2-Мавзу. Қабул қилувчи мамлакатда хорижий фирмаларнинг фаолият юритиш шароитига мослашуви
2.1. Хўжалик фаолиятини байналмилаллаштиришни мотивациялаш Замонавий шароитларда хорижий тадбиркорликни рағбатлантирувчи омилларга қуйидагилар киради:
-ички миллий бозордаги фаолиятга нисбатан юқори фойда олиш;
-нисбатан йирик ва қудратли фирманинг таъсири (масалан, унинг субетказиб берувчиси сифатида фаолият юритиши);
-ҳукумат ва халқаро ташкилотларнинг ташаббуси;
-компанияларнинг фаолиятини чет элга кўчиришга мажбур қилувчи миллий бозордаги ноқулай шароитлар;
-қабул қилувчи мамлакатда бозор сиғими, табиий ресурслар ва малакали арзон ишчи кучи ҳамда “инсон капитали”нинг мавжудлиги;
-экспорт учун протекционистик тўсиқлар;
-қабул қилувчи мамлакатда қимматли ахборотларнинг мавжудлиги;
-қалтисликларнинг диверсификацияси;
-хорижда янги технология, хорижий капитал ва ишлаб чиқариш ҳамда сотишни ташкил қилиш тажрибасини олиш;
-тез ўзгарувчан бозор конъюнктураси келтириб чиқарган узоқ муддатли талаб ва кўпсонли қалтисликларнинг ноаниқлиги сабабли товарларни ишлаб чиқариш ва хизмат кўрсатиш диверсификацияси;
-ташқи иқтисодий фаолият соҳасига чиқиш йўли билан рақобатбардошлик даражасини сақлаб қолиш;
-қабул қилувчи мамлакатда молиявий имкониятлардан фойдаланиш;
- чет элда имтиёзли солиққа тортиш.
2.2. Хорижда атроф-муҳитга мослашиш омиллари Хорижий фирма фаолият юритиш жараёнида одатда миллий хусусиятга эга бўлган шароитларга мослашиши керак бўлади. Бунда мослашиш омиллари икки гурухга: субъектив - хорижий фирманинг ташкилий тузилмаси ва стратегиясига боғлиқ омиллар ва объектив - уларга фирма таъсир кўрсата олмайди ва фақат мослашишга мажбур бўлувчи омилларга бўлинади. Объектив омиллар қуйидагилардан ташкил топган:
Ҳуқуқий меъёрлар.
Компания ходимларининг миллий мансублиги.
Маҳаллий урф-одатлар.
Ишлаб чиқариш муносабатлари.
Акциядорлар учун жозибали томонлар.
Рақобат.
Истеъмолчилар.
Технология.
Иқтисодиёт.
Жаҳон бозорида муваффақиятга эришиш учун халқаро менежер юқоридаги мослашиш омилларини ҳисобга олган ҳолда янги бозорга чиқишга тайёргарлик кўришда биринчи навбатда реклама кампаниясини ўтказиши керак. Реклама материаллари юқори сифатли бўлиши керак, чунки маълум даражада айнан уларга қараб потенциал истеъмолчилар ишлаб чиқариш ва сотишга мўлжалланган товарлар ва хизматларга баҳо берадилар.
Музокаралар босқичида халқаро компаниянинг тарихи, унинг маҳсулоти ва ишлаб чиқариш жараёни ҳақида инглиз тилида қисқа кўргазмали видеофильмни намойиш қилиш мақсадга мувофиқ. Нашрий ахборот материалларининг таркибига одатда қуйидагиларни киритадилар:
-халқаро компаниянинг активлари, бошқарув таркиби, хизмат кўрсатувчи банклар, молиявий ҳолати, компанияни яратиш тарихи ва фаолияти ҳақида аниқ ва қисқа ахборот берувчи фирманинг брошюраси;
-ишлаб чиқариш ва сотишга мўлжалланган товарлар ва хизматлар, шунингдек уларни ишлаб чиқаришнинг етакчи технологиялари ҳақида аниқ ва ихчам ахборот;
-халқаро компаниянинг қабул қилувчи мамлакатдаги хорижий филиалида ишлашга юборилаётган директорлар, менежерлар ва бошқа шахсларнинг қисқа резюмеси.