3-Мавзу. Халқаро ва трансмиллий компаниялар ҳамда уларни бошқариш тизими 3.1. Миллий компаниянинг халқаро компания даражасига ўтиш эволюцияси Халқаро компаниялар - бу миллий капитални бошқа давлатларга тадбиркорлик фаолиятини амалга ошириш мақсадида олиб чиқувчи ташкилотлардир. ХХ1 асрнинг типик концерни - бу одатда турли тармоқлар ва ҳудудлар бўйича диверсификацияланган капиталнинг ягона мулкдоридир. Замонавий халқаро компаниялар трансмиллий, яъни ўз миллатига эга бўлган ёки кўпмиллатли бўлиши мумкин. Трансмиллий корпорациялар бош компания (одатда у компания миллатини аниқлайди) ва унинг хорижий филиалларини ўз ичига олувчи субъектлар тизимини ифодалайди. Бош компания бошқа давлатлардаги ўзининг хорижий филиаллари активини назорат қилади ва одатда уларнинг капиталида ўз улушига эга бўлади.
Кўп миллатли компанияларда ҳар хил миллатлар капиталларининг бирлашуви вужудга келади. Биринчи кўп миллатли компания “Юнилевер” 1929 йили “Маргарин Юни” (Дания) ва “Левер Бразерз” (Буюк Британия) фирмаларининг бирлашиши натижасида вужудга келди.
Миллий компанияларнинг халқаро компаниялар даражасига ўтишни рағбатлантирувчи учта асосий омилни ажратиб кўрсатиш мумкин:
1.Товар айирбошлашнинг ва шу билан бирга даромаднинг ўсиши. Бунда компания ишлаб чиқариш қувватларини кучайтириш ва масштаб самарасини ишлатиш имкониятига эга. Бундан ташқари у қалтисликни камайтириш учун хорижий ҳамкорлар билан бўлган алоқалардан фойдаланиши мумкин.
2.Қабул қилаётган давлатда хомашё ва ишчи кучининг нисбатан арзонлиги ҳисобига ишлаб чиқариш ва сотиш ҳаражатларини камайиши. Бундан ташқари, маҳаллий фирмалар билан қўшма корхоналар тузиш йўли билан савдо-сотиқ бозорини ва янги самарали технологияларга эришиш имкониятларини кенгайтириш.
3.Қабул қилаётган мамлакатнинг саноати, молия-кредит тизими, савдо каналлари ва инфраструктурасидан фойдаланиш.
Кўпчилик халқаро компаниялар учун миллий фирмалардан трансмиллий корпорацияларга ўтиш йўлида уларнинг ташқи иқтисодий фаолиятининг муайян кетма-кетлиги одатий ҳол бўлиб қолади.
Биринчи босқич – бир марталик экспорт-импорт битимларида акс этувчи, турли давлатлардан бўлган ҳамкорлар орасидаги шартнома муносабатлари.
Иккинчи босқич – бунда ҳар хил давлатлардан бўлган ҳамкорлар орасидаги муносабатларнинг навбатдаги кенгайиши ва такомиллашуви кўрсаткичи бўлиб икки йил ва ундан ортиқ муддатга мўлжалланган узоқ муддатли шартномалар хизмат қилиши мумкин.
Учинчи босқич - бу қўшма корхоналардир. Улар ҳар хил давлатлардан бўлган ҳамкорларни амал қилаётган саноат ёки тижорат фирмаларига эга бўлган ҳамкор мамлакатида зарур бўлган биноларни қуриш ва уларда ускуналарни ўрнатишларсиз, тезда биргаликдаги фаолиятини бошлаши мумкинлиги билан жалб этади. Қўшма корхона халқаро ҳамкорликнинг вақтинчалик шакли, унинг фаолияти ўртача тўрт йил давом этади..
Тўртинчи босқич. Ҳар хил давлатлардан бўлган ҳамкорларнинг ягона компанияга бирлашиш натижаси - бу ТМКнинг шаклланишидир. Компаниянинг трансмиллийлаштириш даражаси трансмиллийлаштириш индекси билан характерланади.
I = (XA/УA + XC/УС + ХШ/УШ) : 3
бу ерда, I- трансмиллийлаштириш индекси; ХА – хорижий активлар; УА – умумий активлар; ХС – хорижий филиалларининг товар ва хизматлар савдоси ҳажми; УС – умумий товар ва хизматлар савдоси ҳажми; ХШ – хорижий штат;
УШ – умумий штат.