2. Солиққа тортиштамойиллари Солиқларнинг функциясини ўрганиш уларнинг иқтисодиётдаги ролини кўрсатиб берса, солиққа тортиш тамойиллари солиқ муносабатларини амалиётда ташкил этиш, солиққа тортиш, уни ундириш амалиётининг мазмунини очиб беради. Кўплаб иқтисодчилар солиққа тортиш иқтисодиётнинг равнақига олиб келиши мумкин бўлган тамойилларни қайд этишган.
Солиққа тортиш тамойилларини А.Смит ўзининг «Халқлар бойлигининг сабаблари ва табиатлари» номли китобида (1776) илк бор солиқ тамойилларини асослаб берган:
1. Давлат фуқаролари давлат харажатларини қоплашда ўзлари ҳукумат муҳофазасида фойдаланаётган даромадларига мувофиқ тарзда қатнашишлари лозим.
2. Ҳар бир одам тўлайдиган солиқ аниқ белгилаб қўйилган бўлиши керак, бунда ўзбошимчалик кетмайди. Солиқ миқдори, тўланадиган вақти ва тартиби уни тўловчига ҳам, бошқа ҳар қандай одамга ҳам бирдай аниқ ва маълум бўлиши зарур.
3. Ҳар бир солиқ тўловчига ҳар жиҳатдан қулай бўлган вақтда ва тартибда ундирилиши керак.
4.Ҳар бир солиқ шундай тарзда тузилиши керакки, бунда солиқ тўловчининг ҳамёнидан кетадиган пул давлат бюджетига келиб тушадиган маблағга нисбатан ортиқ бўлишига мумкин қадар йўл қўйилмасин.
Ҳозирги шароитга татбиқан олганда, солиққа тортиш самарали тизимининг қуйидаги тамойилларини таърифлаб ўтиш мумкин:
1.Етарлилик тамойили. Мазкур тамойилга мувофиқ солиққа тортиш даражаси шундай бўлиши лозимки, у давлат интилаётган халқ хўжалиги самарадорлигига эришишни кафолатлай олсин. Солиққа тортиш тизими иқтисодиёт, ижтимоий ҳимоя, мудофаа қобилияти ва бошқа соҳалардаги давлат сиёсатини амалга ошириш учун зарур бўлган молия ресурслари тўпланишини таъминласин. Шуни ҳам таъкидлаб ўтиш лозимки, солиқ ставкалари ўзича олганда солиқ юки кўрсаткичи ҳисобланмайди, чунки солиқ тўловчи солиқ тўлар экан, давлат томонидан бепул хизматлардан баҳраманд бўлгани ҳолда, айни чоқда ўзининг баъзи харажатларини қисқартиради. Масалан, давлат умумий фойдаланиш йўлларининг ҳолати яхши сақланишини таъминлаш билан солиқ тўловчининг транспорт харажатларини камайтиради, бепул маориф, соғлиқни сақлашни таъминлаш билан ёлланма ходимларнинг харажатларини қисқартиради, демак, иш ҳақи харажатларини ҳам камайтирган бўлади. Шундай қилиб, тўланган солиқларнинг фақат хизматлар кўринишидаги талаб этилмаган бир қисмигина солиқ юки кўрсаткичи ҳисобланади. Хулоса қилиб айтиш мумкинки, етарлилик тамойили солиқ сиёсатини белгилаётганда уни давлатнинг қабул қилинган ижтимоий-иқтисодий сиёсати билан қатъий равишда уйғунлаштиришни тақозо этади.