4-модда. Божхона органлари фаолиятининг асосий принциплари
Божхона органлари фаолиятининг асосий принциплари қонунийлик, ягоналик, очиқлик ва шаффофлик, жисмоний ҳамда юридик шахсларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларига риоя этиш ҳамда ушбу ҳуқуқлар, эркинликлар ва қонуний манфаатларни ҳурмат қилишдан иборатдир.
5-модда. Божхона органларининг давлат органлари ҳамда бошқа ташкилотлар, фуқаролик жамияти институтлари ва фуқаролар билан ҳамкорлиги
Божхона органлари ўз зиммасига юклатилган вазифаларни бажаришда давлат органлари ва бошқа ташкилотлар, фуқаролик жамияти институтлари ҳамда фуқаролар билан ҳамкорлик қилади.
Давлат органлари ва бошқа ташкилотлар божхона органларининг ўз фаолиятини амалга оширишида, шунингдек божхона тўғрисидаги қонун ҳужжатлари бузилишларига қарши курашишида уларга ўз ваколатлари доирасида кўмаклашиши шарт.
Божхона органларининг давлат органлари ва бошқа ташкилотлар билан ҳамкорлиги электрон ахборот алмашинувидан фойдаланган ҳолда амалга оширилиши мумкин.
Божхона органларининг зиммасига юклатилган вазифаларни бажариш учун зарур бўлган маълумотлар ва ҳужжатлар уларнинг қонуний талаблари бўйича давлат органлари ҳамда бошқа ташкилотлар томонидан бепул асосда тақдим этилади.
2-боб. Божхона органлари, уларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари
6-модда. Божхона органлари
Божхона органлари ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлардир.
Ўзбекистон Республикаси Давлат божхона қўмитаси, Давлат божхона қўмитасининг Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар, Тошкент шаҳар бўйича бошқармалари, «Тошкент-АЭРО» ихтисослаштирилган божхона комплекси, божхона постлари, Олий ҳарбий божхона институти, шунингдек Миллий кинология маркази божхона органларидир.
Божхона органлари Ўзбекистон Республикаси Давлат гербининг тасвири туширилган ва ўз номи кўрсатилган муҳрга эга бўлган юридик шахслардир.
Божхона органлари Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан ташкил этилади ва тугатилади.
Божхона органларининг ташкилий-штат тузилмаси ва чекланган штатлари сони, божхона постларининг тоифалари Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан тасдиқланади.
Ўзбекистон Республикаси Давлат божхона қўмитаси тўғрисидаги низом Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан тасдиқланади.
Божхона органларига Ўзбекистон Республикаси Давлат божхона қўмитаси раиси раҳбарлик қилади.
Ўзбекистон Республикаси Давлат божхона қўмитаси раиси зарур ҳолларда божхона органларининг ташкилий-штат тузилмаларига белгиланган умумий штатлари сони доирасида ўзгартишлар киритишга ҳақли.
Божхона постлари таркибида божхона пунктлари ташкил этилиши мумкин. Божхона пунктлари Ўзбекистон Республикаси Давлат божхона қўмитаси раиси томонидан ташкил этилади ва тугатилади.
Do'stlaringiz bilan baham: |