Психологик назариялар. Жиноятчилик омилларининг психологик назарияси ҳозирда энг кенг тарқалган ва нисбатан изчил назариялардан биридир. Бу ерда мазкур назариянинг икки муҳим йўналиши – психопатик ва психоаналитик йўналишларни қайд этиш мумкин.
Биринчи йўналиш шахснинг жиноят содир этишга психопатик тарзда мойиллигидан, яъни руҳий соғлиқ хусусиятидан келиб чиқади. Немис психиатри Курт Шнейдер ўзининг «Психопатик шахслар» асарида психопатларнинг 10 типини қайд этиб ўтган. Унинг фикрича, шу типлардан камида 7 таси ғайриижтимоий қилмиш содир этишга муайян даражада мойилдир (хусусан, меланхоликлар ва холериклар).
Бошқа бир немис психиатри Эрнест Кречмер (1899-1964) жиноятчиларнинг қуйидаги типларини фарқлайди: пикник тип (катта гавдали, калта оёқли одамлар); лепотосомик ёки астеник тип (узун бўйли, оғирлиги унча катта бўлмаган одамлар); диспластик тип (умумий ривожланишда муайян аномалиялар мавжуд одамлар); атлетик тип (танаси пропорционал жиҳатдан яхши ривожланган одамлар). Бироқ, Э.Керчмер ўз таснифида антропологик назария ғояларига, хусусан, жиноятчиларни ташқи белгиларига қараб тавсифлаш ғоясига яқинлашади.
Австриялик психиатр Зигмунд Фрейд (1856-1940) ишлаб чиққан психоаналитик назария ҳам ўзининг жуда кўп издошларини топди (ва ҳозир ҳам топмоқда). Унинг «Тушлар таъбири» деб номланган асосий асари 1900 йилда эълон қилинди. Ўзининг шу ва кейинги тадқиқотларида З.Фрейд шахс ички дунёси тузилиши, унинг эҳтирослари ва бурч туйғуси ўртасидаги тўқнашувлар, маънавий кечинмаларнинг сабаблари, инсоннинг ўзи ва ўзини қуршаган муҳит ҳақидаги қарашлари билан боғлиқ муҳим масалаларни ёритиб берди.
Фрейднинг мухолифлари «пансексуализм» деб номлаган асосий ёндашуви қуйидагичадир. У истерия касаллигига чалинган беморларни, асосан қўрқув, таъсирчанликни йўқотиш, иштаҳасизлик, шахснинг иккиланиши, галлюцинациялар, спазмлар ва ҳоказо симптомлар (фобия)га эга бўлган аёлларни ўрганиш жараёнида инсон хулқ-атворини ҳаракатлантирувчи икки муҳим инстинкт – ўзини ўзи асраш инстинкти ва сексуал инстинктни қайд этди. Бунда у сексуал инстинкт (либидо)ни ўз психоанализ назариясига байроқ қилиб олди. Унинг фикрига кўра, онгсиз соҳаси «либидо»га тўлиқ бўлиб, лаззатланиш принципидан бошқа ҳеч нарсани билмайди. Онг ижтимоий тақиқлар таъсирида лаззатланиш эркинлигини чеклашга тайёр бўлганлиги туфайли, либидо энергияси ташқарига чиқиш учун «айланма» йўлларни излашга мажбур бўлади. У ақлий, ҳатто тана реакцияларида – нафақат беозор, балки патологик реакцияларда, чунончи: психоневроз, истерия ва ҳоказолар кўринишида ва пировард натижада ғайриҳуқуқий қилмишларда намоён бўлади.
Шундай қилиб, Фрейднинг психоанализ назариясига асосан, сексуал (жинсий) эҳтиёжни қондириш инсон хулқ-атворининг асосий ёки ҳал қилувчи омили ҳисобланади. Бошқача қилиб айтганда, унинг қондирилиши руҳий соғломлик негизини ташкил этади, унинг қониқмаслиги эса ғайриижтимоий қилмишлар кўринишини касб этиши ҳам мумкин бўлган оғир асабий ва руҳий касалликларни келтириб чиқаради.
Фрейд таълимоти Эмил Дюркгейм (1858-1917) асарларида (хусусан, «Одам ўлдириш: нормапатология» китобида) аниқ кўриниш касб этди. Унинг фикрига кўра, ҳар қандай одам ўз эҳтиёжлари тўла қондирилган ҳолдагина яшай олади. Одамнинг озиқ-овқат, кийим-кечакка бўлган эҳтиёжларини, унинг жинсий майлини тизгинлаш мумкин эмас, уларни фақат жамият чеклаши мумкин. Аммо жамият шахсий эҳтиросларни тийиб туришга қодир эмас, чунки унинг ўзида беқарорлик омили мавжуд. Бинобарин, ҳар қандай жамиятда жиноятчилик нормал ҳодисадир, шу боис фақат патологик ҳодисаларга қарши курашни ташкил этиш лозим. Француз социологи Эмил Дюркгейм ўзининг ушбу назариясини «аномия» деб номлади.
Фрейдизм ғоялари Зигмунд Фрейд ҳаётлик пайтдаёқ қаттиқ танқид қилинди. Фрейднинг илк мухолифлари А.Адлер ва К.Юнгдир.
А.Адлер жинсий эҳтиёжни қондириш усули муайян шахснинг турмуш тарзи билан белгиланади, зотан, инсон жинсий эмас, балки ижтимоий мавжудот, унинг асосий эҳтиёжи – ўзини ўзи тартибга солишдир, деган ғояни илгари сурди. Аммо Адлер Фрейднинг жинсий онглизлигини ҳокимиятга онгсиз тарзда интилиш билан алмаштирди. Ўз назариясини Адлер «шахсий психология» деб номлади. Ушбу назария замирида бола ўз ҳаётининг дастлабки йилларида ўзлаштирадиган ва умрбод ўзгаришсиз қоладиган «турмуш тарзи» ётади. Адлернинг фикрича, бола «баркамоллик»ка эришиши учун унга тўла эркинлик бериш лозим.
Бу ғоя айрим мамлакатларда рўёбга чиқарилган. Бола 5 ёшга тўлгунга қадар унга ҳеч нарса ман этилмайди, ҳамма нарсага рухсат берилади ва фақат шу ёшдан кейин нима мумкин-у, нима мумкин эмас деган саволлар туғилади.
К.Юнг Фрейднинг юқорида қайд этилган ғояларини «сублимация», «Эдип комплекси» сифатида рад этди, онгсизлик физикадаги «тугал шакл»га кириш ёки мувозанат ҳолатини эгаллаш мақсадида бир турдан бошқа турга ўтувчи энергияни эслатишини исботлашга ҳаракат қилди. Юнг кўпчилик учун умумий бўлган «коллектив онгсизлик» ғоясини илгари сурди. Юнгнинг «аналитик психологияси»да шахсларнинг типларини аниқлашга катта аҳамият берилади. Унинг типологияси замирида одамларнинг ўзи ва бошқалар ҳақидаги фикрлари ётади. Ушбу мезонга кўра Юнг одамларни икки типга: ўзига («ичга») қараб мўлжал олувчи ва бошқаларга («сиртга») қараб мўлжал олувчи одамларга ажратади.
К.Хорни ва Э.Фроммнинг америкача фрейдизми ҳам, ҳатто руҳий касалликларни инқилобий салоҳият, ҳокимият функцияси (милиция, соғлиқни сақлаш ва ҳ.к.)ни эса – тараққиётга тўсқинлик воситаси сифатида талқин қилувчи фрейдоманизм ҳам неофрейдизм йўналишига мансубдир. Ички онгсиз кучлар – майллар инсон хулқ-атворини ҳаракатлантирувчи кучдир, деган ғоя неофрейдизмнинг барча янги оқимларида сақланиб қолаётир.
Француз олими Габриэль Тард (1843-1904) ишлаб чиққан назарияни жиноятчилик сабаблари ҳақидаги психологик таълимотларнинг ўзига хос тармоғи деб ҳисоблаш мумкин. У, жиноят ижтимоий ҳодиса, лекин унинг замирида инсон руҳий фаолиятининг алоҳида кўринишлари, хусусан, бировга тақлид қилиш ва бошқаларга таъсир кўрсатиш қобилияти ётади, деган ғоядан келиб чиқади. Тақлид қилиш ва таъсир кўрсатиш одамларни қаттиқ ўзига тортади ва шу тариқа шахснинг хулқ-атворига таъсир этади. Тақлид қилиш назарияси айрим тадқиқотларда «ўргатиш» назарияси деб ҳам номланади. Габриэль Тард бу назариянинг уч қонунини кашф этди: 1) Ўзаро яқин муносабатда бўлган одамлар бир-бирининг хулқ-атворини тез ўзлаштиради. 2) Ёшлар ўзидан катталарга, камбағаллар – бойларга, деҳқонлар – аристократларга тақлид қилади. 3) Олдинги хулқ-атвор янги хулқ-атворга ўрин бўшатади, Г.Тард фикрича, тақлидни модага ўхшатиш мумкин. Инсоният тараққий этиши билан жамиятда тақлиднинг таъсир доираси кенгаяди, бинобарин, одамлар содир этувчи жиноятлар сони ҳам кўпайиб боради.
Do'stlaringiz bilan baham: |