10-модда. Жисмоний куч ишлатиш
Агар куч ишлатилмайдиган усуллар божхона органи ходимининг зиммасига юклатилган мажбуриятларнинг бажарилишини таъминламаса, у шахсан ўзи ёки бўлинма (гуруҳ) таркибида:
божхона органларининг қўриқланадиган объектларини, ўқотар қуролни ва унинг ўқ-дориларини, портловчи моддаларни, транспорт воситаларини эгаллаб олишга бўлган уринишларга чек қўйиш учун;
фуқарога ёки божхона органининг ходимига қилинган ҳужумни қайтариш учун;
қуролли қаршилик кўрсатиши мумкин бўлган шахсни ушлаш, олиб бориш, қўриқлаб бориш ва қўриқлаш учун, шунингдек унинг қочишга уринишини, атрофдагиларга ёки ўзига зарар етказишини бартараф этиш мақсадида;
божхона органи ходимининг қонуний талабларига қаршилик кўрсатишни бартараф этиш учун жисмоний куч ишлатиш ҳуқуқига эга бўлади.
Ҳомиладорлик белгилари сезилиб турган аёлларга, ногиронлик белгилари кўриниб турган шахсларга, ёши аниқ кўриниб турган ёки маълум бўлган вояга етмаганларга нисбатан жисмоний куч ишлатиш тақиқланади, бундан уларнинг қуролли қаршилик кўрсатганлиги, фуқароларнинг ёхуд божхона органи ходимининг ҳаёти ва соғлиғига таҳдид этиб, ҳужум қилганлиги ҳоллари мустасно.
11-модда. Махсус воситаларни қўллаш
Божхона органи ходими хизмат мажбуриятларини бажариш чоғида махсус воситаларни: хоналарни очиб кириш ва транспорт воситаларини мажбурий тўхтатиш қурилмаларини, қўлкишанларни, резина таёқларни, кўздан ёш оқизувчи моддаларни, шунингдек бошқа махсус воситаларни ва техникани қўллаш ҳуқуқига қуйидаги ҳолларда эга бўлади:
фуқароларга ёки божхона органларининг ходимларига қилинган ҳужумни қайтариш учун;
божхона органларига тегишли ёки уларнинг фойдаланишида бўлган хонага, бинога (иморатга, иншоотга), транспорт воситасига, божхона назорати остидаги товарларга ва транспорт воситаларига қилинган ҳужумни қайтариш, худди шунингдек ушбу объектлар эгаллаб олинган тақдирда, уларни озод қилиш учун;
божхона органи ходимига кўрсатилаётган жисмоний қаршиликни бартараф этиш учун;
ҳуқуқбузарларни ушлаш, уларни божхона органига ёхуд ҳуқуқни муҳофаза қилувчи бошқа органга олиб бориш учун, агар мазкур шахслар жисмоний ёки ўзгача қаршилик кўрсатаётган бўлса;
транспорт воситасини тўхтатиш учун, агар мазкур транспорт воситаси божхона иши соҳасидаги ҳуқуқбузарлик объекти эканлиги хусусида асослар мавжуд бўлса.
Ҳомиладорлик белгилари сезилиб турган аёлларга, ногиронлик белгилари кўриниб турган шахсларга, ёши аниқ кўриниб турган ёки маълум бўлган вояга етмаганларга нисбатан махсус воситаларни қўллаш тақиқланади, бундан уларнинг қуролли қаршилик кўрсатганлиги ва (ёки) фуқароларнинг ёхуд божхона органи ходимининг ҳаёти ва соғлиғига таҳдид этиб, гуруҳ бўлиб ҳужум қилганлиги ҳоллари мустасно.
Одамнинг бошига, бўйнига, ўмров суягига, қорнига, жинсий аъзоларига, юрак соҳасига резина таёқ билан зарбалар бериш тақиқланади.
Божхона органлари ходимлари қўллайдиган махсус воситаларнинг рўйхати Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан тасдиқланади.
Do'stlaringiz bilan baham: |