10-модда. Ўқитувчилик фаолиятининг кафолатлари
Ўқитувчининг ҳуқуқлари, шаъни ва қадр-қиммати қонун билан қўриқланади.
Давлат ўқитувчига ўз касбига доир фаолиятни амалга оширишида унинг ҳимоя қилинишини таъминлайди.
Ўқитувчининг касбий фаолиятига ота-оналар, тегишли ваколатга эга бўлмаган идора ва ташкилотлар бевосита аралаш ҳуқуқига эга эмаслар.
11-модда. Ўқитувчининг одоб-ахлоқ қоидалари
Ўқитувчиларнинг этика (касбга оид одоб-ахлоқ) қоидалари ўқитувчининг шахсига ва ўз касбига доир вазифаларни бажариш чоғида унинг хулқ-атворига қўйиладиган талабларни белгиловчи қоидалар мажмуидан иборатдир.
Ўқитувчиларнинг касбга оид одоб-ахлоқ қоидалари таълимни бошқариш бўйича махсус ваколат берилган давлат органлари, ўқитувчиларнинг касаба уюшмалари томонидан белгиланади.
Ўқитувчиларнинг кийинишига қўйиладиган талаблар таълим ташкилотлари томонидан белгиланиши мумкин.
12-модда. Мажбурий меҳнатга жалб этилмаслик
Ўқитувчиларнинг дарс ва тўгарак машғулотларини ташкил этиш ҳамда синф ёки гуруҳ журналини юритишдан ташқари бошқа педагогик юкламалар бўйича ҳисоботлар ва қўшимча маълумотларни талаб қилишга йўл қўйилмайди.
Ўқитувчиларни хизмат мажбурияти билан боғлиқ бўлмаган ишларга, мажбурий меҳнатга, шу жумладан, туман ва шаҳарлар ҳудудларини ободонлаштириш ҳамда кўкаламзорлаштириш ишлари, мавсумий қишлоқ хўжалиги ишлари ҳамда бошқа турдаги ишларга жалб қилиш тақиқланади.
Ўқитувчиларни уларнинг касбий фаолияти билан боғлиқ бўлмаган йиғилишлар ва бошқа тадбирларга жалб қилиш, уларнинг босма нашрларга мажбуран обуна бўлишини ташкил этиш қонун билан ман этилади.
13-модда. Меҳнатга ҳақ тўлаш
Ўқитувчининг меҳнатига ҳақ тўлаш меҳнат шартномасида (контрактда) назарда тутилган функционал мажбуриятларни бажарганлиги учун тўланади. Ходимнинг қўшимча шартнома асосида бошқа ишлар ва мажбуриятларини бажарганлиги учун, амалдаги қонун ҳужжатларида назарда тутилган ҳоллар бундан мустасно, фуқаролик-ҳуқуқий тусдаги шартномага мувофиқ алоҳида ҳақ тўланади.
Ўқитувчиларнинг базавий тариф ставкалари ва лавозим маошлари таълим соҳаси бўйича ихтисослиги, педагогик иш стажи, тоифаси, илмий даражаси, давлат мукофотлари ва унвонлари мавжудлиги ҳисобга олинган ҳолда белгиланади.
Ўқитувчилар иш ҳақининг бошланғич даражаси энг кам иш ҳақининг саккиз бараваридан кам бўлмаган даражада белгиланади.
«Ўзбекистон Республикаси халқ ўқитувчиси» ва «Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган халқ таълими ходими» фахрий унвони эгаларига устама иш ҳақи қонун ҳужжатларига мувофиқ тўланади.
Умумтаълим мактабларида, мактабгача ва мактабдан ташқарида таълим муассасаларида фаолият олиб борадиган ўқитувчиларга амалдаги қонун ҳужжатларига мувофиқ устамалар белгиланади.
Ходимдан қўшимча педагогик малакани талаб этадиган меҳнатнинг алоҳида шароитларида ишлаганлик учун базавий тариф ставкасига устамалар қонун ҳужжатларига мувофиқ белгиланади.
Табиий иқлим шароити ноқулай бўлган ҳамда республиканинг олис тоғли ва чекка ҳудудларида ишлайдиган ўқитувчиларга давлат томонидан қонун ҳужжатларига мувофиқ устамалар ва имтиёзлар белгиланади.
Таълим муассасалари иш ҳақи учун бюджет ва бюджетдан ташқари маблағлари доирасида ходимларга устамаларни, моддий рағбатлантириш ва компенсациянинг бошқа турларини ўрнатиши мумкин, шунингдек, таълим сифатини ошириш учун ўқув, методик ва илмий адабиётларни сотиб олишга маблағ ажратади.
Do'stlaringiz bilan baham: |