7.2. Жиноятларнинг олдини олиш таркиби
«Жиноятлар профилактикаси» тушунчасининг таърифи унинг асосий (ўзига хос) таркибий элементлари ёки таркибий қисмларини ажратишни назарда тутади. Бундай чуқур таҳлилсиз умумий тушунчани тавсифлаш мумкин эмас. Шу нуқтаи назардан, жиноятлар профилактикаси, энг аввало, ҳаракатни (ҳаракатлар мажмуини) ёки мувофиқлаштирилган ҳаракатлар тизимини, яъни муайян ижтимоий субъектларнинг жиноятни вужудга келтирувчи шарт-шароит ва сабабларга барҳам бериш ёки уларни нейтраллаштириш мақсадида муайян нарсалар ва ҳодисаларга (омилларга) таъсир кўрсатиш бўйича фаолиятини англатади. Жуда кўп муаллифлар жиноятлар профилактикаси деганда айнан ҳаракат (фаолият)ни тушунади. К.Е.Игошев ва В.С.Устинов жуда тўғри таъкидлаб ўтганидек, ҳуқуқбузарликлар профилактикаси тушунчаси ҳуқуқий тартибга солишнинг ижтимоий механизми бузилишининг олдини олиш ва бунга йўл қўймасликка қаратилган давлат ва жамоатчилик фаолиятини белгилаш учун қўлланилиши лозим.38
Лекин жиноятлар профилактикаси тушунчасига таъриф беришда мазкур асосий элемент (ҳаракат ёки фаолият)ни кўрсатиш билан кифояланмаслик керак. Муайянроқ кўринишда жиноятчиликка қарши кураш билан боғлиқ ҳар қандай фаолият, шу жумладан жиноятлар профилактикаси ҳам криминоген омилларга барҳам беришга, жиноятчи шахсининг шаклланишига йўл қўймайдиган шарт-шароит яратишга қаратилган ижтимоий субъектлар ўртасидаги тегишли ижтимоий муносабатларни англатади. Шу сабабли жиноятларнинг олдини олиш бўйича фаолиятнинг элементлари жамулжам ҳолда ижтимоий муносабатларни тартибга солишнинг ўзига хос тизимини ташкил этади.39
Ижтимоий муносабатлар ўз ҳолича мураккаб ижтимоий ҳодисадир. Ҳуқуқ соҳасида улар томонларнинг муайян ҳуқуқлари ва юридик мажбуриятлари кўринишида намоён бўлади. Бинобарин, профилактика фаолияти нафақат юридик жиҳатдан мустаҳкамлаб қўйилган муайян ҳуқуқларни рўёбга чиқаришни, балки бундай фаолият иштирокчиларининг тегишли мажбуриятлари бажарилишини ҳам англатади.
Ижтимоий фаолият ёки ҳаракатлар мажмуи фаолият субъектларини назарда тутади, зеро, ҳар қандай фаолият бу фаолиятни амалга оширувчининг мавжудлигини назарда тутади ва бундай субъектларнинг асосий доирасини белгилаш муҳим назарий ва амалий аҳамият касб этади. Адабиётларда профилактика субъектлари доирасини белгилашга нисбатан ҳар хил ёндашилади. Масалан, А.А.Герцензон, Н.Р.Миронов ва бошқалар жиноятларнинг олдини олиш субъектлари сифатида фақат давлат ва жамоат ташкилотларини кўрсатадилар.40 Жиноятларнинг олдини олиш тушунчасига берилган баъзи бир таърифларда нафақат жамоат ташкилотлари, балки фуқаролар ҳам кўрсатилмаган.
А.Э.Жалинский жиноятлар профилактикаси субъектлари деганда фақат жисмоний шахсларни тушунади ва уларни жиноий фаолиятга жалб этилганлик даражасига қараб таснифлайди.41 Ҳолбуки, жиноятларнинг олдини олиш нафақат сўзнинг кенг маъносидаги ижтимоий жараённи давлат томонидан бошқаришнинг ўзига хос усули, балки кўп субъектли комплекс, жиноятчиликка таъсир кўрсатишнинг ҳар хил методлари ва чора-тадбирларни қамраб олувчи ҳаракатлар тизими ҳамдир.
Ю.Д.Блувштейн профилактика фаолияти субъектининг асосий белгиларини қайд этишни таклиф қилади. Унинг фикрича, бундай белгилар қаторига қуйидагилар киради:
- жиноятлар профилактикасини тизим тажрибасини ўзлаштириш ва ундан фойдаланишга қодир бўлган функция сифатида изчил амалга ошириш;
- тизимнинг бошқа элементлари билан горизонтал йўналишда (координация) ва вертикал йўналишда (субординация) боғланганлик;
- ўз хулқ-атворини тизим «бошқарув механизми»нинг командаларига мувофиқ йўлга солиш;
- хулқ-атворни таъсир кўрсатувчи объектнинг муайян ҳолатлари ва тизим белгилаган чегараларга қараб танлаш имкониятининг мавжудлиги.
Кўрсатиб ўтилган белгилардан биттасига эга бўлмаган органлар, ташкилотлар ёки шахслар ҳам жиноятлар профилактикаси субъекти сифатида қаралиши мумкин эмас. Масалан, фаолияти бевосита профилактика мақсадларини кўзламаган орган ёки ташкилот профилактика субъекти бўла олмайди.42
Бинобарин, фаолиятининг асосий йўналиши жиноятчиликка қарши кураш ва унинг олдини олишдан иборат бўлган субъектгина профилактика субъекти сифатида тан олиниши мумкин.
Шунга мувофиқ, жиноятлар профилактикасининг ижтимоий субъектлари доирасига фақат ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари киради. Бу, энг аввало, ички ишлар органларидир. Улар мазмуни ва йўналиши ҳар хил бўлган профилактика ишларини амалга оширади, ўз жиноятлар профилактикаси субъектларининг муайян кичик тизимига эга бўлади. Ички ишлар органлари ўзининг жиноятларни профилактика қилиш функциясини бажара бориб:
- спиртли ичимликлар билан қонунга хилоф равишда савдо қилувчиларни ва майда безорилик ёки майда ўғрилик содир этган пиёнисталарни, врач кўрсатмасисиз гиёҳвандлик воситалари истеъмол қилувчиларни, бангихоналар ва фоҳишахоналарни сақлаб турувчиларни, жиноят содир этишда шубҳа қилинганларни аниқлайди ва уларнинг ҳисобини юритади;
- маъмурий ҳуқуқбузарликлар тўғрисида баённомалар тузади;
- ҳуқуқбузарларни ушлаш ва уларни ички ишлар органларига етказишни таъминлайди;
- шахслар, буюмлар, транспорт воситаларини кўздан кечиради, буюмлар ва ҳужжатларни олиб қўяди;
- маъмурий ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги ишларни юритишнинг қонунда назарда тутилган бошқа чора-тадбирларини қўллайди;
- ҳуқуқбузарлик содир этган ҳарбий хизматчиларни ушлайди;
- маъмурий назорат остига олинган шахслар ҳисобини юритади, уларни назорат қилади, уларга нисбатан қонунда назарда тутилган чеклашларни қўллайди;
- жамоат жойларида инсоннинг шаъни ва қадр-қимматини таҳқирловчи ва ижтимоий ахлоққа зид маст ҳолда бўлган шахсларни махсус тиббий муассасаларга ёки ички ишлар органларининг навбатчилик қисмларига етказадилар ва ҳ.к.
Бундан ташқари, тергов аппарати ходимлари ҳам муайян профилактика ишларини амалга оширади.
Тергов бўлинмаларининг профилактика ишини мақсадига қараб икки турга ажратиш мумкин: а) жиноятларни тўхтатиш чора-тадбирлари; б) жиноятчилик сабаблари ва шарт-шароитини бартараф этиш чора-тадбирлари.
Тергов аппаратининг профилактика фаолиятига қуйидагилар киради:
1) жиноят содир этилишига имконият яратадиган сабаблар ва шарт-шароитларни бартараф этиш тўғрисида тақдимномалар киритиш;
2) айбдорни жиноий жавобгарликка тортиш орқали унинг жиноий фаолиятни давом эттиришига барҳам бериш;
3) жиноят содир этилишига йўл қўйган шахсларни жавобгарликка тортиш;
4) иш материалларидан профилактика фаолиятида фойдаланиш;
5) жиноят содир этилган корхоналар, муассасалар ва ташкилотларнинг раҳбарлари ва бошқа мансабдор шахслари билан учрашиш ва суҳбатлашиш.
Тиббий ҳушёрхоналар ҳам катта профилактика ишини олиб боради.
Ички ишлар органларининг тиббий ҳушёрхоналари статистика маълумотларини таҳлил қилиб, қуйидаги группавий ва шахсий профилактика ишларини амалга оширади:
1) спритли ичимликларни суиистеъмол қилувчи шахслар билан суҳбатлар ўтказиш;
2) аниқланган ва махсус ҳисобга олинган шахслар (сурункали пиёнисталар, руҳий касаллар, даволаш-меҳнат профилакторийсидан қайтган шахслар) тўғрисида соғлиқни сақлаш идораларига хабар бериш.
Ички ишлар органлари ёшлар ва вояга етмаганлар ўртасида жуда муҳим профилактика ишларини олиб боради.
Вояга етмаганлар билан ишлаш бўлинмаларининг ходимлари профилактика фаолиятининг асосий мақсадига эришиш учун қуйидаги вазифаларни бажариши лозим:
1) ҳуқуқбузар ўсмирларни, ўсмирларнинг ғайриҳуқуқий йўналишдаги гуруҳларини аниқлаш, вояга етмаганлар жиноятларининг олдини олиш ва уларни тўхтатиш, бунда ижтимоий адаптация ва реабилитация ишининг шакл ва усулларини, шунингдек фуқаровий-ҳуқуқий ва маъмурий таъсир кўрсатиш чора-тадбирларини қўллаш;
2) болалар ва ўсмирлар жиноятчилиги, ҳуқуқбузарлиги ва назоратсизлигига имконият яратувчи ташкилотчилар ва далолатчиларни, ота-оналар ёки бошқа шахсларни аниқлаш, уларнинг салбий таъсирини жиноят, оила, фуқаролик қонунчилиги талабларига мувофиқ тўхтатиш;
3) вояга етмаганларнинг жиноятлари, ҳуқуқбузарликлари ва назоратсизлиги масалаларида оммавий ахборот воситалари орқали аҳолига ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш.
Ўз навбатида, кўрсатиб ўтилган вазифаларни бажариш учун вояга етмаганлар билан ишлаш бўлинмаларининг ходимлари:
а) ҳуқуқбузарларни аниқлаш ва уларнинг ғайриижтимоий хулқ-атворига қонун ҳужжатларига мувофиқ чек қўйиш мақсадида болалар ва ўсмирлар оммавий тарзда бўлиб турадиган жойларда профилактика ишлари ва операциялар ташкил этадилар ва ўтказадилар;
б) жиноий қилмиш содир этган ўсмирларни ушлайдилар ва вояга етмаганларни жамиятдан ажратиш, адаптация ва реабилитация муассасаларига етказадилар;
в) жиноят содир этишга мойил ўсмирлар, болалар ва ўсмирлар жиноятчилиги, ҳуқуқбузарлиги ва назоратсизлигига имконият яратувчи ташкилотчилар ва далолатчилар, ота-оналар ёки бошқа шахслар ҳақида маълумотларни тегишли органлар ва муассасалардан сўраб оладилар ва уларга нисбатан тегишли чора кўрадилар;
г) ижтимоий хавфли қилмиш содир этган ўсмирларни жиноий жавобгарлик ёшига тўлгунга қадар махсус ёпиқ ўқув муассасаларига юборадилар;
д) вояга етмаганлар томонидан содир этилган жиноятларни фош этиш ва тергов қилишда қатнашадилар;
е) озодликдан маҳрум қилиш жойларида жазони ўтаб қайтган вояга етмаганлар такроран жиноят содир этишининг олдини олиш мақсадида жиноят-ижроия тизими муассасалари билан ҳамкорликда, тегишли идоралар ва муассасалар орқали бундай шахсларга ишга жойлашиш ва жамиятга мослашишда ёрдам берадилар ва ҳоказо.
Профилактик таъсир кўрсатиш объектларининг доирасига кўра, вояга етмаганлар билан ишлаш бўлинмалари фаолиятининг уч асосий йўналишини фарқлаш мумкин:
а) барча вояга етмаганларга нисбатан ўтказиладиган умумий профилактика;
б) вояга етмаганларнинг муайян гуруҳлари ёки тоифаларига нисбатан ўтказиладиган махсус (группавий) профилактика;
в) муайян вояга етмаган шахсларга нисбатан ўтказиладиган индивидуал профилактика.
Умумий профилактика чора-тадбирларини амалга оширишда вояга етмаганлар билан ишлаш бўлинмалари энг аввало ижтимоий муносабатларнинг турли соҳаларида рўй бериши мумкин бўлган криминоген ҳолатларни аниқлаш ва бартараф этиш билан шуғулланади.
Вояга етмаганлар билан ишлаш бўлинмаларига тушадиган криминоген ҳолатлар ҳақидаги ахборот манбалари қуйидагилардан иборат:
а) бўлинма хизмат кўрсатадиган ҳудудда содир этилган ҳуқуқбузарликлар ҳолати, таркиби ва динамикаси тўғрисидаги маълумотларни таҳлил қилиш ва умумлаштириш материаллари;
б) фуқаролар, жамоат ёки давлат ташкилотларининг хабарлари;
в) ички ишлар бўлимлари тергов қилаётган муайян жиноят ишларининг материаллари;
г) судлардаги фуқаролик ишларига оид материаллар;
д) махсус тезкор-қидирув тадбирлари натижасида олинган материаллар;
е) оммавий ахборот воситалари: телевидение, матбуот, радио хабарлари ва ҳ.к.
Вояга етмаганлар билан ишлаш бўлинмалари ўз фаолиятини умумий профилактика тадбирлари режаларига асосан амалга оширади. Мазкур режалар барча мавжуд материалларни пухта ва ҳар томонлама ўрганиш асосида ҳар чоракда ёки ҳар ойда тузилади. Режаларда доим қуйидаги асосий тадбирлар акс эттирилиши лозим:
а) вояга етмаганлар билан ишлаш бўлинмалари ходимларининг ўзи бевосита ўтказувчи тадбирлар;
б) ички ишлар бўлимларининг ходимлари бошқа давлат ва жамоат ташкилотлари билан ҳамкорликда ўтказувчи тадбирлар;
в) вояга етмаганлар билан ишлаш бўлинмалари ички ишлар органларининг бошқа бўлинмалари ёки хизматлари билан ҳамкорликда ўтказувчи тадбирлар.
Махсус (группавий) профилактика вояга етмаганлар билан ишлаш бўлинмаларининг мансабдор шахслари томонидан вояга етмаганларнинг муайян гуруҳлари ёки тоифаларига нисбатан амалга оширилади. Бунда вояга етмаганлар билан ишлаш бўлинмаларининг мансабдор шахслари:
а) ўсмирлар маст ҳолатга келишига сабаб бўлган ёки уларни ичкиликбозлик, жиноий фаолият, тиланчилик қилиш, қимор ўйнаш, проституция билан шуғулланишга мажбур қилган, гиёҳвандлик воситалари ёки психотроп моддалар истеъмол қилишга жалб этган шахсларни;
б) ҳуқуқбузар ўсмирлар ғайриижтимоий гуруҳларга мансублигини, ушбу гуруҳларнинг сардорлари ва фаол иштирокчиларини, улар йиғиладиган жойларни ва улар жиноят содир этувчи объектларни;
в) ғайриижтимоий хулқ-атвори бошқа шахсларни уларга нисбатан жиноят содир этишига туртки бериши мумкин бўлган ўсмирларни;
г) болалар билан шафқатсиз муомалада бўладиган, уларни калтаклайдиган ёки вояга етмаганларга нисбатан бошқа ғайриҳуқуқий ҳаракатлар содир этадиган ота-оналарни ёки бошқа шахсларни;
д) ўсмирлар томонидан ўғирланган мол-мулкка ўхшаш буюмларни эгаллаш ҳолатларини, шунингдек вояга етмаганлар спиртли ичимликлар, бошқа буюм ва ашёлар харид қилишга сарфлаган пул маблағларининг манбалари тўғрисидаги маълумотларни аниқлайдилар.
Вояга етмаганлар ўртасидаги жиноятлар, ҳуқуқбузарликлар ва назоратсизликнинг индивидуал профилактикаси вояга етмаганлар билан ишлаш бўлинмаларининг мансабдор шахслари томонидан барча вояга етмаганларга, шунингдек умумий таълим мактабларининг ўқувчиларига нисбатан амалга оширилади.
Индивидуал профилактика қуйидаги босқичлардан ташкил топади:
а) профилактика қилиниши лозим бўлган шахсларни аниқлаш;
б) шахсни ва унинг турмуш тарзини ҳар томонлама ва объектив тарзда ўрганиш;
в) вояга етмаганлар билан ишлаш бўлинмаларида кузатув ишини юритиш орқали ҳисобга олиш;
г) бевосита профилактика ишини амалга ошириш.
Индивидуал-профилактик таъсир кўрсатиш шаклларидан бири ўқувчиларни вояга етмаганлар билан ишлаш бўлинмаларига олиб келишдир. Вояга етмаганлар билан ишлаш бўлинмаларига:
а) жиноий жавобгарлик ёшига тўлгунга қадар ижтимоий хавфли қилмиш содир этган;
б) жамоат тартибига дахл этувчи маъмурий ҳуқуқбузарликлар содир этган;
в) вояга етмаганларни жамиятдан вақтинчалик ажратиш, адаптация ва реабилитация қилиш марказларини ўзбошимчалик билан тарк этган;
г) ўн олти ёшга тўлмасдан, шунингдек 16-18 ёшда оилани ўзбошимчалик билан тарк этган, шахси аниқланмаган, назорат ва ёрдамга муҳтож бўлган;
д) адашиб қолган ёки ташлаб кетилган болалар ва ўсмирлар олиб келиниши мумкин.
Вояга етмаганлар ҳуқуқбузарликларини профилактика қилишда участка назоратчилари муҳим роль ўйнайди. Участка назоратчиларининг асосий вазифалари қуйидагилардан иборат:
- ўзи хизмат кўрсатаётган ҳудудда тартибнинг сақланишини таъминлаш;
- жиноятлар ва маъмурий ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш, уларни аниқлаш ва уларни тўхтатиш;
- қонун ҳужжатлари билан белгиланган ваколатлар доирасида суриштирув ва маъмурий иш юритувни амалга ошириш;
- ўзига берилган ваколатлар доирасида жиноятларни фош этишда ва жиноятчиларни қидиришда қатнашиш;
- ўзига бириктирилган маъмурий участкаларда жамоат тартибини сақлашни таъминлашда патрулларга ёрдам бериш;
- юридик ва жисмоний шахсларга уларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилишда ёрдам кўрсатиш.
Шундай қилиб, жиноятлар профилактикасининг маълум таркибий қисмлари ҳақида тасаввур ҳосил қилгач, биз унинг умумий тушунчасини таърифлашимиз мумкин.
Жиноятлар профилактикаси ёки жиноятларнинг олдини олиш – давлат органлари (шу жумладан ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари), жамоат бирлашмалари, ташкилотлар, муассасалар ва фуқароларнинг жиноятлар содир этилишига имконият яратувчи шарт-шароит ва сабабларни нейтраллаштириш ёки уларга барҳам беришга қаратилган, ўз мазмунига кўра ҳар хил чора-тадбирларни (таъсир кўрсатиш чора-тадбирларини) қамраб олувчи, объектив ташқи омилларга ва муайян жисмоний шахсларга йўналтирилган фаолиятидир.
Профилактика тушунчасига берилган умумий таъриф ҳар бир муайян ҳолатда уни жиноятларнинг ҳар хил тоифалари ва турларига (давлатга қарши жиноятлар, ўзгалар мулкига қарши жиноятлар, шахсга қарши жиноятлар, жамоат хавфсизлигига қарши жиноятлар, ҳарбий жиноятлар ва ҳ.к.) нисбатан, профилактик таъсир кўрсатиш субъектининг ўзига хос хусусиятларини ҳисобга олган ҳолда, таъсир кўрсатиш чора-тадбирлари ва воситаларидан ёки профилактика объектининг ўзига хос хусусиятларидан келиб чиқиб муайянлаштириш имконини беради.
Do'stlaringiz bilan baham: |