22-модда. Ўқитувчиларни малакасини ошириш ва қайта тайёрлаш
Давлат томонидан мактабгача, умумий ўрта, ўрта махсус, касб-ҳунар ва мактабдан ташқари таълим муассасаларида ўқитувчиларни малакасини ошириш ва қайта тайёрлаш учун шароит яратиш кафолатланади.
Ўқитувчиларнинг малакасини ошириш ва уларни қайта тайёрлаш ижтимоий ривожланиш, фан-техника тараққиёти талабларига, соҳадаги ва тизимдаги ўзгаришларга мувофиқ равишда, шунингдек мутахассисларнинг шахсий талаб-эҳтиёжларини ҳисобга олиб, касбий билим ҳамда кўникмаларини ўзлаштириш ва бойитиш, шунингдек янги ихтисос ўргатиш мақсадида амалга оширилади.
Ўқитувчиларнинг малакасини ошириш ва уларни қайта тайёрлаш давлат бюджети ва бюджетдан ташқари маблағлар ҳисобидан, шунингдек корхоналар, муассасалар, ташкилотлар билан шартномалар асосида таълим тизими ходимларини қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш ҳудудий марказлари, олий таълим муассасалари ва илмий муассасалар базасида амалга оширилади. Таълимнинг шакллари, муддатлари ва мазмуни буюртмачи билан келишилган ҳолда таълим муассасалари томонидан белгиланади.
Хорижий мамлакатларда таълим муассасаларини тамомлаган педагог ходимлар қайта тайёрлаш ва малака ошириш тизимида ўқишга базавий маълумоти тўғрисидаги ҳужжати нострификациядан ўтгандан кейин қўйилади, қонун ҳужжатларида белгиланган ҳоллар бундан мустасно.
Давлат педагогик ва илмий-педагогик ходимлар учун илмий педагогик, ўқув-услубий, ихтиро, экспериментал ва экспертлик фаолияти учун ижодий таътил беришни кафолатлайди.
Амалдаги қонун ҳужжатлари билан тартибга солинмаган ҳолларда ўқитувчилар ва илмий ва педагогик ходимларнинг малакасини ошириш тартиби, турлари ва шакллари давлат томонидан белгиланади.
23-модда. Ўқитувчиларнинг аттестацияси
Ўқитувчилар асосий иш жойи бўйича аттестацияга жалб этилади. Таълим муассасаларида ўриндошлик асосида дарс берадиган ва асосий иш жойи бўйича педагогик фаолият билан шуғулланмайдиган ўқитувчилар ўриндошлик асосида фаолият юритаётган таълим муассасида аттестациядан ўтади.
Аттестация мактабгача, умумий ўрта ва мактабдан ташқари таълим муассасалари педагог кадрлари учун ҳар беш йилда, ўрта махсус, касб-ҳунар таълими муассасалари педагог кадрлари учун ҳар уч йилда бир марта ўтказилади.
Ўқитувчиларни аттестациядан ўтказиш жараёни билан боғлиқ харажатлар Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан қопланади.
Ўқитувчиларни аттестациядан ўтказиш тартиби Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланади.
Do'stlaringiz bilan baham: |