Қисқача назарий маълумотлар Тақсимловчи қурилмалар ўз конструкциясига кўра ички (ёпиқ) ва ташқи (очиқ) турга бўлинади. Ички тақсимловчи қурилмалар ускуналари биноларда жойлаштирилиб, натижада атмосфера ёғингарчиликларидан, шамол, ҳароратнинг кескин ўзгаришларидан, шунингдек чанг ва заҳарли кимёвий ифлосланишлардан ҳимояланади. Ташқи тақсимловчи қурилмалар ускуналари бино ташқарисида жойлаштирилгани боис ҳимоя корпусларини ва ташқи таъсирлардан ҳамда қишки мавсумда электр қизиб кетишдан асрайдиган ғилофларни талаб этади. Бироқ ташқи тақсимловчи қурилмалар ускуналарнинг кўргазмали жойлаштирилиши, ҳар томондан кўришнинг қулайлиги, шунингдек катта ҳажмдаги махсус бино хоналарини қуриш заруратини истисно этадиган қурилиш-монтаж ишларининг ҳажми ва муддатини қисқартириш имконини бериш каби афзалликларга эга.
Агар монтаж ишларининг катта қисми қурилмаларни ўрнатиш жойида олиб борилса, йиғма тақсимловчи қурилмалардан фойдаланилади. Агар улар махсус заводларда ишлаб чиқарилиб, ўрнатиш жойига блоклар, шкафлар, панеллар ва ячейкалар кўринишида келтирилса, ушбу тақсимловчи қурилмалар тўпламли (комплект) деб номланади.
Барча турдаги тақсимловчи қурилмалар хавфсизлик, ишончлилик, тежамкорлик, ҳалокатлар олдини олиш ва кенгайтириш имкониятини мавжудлиги талабларига жавоб бериши лозим.
Тақсимловчи қурилмаларга хизмат кўрсатишдаги хавфсизлик кўплаб усуллар орқали таъминланади:
– тақсимловчи қурилмаларни чегаралаш ёки уларни баландроқ жойга ўрнатиш орқали кучланиш остидаги қисмларга бехосдан тегиб кетиш ҳолатини истисно этиш;
– қурилма шундай ўрнатиладики, бунда ажратгичларнинг ўчирилган ҳолатини визуал текшириб кўриш имкони бўлади;
– хизмат кўрсатиш йўлаклари талаб даражасидаги ўлчамларда ва чиқиш жойларининг зарурий миқдорида барпо этилади;
– ҳимояли ерга уланишни амалга ошириш;
– коммутация аппаратлари, ускуналар ҳолати ва иш режими сигнализацияси билан нотўғри операцияларни бажариш имкониятини истисно этадиган блокловчи қурилмаларни қўллаш;
– бошқарув шитидан қурилмаларни бошқаришни марказлаштириш.
Тақсимловчи қурилмаларнинг ишончлилиги узилишсиз электр таъминот учун зарур бўлиб, қуйидаги бир қатор шароитлар билан таъминланади:
– қурилмаларнинг юқори сифати ва уларни тўғри танлаш, ўчиргичларнинг зарурий коммутация қобилияти; ускуналарнинг электр динамик ва термик мустаҳкамлиги;
– қурилиш-монтаж ишларининг юқори сифати, заводда ишлаб чиқарилган комплект ва блокли узеллар ҳамда конструкцияларни кенг қўллаш;
– тақсимловчи қурилмалар йиғма шиналарининг ишончли тез таъсир этувчи ҳимояси ва уларнинг туташмаларини қўллаш, фавқулодда вазиятда электр таъминотни тез тиклаш имконини берадиган автоматика қурилмаларидан фойдаланиш;
– эксплуатация жараёнида тақсимловчи қурилмаларнинг ишончлилигини қўллаб-қувватлашга ёрдам берадиган оператив ва таъмирловчи ишчиларнинг юқори малакаси.
Тақсимловчи қурилмаларнинг тежамкорлиги хавфсизлик ва ишончлилик талабларига жавоб бериш шарти билан унинг нархига кўра энг арзон вариантини танлаш орқали аниқланади.
Ўчиргични ўчиришда ёки ажратгичлар билан бажарилган нотўғри операцияларда ёки изоляциянинг тешилишида қурилмага ёйнинг таъсирини чеклаш орқали ҳалокатларнинг олди олинади.
Тақсимловчи қурилмаларни кенгайтириш имконияти электр қурилмаларни ривожлантириш истиқболи билан боғлиқ, бунинг учун қўшимча қурилмаларни ўрнатиш учун ички тақсимловчи қурилмаларга мўлжалланган биноларнинг захиравий майдонига эга бўлиш талаб қилинади.