Bog'liq 1.2-мавзу.Солиқларнинг функциялари, элементлари, солиқ сиёсати ва солиқ тизими
2.Тадбиркорлик ва инвестицияларни рағбатлантириш. Солиқ тизими хўжалик юритувчи субъектларни, жумладан, чет эл субъектларини, ишлаб чиқаришни ривожлантириш, ускуналар ва замонавий технологиялар сотиб олиш учун маблағ йўналтиришни, яъни капитал жамғариш ва шу йўл билан технологияларни такомиллаштириш, рақобатбардош маҳсулотлар ишлаб чиқаришни рағбатлантириши лозим.
Солиқ тизими ресурсларнинг самарали тақсимланишига тўсқинлик қилмаслиги ҳамда хўжаликни мустақил юритиш омилларини чеклаб қўймаслиги лозим. Агар солиқлар катта бўлгани учун тадбиркорларнинг ишлаб чиқаришни кенгайтиришдан, бошқа турдаги иқтисодий фаолият кўрсатишдан манфаатдорлигига путур етказса, мамлакат иқтисодиёти пастга қараб кетиши хавфи туғилади. Солиқлар миқдори ҳаддан ташқари катта қилиб белгиланса, ишлаб чиқариш ҳажмлари камайиб кетади, бу жараён заҳиралар, банклардаги пул маблағларининг баракаси учишига, илгари тўпланган маблағларнинг ейилиб кетишига олиб келади.
Солиққа тортиш, агар у, биринчидан, ишчи кучини ишлаб чиқариш учун талаб қилинадиган даражада сақлаб туришга зарур бўлган истеъмолнинг минимал ҳажмларига салбий таъсир этса, иккинчидан, меҳнатга нисбатан иқтисодий ва моддий рағбатларнинг ҳаракат доирасини торайтириб қўйса, учинчидан, жамғарма миқдорини камайтирса ва маблағнинг тўпланиш жараёнини секинлаштирса, ишлаб чиқариш имкониятларини ёмонлаштириб юбориши мумкин.
Солиққа тортишнинг кейинги икки салбий омилини батафсил кўриб чиқайлик. Моддий рағбатлантиришларга нисбатан солиққа тортишнинг нохуш таъсир этиши иш ҳақи тизимида салбий аломатлар пайдо бўлишида кўзга ташланади.
Юқори даражада табақалаштирилган солиқ ставкаларининг қўлланилиши натижасида ходим томонидан ана шу моддий рағбатни қабул қилишдаги оддийлик ва мақбуллик кўлами торайиб қолади.
Солиққа тортиш базаси ва унинг ҳажмларини нотўғри белгилаш ходимларнинг малака оширишга, рационализаторлик ва ихтирочилик фаолияти билан шуғулланишга ва бошқа соҳаларга бўлган интилишига салбий таъсир этади, боиси - меҳнатга тўланадиган ҳақ миқдори, ҳақиқий меҳнат харажатларининг мураккаблиги ва хусусияти ўзгариши бефарқ бўлиб қолади.
Солиққа тортишнинг иқтисодий омилларга таъсири икки хил кўринишда бўлади ҳамда қиёсий оқибат ва даромад оқибати шаклида ифодаланади. Қиёсий оқибат меҳнат натижалари, жамғариш, инвестициялаш, янги ғояларни жорий этиш ва ишлаб чиқариш фаолиятининг бошқа хил кўринишлари билан шуғулланиш учун нисбатан камроқ даражада рағбатлантиришда намоён бўлади. Айниқса, прогрессив (ошиб борувчи) солиққа тортишда бундай оқибатнинг рағбатлантиришга зид таъсири яққол ифодаланади.
Дунёдаги бир қатор мамлакатларда капиталдан келган даромад ва истеъмолга қараб солиққа тортишни кўзда тутган солиқ ислоҳоти ўтказилмоқда. Солиққа тортишнинг салбий таъсирини силлиқлаш мақсадида ишчи кучини таклиф этиш соҳасида иш ҳақи кўринишидаги даромадлардан олинадиган солиқларнинг энг юқори қилиб белгиланган ставкалари пасайтирилмоқда. Жамғариш ва инвестициялашга солиқларнинг таъсир этиши борасида ҳам муайян ютуқларга эришилди.
Солиқларнинг таъсири инвестициялар таркибида ҳам яққол сезилади. Турли кўринишдаги активлар учун жорий этилган ҳар хил солиқ тартиблари инвестиция имкониятлари ва сармоядорларнинг портфели таркибида сезилиб қолади. Солиқ тизимидаги камчилик ва нуқсонлар иқтисодий ўсиш суръатларининг пасайиб кетишига олиб келиши мумкин, бу ҳол пировард натижада давлат бюджети даромадларининг ўзгаришига ҳам таъсир этмай қолмайди.
Солиққа тортишдаги оғирликни капиталдан шахсий жамғаришга ўтказишнинг умумий таъсирини бир хил маънода баҳолаш қийин, жамғарманинг умумий ҳажми учун келиб чиқадиган оқибатлар солиқ тушумларининг ҳукумат томонидан ишлатилиш хусусиятига боғлиқ бўлади.
Агар ёпиқ иқтисодиёт шароитида солиқ тизими уй хўжаликларидаги жамғармалар даражасининг пасайиб кетишига олиб келган бўлса, у ҳолда бир текис фоиз ставкаси ошган, бу эса инвестиция капиталига талабнинг камайиши таъсир кўрсатган бўлади. Очиқ иқтисодиётда эса, жамғармалардан олинадиган даромад солиқлари инвестицияларга чекланган даражада таъсир қилади, чунки бунда чет элдан капиталнинг кўпроқ оқиб келиш имконияти бор, бинобарин, хорижлик сармоядор жаҳон бозорида устун ҳисобланган ставкани мўлжаллайди. Бироқ бундай ҳолатда капиталга бўлган мулкчилик ҳаракатга келади. Бунга мисол тариқасида Япониядан капиталнинг АҚШга оқиб ўтганлигини кўрсатиш мумкин, АҚШда капиталдан фойдаланганлик учун фоиз ставкаси паст бўлган. Айни пайтда АҚШда резидентлар жамғармаларини солиққа тортиш ставкаси Япониядагига қараганда юқори эди.
Бинобарин, солиқ сиёсати ўз-ўзидан, агар у давлатнинг молия-пул сиёсати бошқа унсурларидан айри ҳолда амалга оширилса, такрор ишлаб чиқариш жараёнларига рағбатлантирувчи таъсир ўтказмаслиги ҳам мумкин.