1.3. Хорижий тадбиркорлик шароитларида юқори қалтислик
“Тадбиркорлик” атамаси кенг маънода фирмани ташкил қилувчи ёки уни бошқарувчи шахсларнинг қалтисликка тайёрликнинг алоҳида жиҳатлари мажмуи сифатида аниқланади. “Тадбиркорлик” сўзи инглизча “entepeneurship” ёки французча “entrependre” сўзидан келиб чиқади ва таржима қилинганда “имкониятларни амалга ошириш, қўллаш ёки новаторлик фаолияти, ёхуд корхона тузиш йўли билан эҳтиёжлар ва истакларни қондириш” маъноларини англатади.
Хорижий тадбиркорлик билан боғлиқ қалтисликларни комплекс баҳолаш учун хорижий бизнес билан шуғулланувчи фирмалар фаолиятига таъсир қилувчи омилларни туркумлаш мақсадга мувофиқ. Ушбу омилларга қуйидагилар киради:
- ижтимоий-маданий - урф-одатлар, тил, демография, ҳаёт тарзи, дин, ажнабийларга муносабат, турмуш даражаси, ижтимоий муассасалар, меъёрлар, саводлилик даражаси.
- иқтисодий - иқтисодий ривожланиш даражаси, аҳоли жон бошига даромад, ЯММ динамикаси ва йўналиши, ҳукуматнинг молия сиёсати, ишсизлик даражаси, валюта алмашинуви, меҳнат ҳақининг даражаси, рақобат муҳити, иқтисодий бирлашмалар ва минтақавий интеграцион ташкилотларда иштирок этиш.
- технологик - технологияларни айирбошлашнинг ҳуқуқий меъёрлари, энергия ташувчиларнинг мавжудлиги ва қиймати, табиий ресурслар, транспорт тармоғи, ишчи кучининг малакаси, патент ҳимояси, инфратузилма, ахборот оқимлари.
- сиёсий-ҳуқуқий - давлатни бошқариш шакли, сиёсий мафкура, солиқ қонунчилиги, ҳукуматнинг барқарорлиги, ҳукуматнинг хорижий компанияларга муносабати, хорижий мулк ҳақидаги қонунчилик, оппозициянинг таъсири, савдо қонунчилиги, протекционизм даражаси, ташқи сиёсат, террористларнинг фаоллиги, ҳуқуқий тизим.
1.4. Жаҳон бозорида рақобатбардошликка эришишда халқаро менежментнинг ўрни
Жаҳон бозорида маҳсулот ва хизматларнинг рақобатбардошлигига эришишга ёндашувда бешта асосий йўналишни ажратиш мумкин:
1.Глобал менежмент тизимининг самарадорлиги халқаро компанияда ташқи иқтисодий фаолиятни бошқариш структурасининг оптимал тузилиши, ТМК тизими ички ва ташқи алоқаларининг мазмуни ва ташкил қилиниши билан аниқланади.
2.Халқаро компаниянинг ташқи бозорга янги товарлар ёки хизматлар тури билан чиқишга тайёрланганлик даражаси ИИТКИ натижаларининг сифати билан аниқланади.
3. Маҳсулотлар ёки хизматларнинг сифати.
4.Асосий истеъмолчиларнинг товарларни харид қилиш, хизматлардан фойдаланиш, ташиш, эксплуатация қилиш, кафолат муддати давомида таъмирлаш ҳаражатлари.
5. Асосий ва қўшимча эҳтиёжларни қондириш даражаси, истеъмолчилар манфаатларини ҳуқуқий ҳимоя қилиш даражаси, рекламанинг ҳақиқийлиги, қадоқлаш сифати, сақлаш, сотиш, етказиб бериш, сотувдан кейинги кафолатли хизмат кўрсатиш шартлари.
Жаҳон бозорида рақобатбардошликка эришишнинг асосий омили - бозор конъюнктурасини малакали таҳлил қилиш асосида тўғри танланган товарлар ва хизматларнинг ассортименти (турлари) ҳисобланади.
Бундай таҳлилни ўтказиш учун кўпинча “Бостон консалтинг груп” ишлаб чиққан ва “Бостон матрицаси” деб ном олган усулни қўллайдилар.
Бостон матрицасида халқаро компания жаҳон бозорига олиб чиқаётган товарлар ёки хизматлар бозорда эгаллаган улушига кўра тўртта квадратда туради. Бостон матрицасининг тузилиши глобал менежерга жорий вазиятни ва қабул қилувчи мамлакатдаги хорижий филиал ишлаб чиқараётган товарлар ёки хизматларни жаҳон бозорида сотиш истиқболларини аниқ кўриш ва баҳолаш имкониятини беради.
Матрица менежерга жаҳон бозорида сотиш жараёнида рақобатбардошлигини кўтариш учун зарур бўлган биринчи навбатдаги товарлар ёки хизматларни танлашга кўмаклашади. Бундан ташқари халқаро менежер Бостон матрицаси асосида ТМК тизими фирмаларининг куч-қувватларини жаҳон бозорида товарлар ёки хизматларнинг рақобатбардошлигини оширишга ва халқаро компаниянинг молиявий ресурсларини унинг хорижий филиаллари ўртасида тўғри тақсимлашга йўналтириш вазифасини ҳал қилиши мумкин.
Қатор ҳолларда халқаро менежерлар жаҳон бозорида рақобатчиларнинг фирмалари билан беллашмасликка, бунинг ўрнига бирдамликни намоён қилиш ва рақобатчилар билан бозорни бўлиб олиш ҳақида келишишни ёки бошқа рақиблар билан рақобат курашида куч-қувватларини бирлаштиришни лозим топади. Улар бу билан инновацион фаолиятни рағбатлантирувчи ва иқтисодиётни ҳамда пировард натижада аҳоли фаровонлигининг ўсишини таъминловчи рақобат механизмининг ҳаракатини чегаралайди. Давлатнинг маъмурий органлари рақобатнинг бундай чекланишига қарши тегишли иқтисодий сиёсат билан курашадики, бу сиёсатнинг хусусиятларини халқаро менежер ҳисобга олиши лозим. Масалан, Германияда рақобатнинг чекланишига қарши қонун давлатнинг ички ва ташқи тадбиркорликни тартибга солишнинг тўртта асосий соҳасини кўзда тутади:
-келишувларни, келишилган хулқ-атворни, рақобатни чеклашга қаратилган бир томонлама тадбирларни таъқиқлаш;
-бозорда ҳукмронлик қилувчи корхоналарнинг имконий суистеъмолларини назорат қилиш;
-корхоналар бирлашишини назорат қилиш;
-алоҳида қоидаларнинг ҳаракат соҳалари.
Do'stlaringiz bilan baham: |