17-модда. Божхона органлари ходимларини лавозимга тайинлаш ва лавозимидан озод этиш
Ўзбекистон Республикаси Давлат божхона қўмитаси раиси Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг тақдимига биноан Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан лавозимга тасдиқланади ва Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан лавозимидан озод этилади.
Ўзбекистон Республикаси Давлат божхона қўмитаси раиси мақомига кўра вазирга, Ўзбекистон Республикаси Давлат божхона қўмитаси раисининг биринчи ўринбосари ва ўринбосарлари эса тегишинча вазирнинг биринчи ўринбосари ва ўринбосарларига тенглаштирилади.
Ўзбекистон Республикаси Давлат божхона қўмитаси раисининг ўринбосарлари, Давлат божхона қўмитасининг Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар, Тошкент шаҳар бўйича бошқармалари ва «Тошкент-АЭРО» ихтисослаштирилган божхона комплекси бошлиқлари Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан лавозимга тайинланади ва лавозимидан озод этилади.
Ушбу модданинг биринчи ва учинчи қисмларида назарда тутилмаган божхона органлари ходимларини лавозимга тайинлаш ва лавозимидан озод этиш Ўзбекистон Республикаси Давлат божхона қўмитаси томонидан белгиланадиган тартибда амалга оширилади.
Ташкилий-штат ўзгаришлари бўлганида божхона органи ходими эгаллаб турган лавозимидан озод қилинади ва икки ойгача муддатга, Ўзбекистон Республикаси Давлат божхона қўмитаси раисининг рухсати билан — икки ойдан ортиқ муддатга божхона органлари ихтиёрига олинади.
Божхона органлари ихтиёридаги божхона органи ходимига дастлабки икки ой давомида охирги эгаллаган лавозими бўйича пул таъминоти, учинчи ойдан бошлаб махсус унвони бўйича маоши ва хизмат йиллари учун устама сақланиб қолади. Тўрт ой ўтганидан кейин тўлов Ўзбекистон Республикаси Давлат божхона қўмитаси раисининг қарорига кўра амалга оширилиши мумкин.
Божхона органи ходими божхона органлари ихтиёрида бўлган муддатга унинг касал бўлган (меҳнатга лаёқатсизлик варақаси мавжуд бўлганида) ва йиллик навбатдаги таътилда бўлган (болани парваришлаш таътилида бўлиш бундан мустасно) давр қўшиб ҳисобланмайди. Ушбу таътиллар даврида пул таъминотини тўлаш фақат дастлабки икки ой давомида амалга оширилади.
Божхона органи ходими божхона органлари ихтиёрида икки ойдан ортиқ бўлган даврнинг бир куни бир кунга тенглаштирилган ҳолда умумий хизмат стажига қўшилади.
Божхона органи ходимининг ёки унинг оила аъзоларининг ҳаёти ва соғлиғига таҳдид, шунингдек уларнинг соғлиғи ҳолати туфайли хизмат (яшаш) жойини ўзгартириш зарурати юзага келган тақдирда, мазкур ходимни божхона органларининг бошқа бўлинмасига хизматга ўтказиш амалга оширилади.
Божхона органларининг ўзаро қариндошлик алоқаларида бўлган ходимлари (ота-она, эр-хотин, ака-ука, опа-сингил, фарзандлар, шунингдек эр-хотиннинг ота-онаси, ака-укаси, опа-сингиллари), агар хизматни битта бўлинмада ўташ бирининг иккинчисига бўйсуниши ёки назорати остида бўлиши билан боғлиқ бўлса, улар битта бўлинмадаги лавозимларга тайинланиши мумкин эмас.
Божхона органи ходимини эгаллаб турган лавозимидан четлаштириш ҳақида жиноят иши бўйича суд қарори чиқарилганида у эгаллаб турган лавозимидан озод этилади ва аввалги хизмат мажбуриятларини бажариш билан боғлиқ бўлмаган қуйи ёки тенг лавозимга тайинланади ёхуд божхона органлари ихтиёрида қолдирилади.
Эгаллаб турган лавозимидан четлаштирилган ходимни хизматдан бўшатиш ёки уни аввалги ёхуд тенг лавозимга тайинлаш тўғрисидаги масала бунга ваколатли бўлган бошлиқлар томонидан суд қарори асосида ҳал этилади.
Божхона органи ходимини лавозимдан лавозимга ўтказиш қуйидаги тартибда амалга оширилади:
юқори лавозимга — хизмат бўйича кўтарилиш ёки рағбатлантириш тартибида;
тенг лавозимга — шахсий илтимосига кўра, соғлиғининг ҳолати бўйича (ички ишлар органларининг ҳарбий-тиббий комиссияси хулосаси асосида), оилавий шароитига кўра, суд қарори, хизмат текширувининг хулосаси асосида лавозимдан четлаштирилганда ёки ходимнинг касбий ва шахсий хислатларини, эгаллаб турган лавозимидаги амалий тажрибасини инобатга олган ҳолда бўш лавозимларни тўлдириш зарурияти юзага келганида, шунингдек ташкилий-штат ўзгаришлари бўлганида;
қуйи лавозимга — ходимнинг шахсий илтимосига кўра, соғлиғининг ҳолати бўйича (ички ишлар органларининг ҳарбий-тиббий комиссияси хулосаси асосида), аттестация натижаларига кўра эгаллаб турган лавозимига нолойиқ деб топилганда, интизомий жазо чораси сифатида эгаллаб турган лавозимидан озод этилганда, шунингдек ташкилий-штат ўзгаришлари бўлганида ёки суд қарори асосида лавозимидан четлаштирилганлиги сабабли уни тенг лавозимга ўтказиш имконияти бўлмаганида.
Божхона органларининг раҳбар лавозимларни эгаллаган ходимлари тенг лавозимга, шу жумладан бошқа таркибий тузилмага, қоида тариқасида, эгаллаб турган лавозимида уч йил ишлаганидан сўнг ротация тартибида ўтказилиши мумкин.
Do'stlaringiz bilan baham: |