8-расм. КНАУФ асбоб-ускуналари ва улардан фойдаланиш.
9-расм. Сувоқ ва полсувоқ ишларини бажариш учун PFT машинаси.
Паз тароқли плиталардан пардеворлар қуриш ишлари тўсиб турувчи ва юк кўтариб турувчи конструкцияларни монтаж қилиш ишлари якунланганидан ва тоза пол қуриш ишларини бажаришдан олдин амалга оширилади.
Иш бошлашдан олдин пол ва шифт асосидан чанг ва кирни кетказиш керак. Сўнгра пол асосида пардеворнинг лойиҳавий ўрни белгиланиб, шовун ёрдамида шифт ва деворга кўчирилади. Белгилаш ишлари охирида пардевордаги эшик ва жиҳозлар ўринлари белгиланади. Пардеворга асос бўлиб ҳизмат қиладиган пол асосининг юзи нотекисликлардан иборат бўлса, нотекисликларни текислаб, сўнгра пардевор тиклаш ишларига киришилади.
Пардеворни асосий деворга, шифтга ва пол асосига бириктириш бикр ёки эластик қилиб амалга оширилиши мумкин. Эластик қилиб бириктириш пардеворларга товуш ўтказмасликнинг юқори талаблари қўйилганда амалга оширилади. Бундай бириктириш қавтлараро ёпмаларнинг тебранишини сўндириш вазифасини ҳам бажаради. Пардеворни бошқа конструкциялар билан эластик бириктириш учун унинг таянч ва туташув чокларига шпаклёвка билан ёпиштириш ёрдамида пўкак, битум шимдирилган намат ёки зичлиги катта бўлмаган ёғоч толали плита 3-5 мм қалинликда қўйилади. Навбатдаги ишлар 20-30 мин. дан сўнг, яъни шпаклёвка қотганидан сўнг бажарилади.
Пардеворни бикр туташтиришда паз тароқли плиталар бевосита пол, шифт ва девор асоси билан бириктирилади.
Паз тароқли плиталардан пардевор теришда пазларни тепага қилиб териш тавсия қилинади, чунки бунда қоришма паз-тароқ туташувида тўғри тақсимланади.
Пардевор теришда гипс асосидаги “Фугенфюллер” монтаж-шпаклёвкаси қўлланилади. Биринчи қатор плиталарини ўрнатишда текислагич ёрдамида уларни бир текисликка тизилади. Биринчи қатордаги плиталарнинг горизонталлигини уларнинг остига ёғоч ёки бошқа поначалар қўйиб текисланади. Пардевор тиклигини териш даврида сақлаш мақсадида деворга вақтинча маёқчали профил тик ҳолатда қотирилади.
Кейинги қатор плиталарини териш учун остки қатор плитасининг пазига шпаклёвка қоришмаси солинади, шу билан бирга ёнбошдаги тик пазга ҳам шпаклёвка солинади. Ҳар бир ўрнатилган плита резина болға ёрдамида уриб жойлаштирилади. Плиталарни жойлаштириш вақтида чиқган ортиқча қоришма сидириб олиниб, идишга қайтариб солинади. Вертикал ва горизонтал чокларнинг эни 2 мм дан ошмаслиги керак. Ҳар бир плита пардевор текислигидан чиқиб кетмаслигини кузатиб бориш керак. Бунинг учун сатҳ ўлчагич ва текислагични қўллаш керак.
Плиталарни териш чокларни “силжитиш”, яъни вертикал туташув чокларини кейинги қатор плитаси ёпиб турадиган қилиб амалга оширилади. Бундай усул пардеворнинг мустаҳкамлигини таъминлайди.
Чокларни силжитиб теришда яримталик плита керак бўлади. Бу масала қурилиш майдониниг ўзида осон ҳал қилинади. Бунинг учун йирик тишли дастаки арра ёки электр асбоб ёрдамида гипс плита керакли ўлчамда икки бўлакка бўлинади.
Шифтга тегиб турувчи охирги қатор плиталарининг бир томон қирраси олиб ташланади. Талаб қилинадиган жойларда плиталар қаватлараро ёпманинг шакли бўйича қирқилади. Одатда плиталар горизонтал ҳолатда терилади, лекин охирги қатор плиталарини вертикал ҳолатда териш мумкин. Бу ҳолда чокларни силжитиб териш қоидасига қатъий амал қилинади.
Охирги қатор плитаси билан қавтлараро ёпма орасидаги бўшлиқ шпаклёвка қоришмаси билан тўлдирилади.
Пардеворларда кўпинча эшик ва деразалар ўрнатиш кўзда тутилади. Бу эшик ва деразалар ёғочдан, алюминдан, темирдан ва пластикдан бўлиши мумкин. Эшик ва дераза кесакилари ПТПдан қилинган пардеворларга бурама михлар ёки махсус дюбеллар ёрдамида қотирилади.
Пардеворлар кесишадиган жойларда паз тароқли плиталарнинг чоклари силжитиб-боғлаб терилади.
Ташқи бурчаклар бурчак ҳимояловчи профиллар билан ҳимояланади. Профилни шпаклёвка қоришмасида ёпиштириб, кенг шпателда текисловчи қатлам суртилади. Бу жараённи бажаришда ташқи бурчакларни шпаклёвка қилишга мўлжалланган махсус шпателдан фойдаланилади.
Ички бурчаклар шпаклёвка ёрдамида ёпиштириладиган махсус арматураловчи тасма билан ҳимояланади. Шундан сўнг текисловчи қатлам суртилади. Бу ишларни бажаришда ички бурчакларни шпаклёвка қилишга мўлжалланган махсус шпателдан фойдаланилади. Пардеворни теришда ҳатоликларга йўл қўйилган бўлса, юзани текислаш амалга оширилади. Пардевордаги чуқурликларга кенг шпателда текисловчи қатлам шпаклёвкаси суртилади. Қабариқликлар тўрли андава ёрдамида олиб ташланади. Шпаклёвка қатлами қуриганидан сўнг бутун юза силлиқланади (10-расм).
Пазтароқли плиталардан қурилган пардеворларда электр ва кам қувватли симлар ёпиқ ҳолда, ўйиқларда ўтказилади. Бу ишлар пардозлаш ишлари бошлангунига қадар амалга оширилиши керак. Сим ўтказиш учун ўйиқлар махсус электрасбоб ёрдамида бажарилади.
Тақсимловчи қутилар, розетка ва ёқиб-ўчиргичларни ўрнатиш учун электр дрел мосламаси ёрдамида чуқурчалар қилинади.