12-модда. Ўқотар қуролни қўллаш
Божхона органлари ходимлари ўқотар қуролни фақат қуйидаги ҳолларда энг сўнгги чора сифатида қўллаш ҳуқуқига эга:
фуқароларни бошқа усуллар ёки воситалар билан ҳимоя қилиш имкони бўлмаганда — уларни ҳаёти ва соғлиғига таҳдид солувчи ҳужумдан ҳимоя қилиш учун;
божхона органи ходимлари контрабандага ва бошқа жиноятларга қарши курашиш бўйича хизмат мажбуриятларини бажараётганда — ўзларининг ҳаёти ва соғлиғига таҳдид солувчи қуролли ҳамда бошқа ҳужумларни қайтариш учун;
божхона органи томонидан қўриқланаётган объектларга, биноларга (иморатларга, иншоотларга) қуролли ҳужумларни қайтариш учун;
божхона органи ходимининг қуролни ва унинг ўқ-дориларини, портловчи моддаларни, портловчи мосламаларни, заҳарли ёки радиоактив моддаларни топшириш тўғрисидаги қонуний талабларига бўйсунишни рад этаётган шахсни ушлаш учун;
қуролли қаршилик кўрсатаётган шахсни ушлаш учун, агар қўлланилаётган усуллар ва воситалар қаршиликни самарали қайтариш, шахсни ушлаш ёки қуролсизлантириш имконини бермаса;
агар транспорт воситасини бошқараётган шахс божхона органи ходимининг тўхташ тўғрисидаги қонуний талабларига бўйсунмасдан фуқаролар ҳаёти ва соғлиғига таҳдид қилса, шунингдек уни ушлашнинг бошқа имкониятлари мавжуд бўлмаган тақдирда.
Ўқотар қурол қўлланилишидан аввал уни қўллаш нияти ҳақида аниқ ифодаланган огоҳлантириш бўлиши керак.
Ўқотар қурол қуйидаги ҳолларда огоҳлантиришсиз қўлланилиши мумкин:
қўққисдан қуролли ҳужум қилинганда, шунингдек ҳарбий техника, транспорт воситалари, учиш аппаратлари, дарё кемаларидан фойдаланиб ҳужум қилинганида;
транспорт воситаларидан фойдаланган ҳолда контрабанда ашёларини ноқонуний олиб ўтган ва бошқа жиноятларни содир этган қуролланган шахслар қочганда.
Ўқотар қурол қўлланадиган барча ҳолларда божхона органи ходими атрофдаги одамлар хавфсизлигини таъминлаш учун барча мумкин бўлган зарур чораларни кўриши, зарур ҳолларда эса жабрланганларга биринчи ёрдам кўрсатиши шарт.
Ҳомиладорлик белгилари сезилиб турган аёлларга, ногиронлик белгилари кўриниб турган шахсларга, ёши аниқ кўриниб турган ёки маълум бўлган вояга етмаганларга нисбатан ўқотар қуролни қўллаш тақиқланади, бундан уларнинг қуролли ҳужум қилганлиги, фуқароларнинг ёхуд божхона органи ходимининг ҳаёти ва соғлиғига таҳдид этиб, қуролли қаршилик кўрсатганлиги, қуролдан фойдаланиб транспорт воситасини эгаллаб олганлиги ёки гуруҳ бўлиб ҳужум қилганлиги ҳамда бундай ҳужумни бошқа усуллар ва воситаларни қўллаш йўли билан қайтариш имкони бўлмаган ҳоллар мустасно.
Божхона органлари фойдаланадиган ўқотар қурол ва унинг ўқ-дорилари турларининг рўйхати Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан тасдиқланади. Ушбу рўйхатга кирмайдиган ўқотар қурол ва унинг ўқ-дорилари билан божхона органларини қуроллантириш ҳамда улардан фойдаланиш тақиқланади.
Do'stlaringiz bilan baham: |