Кимёвий таркиби. Клинкернинг кимёвий таркиби катта чегарада ўзгариб туради. Портландцемент клинкер ишлаб чиқариш учун хом ашё материаллари сифатида гил ва оҳактош жинслар ишлатилади. Гил жинслар турли моддалар (минераллар) дан ташкил топган. Уларда асосан 3 та оксид бор: SiO2, Al2O3 ва Ғе2О3. Оҳактошлар асосан кальций карбонатдан иборат. Кальций карбонат эса икки оксид-СаО ва СО2 дан иборат. Клинкер куйдирилганда СО2 гази ажралади; СаО, SiО2, Al2O3 ва Fe2O3 асосий оксидлар ва асосий клинкер минералларини ҳосил қилади.
Клинкер таркибида бу асосий оксидлар билан бир қаторда цемент сифатига маълум даражада таъсир кўрсатувчи оксидлар ҳам бўлиши мумкин. Булар одатда магний оксид (MgO), ишқорлар (Na2O ва K2O), титан икки оксид (TiО2), фосфор ангидрид (P2О5) ва сульфат кислота ангидриди (SО3) дир. Портландцемент таркибидаги асосий ва қўшимча оксидлар миқдори куйидагича бўлади :
СаО-63…67%; SiO2-21…24%; Al2О3-4…8%; Fe2O3-2…4%; MgO-0,5…5%; SO3-0,3…1%; Na2O ва К2О- 0,4…1%; TiО2 ва Cr2O3-0,2…0,5%; Р2О5-0,1…0,3%.
Клинкернинг кимёвий таркиби ГОСТ 5382—65 да берилган усул билан аниқланади.
1500°С температурада куйдирилган эркин магний оксид сув таъсирида сўниш қобилиятини йуқотмаса ҳам, у жуда суст сўнади. Унинг сўниш жараёни қотиб қолган цементтошда ҳам давом этиши мумкин. Натижада қоришма ва бетон ёрилади. Бундай хавфли ҳолнинг (цемент ҳажмининг нотекис ўзгаришининг) олдини олиш учун портландцемент таркибидаги эркин магний оксид миқдори стандарт томонидан чегараланади ва 4,5% дан – ошмаслиги зарур1.
Портландцементда калий ва натрий оксидлар бўлмаса яхши, чунки улар портландцементнинг тишлашиш муддатига таъсир қилади. Бундан ташқари, ишқорлар бетонда тўлдиргичлар билан (тўлдиргич таркибида аморф қумтупроқ бўлса) ўзаро кимёвий таъсир этишиши мумкин. Натижада қотган бетоннинг дарз кетишига сабабчи бўладиган натрий ва калий силикатлар ҳосил бўлади. Бу реакция атроф-мухит етарлича нам бўлса жуда тез кетади. Шу сабабли гидротехник бетонлар учун цемент ва тўлдиргичлар танланаётганда цементда қанча ишқор борлиги ҳисобга олиниши лозим ва тўлдиргичлар ва аморф қумтупроқ (опал, кремний, сланец ва бошқалар)дан қанча борлиги аниқланади. Бундан ташқари, портландцементда кўп миқдорда ишқорий металл оксидлар бўлса, бетон юзасида шўр доғлар ҳосил бўлиши мумкин.
Стандартга кўра, портландцемент таркибида ишқор исталган миқдорда бўлиши мумкин, аммо гидротехник бетонлар учун 0,6% дан, ер усти конструкцияларини қуришда ишлатиладиган қоришма ва бетонлар учун эса 1% дан ортиқ ишқори бўлган портланцдемент ишлатиш тавсия этилмайди. Цементда 4% гача титан икки оксид бўлса, у цемент сифатига ёмон таъсир қилмайди. Аммо TiO2 жуда кўпайиб кетса, цементнинг мустаҳкамлик кўрсаткичлари пасаяди.
Фосфор ангидрид 1,5…2% дан ортса, портландцементнинг қотиш жараёни секинлашади (сульфат кислота ангидриди портландцемент техник хоссаларига қандай таъсир қилиши хакида қуйида гапирилади).
Do'stlaringiz bilan baham: |