарши бўлса ҳам, қонун ҳисобланар эди. Асрлар давомида никоҳ патриархал қадриятлар, иқтисодий ҳисоб-китоб ва яқин атрофдаги ўз ижтимоий муҳити томонидан маъқулланишга асосланган.
Кейинги даврда, гарчи совчилик интитути амал қилсада, янги никоҳолди одатлари пайдо бўлмоқда. Албатта, ёшларнинг ўзаро танишишларида кўнгилочар муассасаларнинг кўпайганлиги сабаб бўлмоқда. Лекин, энг асосийси, ёшларнинг шахсий мойилликлари ҳам инобатга олина бошланди.
Мустақиллик турмуш муносабатларининг ҳар томонлама қайта шакллантирилишига замин яратди. Бироқ, оилавий муносабатларда анъаналар ва оммавий онгда яшаб келаётган стереотиплар яшовчан ҳодисалар эканликларини ҳам ҳисобга олиш зарур. Нима бўлганда ҳам, ёшларнинг ўзаро муносабатларидаги севги омили никоҳни амалга оширишга олиб келувчи муҳим омиллардан бирига айлаётганлиги қимматлидир.
Турли тарихий-маданий ҳудудларнинг қиёсий таҳлили социолог ва этнографларни никоҳ олди ҳуқуқининг ўзгараётганлиги тўғрисида хулоса чиқаришга олиб келади. Европа халқларининг аксариятида ёшларнинг муносабатларида севгининг яқин ўтмишдагига нисбатан кучли тарзда эркинлашгани қайд этилган.
Халқимизда эса ҳозиргача никоҳолди хатти-ҳаракати меъёрлари ниҳоятда қатъий, чегараланган мазмунга эга. Бунда никоҳ билан тугалланмаган никоҳолди хатти-ҳаракатлари қариндошлар учун ҳурматсизлик сифатида баҳоланиши мумкин.
Умуман олганда, ёшларнинг никоҳ олди хатти-ҳаракатлари муҳаббат ва турмуш ўртоғини излаш, вақтичоғликка уриниш, ҳиссий алоқа ўрнатиш истаги ва қизиқиш каби мотивларга эга бўлган хулқатвордир. Бу хатти-ҳаракат ижтимоий, миллий, ҳудудий жиҳатдан қатъий назар, кучли назоратдан чиқиб, ўзаро қадрланадиган шахслараро муносабатларга айланиб бормоқда. Бунда никоҳга урғу беришга нисбатан ҳам севгига урғу бериш тенденцияси кузатилмоқда. Албатта, бунда бошқа мотивларга ҳам аҳамият берилиши мумкин. Бир қарашда парадокс ҳолати юзага келмоқда: танишиш имкониятлари ва никоҳолди хатти-ҳаракатлар мотивлари кўпаймоқда, бироқ никоҳ учун танлаш жараёни мураккаблашмоқда. Бунда, фикримизча, шахс индивидуаллашуви жараёнида эркак ва аёлларнинг бир-бирига бўлган талаблари ҳам ортиб, турмуш ўртоғини изчилроқ танлаш имконияти яратилаётганлиги яққолроқ кўзга ташланмоқда.
Шу ўринда айтиб ўтиш зарурки, «турмуш ўртоғини излаш» ва «севгилисини излаш» ўртасида фарқ мавжуд. Ҳозирги кўпчилик ёшларнинг ота-оналари совчилар ёрдамида турмуш қуришган. Бунда никоҳ мотиви севги мотивидан устун келган. Бошқача айтганда, улар тўйдан кейин севишиб кетишган, яъни турмуш ўртоғи севикли ёр ўрнига ўтган. Эндиликда бу отна-оналар ўз фарзандларига ҳам шундай тақдирни раво кўришлари табиий. Аммо ёшларда эндиликда севги мотиви ва никоҳ мотиви ўртасида фарқланиш пайдо бўлмоқда. Шунинг учун ҳам совчилик ёрдамида улар ҳамиша ҳам асл турмуш ўртоқларини (буни «севикли ёр + эр(хотин) қ никоҳ» формуласи билан ифодалаш мумкин) топа оладилар, деб айтиш қийин. Айрим ҳолларда ёшлар ҳаётда бошқа, орзу-армонида бошқа бўлган кимса билан ҳаёт қурадилар. Бунда машҳур бир қўшиқда куйланганидек, «қўйнимда бир ёру, кўнглимда бир ёр» ҳолати пайдо бўлади.
Бизнинг илмий адабиётларимизда севги бўйича барпо бўлган никоҳлар ҳақида кўп ёзилсада, аслида ҳаётда ундай эмас. Кўпинча ёзувчилар ўзлари субъектив тарзда истаётган ҳолатларини ҳаққониятга айлантириб намоён этишга ҳаракат қилишади.
Мустақилликдан сўнг оилавий барқарорлик муаммоси социологлар, демографлар ва психологларнинг диққат марказига кўчди. Унинг долзарблиги аввало оилаларда низо ва ажралишлар сонининг ўсиши билан боғлиқдир. (1-илова)
Айрим мутахассисларнинг фикрича, ёмон турар-жой шароитлари ва уларнинг оқибатлари (турли касалликлар ва б.), шунингдек, ниҳоятда паст даражадаги даромадлар эр-хотин муносабатларининг ёмонлашувига ва ажралишларга олиб келувчи омил бўлиб хизмат қилади
Мустақиллик даврида ижтимоий хизмат соҳасини сифат жиҳатдан такомиллаштириш, моддий таъминланганликнинг яхшиланиши, турар жой билан таъминлашдаги ўзгаришлар, боғча ва бошқа мактабгача ёшдаги болалар муассасалари миқдорининг кўпайиш, сўзсизки, оилавий муносабатларга ижобий таъсир этади. Лекин бу жараёнлар мавжуд муаммоларни ўз-ўзидан ҳал этмайди. Ҳақиқатда ҳам, турар жой фонди нисбатан ўсмоқда, мактабгача тарбия муассасалари кўпаймоқда, бироқ шу билан биргаликда ажралишларнинг миқдори ҳам ошмоқда. Турар жой шинамлиги, моддий таъминлашнинг белгиланган даражаси, ижтимоий хизматнинг юқори сифати, турмушнинг саноатлашуви, аёлларни ижтимоий ишлаб чиқаришда рационал банд қилиш кабилар турмуш барқарорлигининг зарурий, бироқ энг асосий бўлмаган омилларидир. Айнан шу сабабли, низоларни бартараф этиш бўйича таклиф этилаётган бир қатор воситалар оила ичидаги муносабатларнинг моҳиятига бевосита таъсир этмаяпти. Беихтиёр «барқарорлик» муаммосининг ажралишларни «минималлаштириш» муаммоси билан алмаштирилиши юз беради.
Кўпчилик тадқиқотчилар «никоҳ» ва «эр-хотинлик» тушунчаларини ўзаро тенглаштиришга, яъни бир хил деб қабул қилишга мойил бўлишади. Бу нотўғри.
Никоҳ - бу эр ва хотиннинг бир-бирларига ва болаларига нисбатан ижтимоий рухсат этилган ва диний, маънавий ҳамда ҳуқуқий меъёрлар ёрдамида бошқариладиган ҳуқуқ ва мажбуриятларини белгиловчи муносабатларнинг тарихий шаклидир28.
Do'stlaringiz bilan baham: |