4.2.ЎТЖни бошқариш механизмлари 1. Педагогик мулоқот ва педагогик раҳбарлик услуби Педагогик мулоқот, бу - ўқитувчининг таълим олувчилар билан машғулот вақтида ва ундан ташқари пайтда (таълим ва тарбия жараёнида) касбий мулоқоти. Бу кулай руҳий муҳит яратишда муайян педагогик функция ва йўналишга эга... А. А. Леонтьев.
Талабалар билан ва улар орасидаги ўзаро муносабатларда мақбул руҳий муҳит яратиш ЎТЖни амалга оширишда ўқитувчининг муҳим вазифаси ҳисобланади. Гуруҳдаги ўзаро шахсий муносабатларни ўқитувчи, жамоа шаклланишига қадар бўлган босқичда мақсадли ташкил этиши лозим. Бунинг учун у юқори даражада ривожланган коммуникатив уқувга - муносабат ва алоқалар ўрнатишга мойиллик ва иқтидор, таълим олувчиларни тушуна билишга эга бўлиши керак.
С.В.Кондратьеванинг маълумотларига кўра ўқитувчининг таълим олувчиларни тушуниш даражаси ва унинг уларга таъсири қандайлиги ўртасида муайян ўзаро боғлиқлик мавжуд. Тушуниш даражаси юқори бўлган ўқитувчида характерни шакллантирувчи таъсир биринчи ўринда туради, тушуниш даражаси паст бўлган ўқитувчида эса - интизомий таъсир. Агар ўқитувчи таълим олувчилар фаолиятини ташкил этишга етарли эътибор бермаса, бунда интизомни сақлаб туриш учун кўп куч ва вақт сарфлашига тўғри келади.
Кишилар бошбошдоқ ва бепарволиклари туфайли тартибсизлик юзага келмайди, балки улар фаолияти яхши уюштирилмаганлиги туфайли шундай бўлади.
Педагогик мулоқот самарадорлиги, шунингдек ЎТЖники ҳам таълим олувчиларнинг маш\улотлардаги шахсий фаолликларига боғлиқ. Шунинг учун ўқитувчининг ташкил этувчи ва бошқа таъсир ўтказиши ана шу фаолликни ривожлантиришга қаратилмо\и керак.
Таълим олувчилар шахсига ижобий муносабат ва рағбатлантириш йўсинларининг тизими педагогик мулоқот самарасининг мухим қисми хисобланади. Самарали рағбатлантириш мазмуни ва мезонлари (П.Массен, Ж.Конжер ва б. бўйича) қуйида келтирилди:
Рағбатлантириш мунтазам амалга оширилади.
Ўқитувчи айни нима рағбатлантиришга лойиқлигини тушунтириб беради.
Яхши натижаларга эришиш мақсадида ўқувчиларни ўз ишларини ташкил эта билишликка ўргатади.
Ҳар бир таълим олувчининг рағбатлантириш у сарфлаган куч-ғайратга мувофиқ бўлиши керак.
Ўқитувчи эришилган натижани унга сарфланган куч-ғайрат билан боғлайди ва бундай муваффақиятга келгусида ҳам эришиш мумкинлигини билдиради.
Олдинги топшириқ бажарилгандан сўнг янги ишга қизиқиш уйғонишига харакат қилади.
Таълим олувчиларнинг эътиборини ўзлаштиришнинг юқори бўлишлиги мазкур таълим олувчилар имкониятларидан тўла фойдаланишга боғлиқ эканлигига қаратади.
Ўқитувчи педагогик мулоқот жараёнида ЎТЖни бошқариш бўйича лавозим мажбуриятини амалга оширади. Шу маънода ўқитувчининг талаба билан муносабати бошлиқнинг ўзига бўйсунувчи билан бўлган муносабатига ўхшайди (4.1.1-§га қаранг). ЎТЖни бошқаришда ҳам раҳбар қўллайдиган услубдан ўқитувчининг фойдаланиши мумкин.
Автократик (авторитар) услубнинг ўзига хос хусусияти бўлиб, қаттиққўллик билан бошқарув ва кенг кўламдаги назорат ҳисобланади. Авторитар ўқитувчи фақат умумий мақсад ва вазифани белгилаб қўймай, балки ким-ким билан ишлашини қатьий белгилаган холда уларни бажарилиш йўриғи ва босқичларни ҳам кўрсатади. Фаолиятни босқичма-босқич чеклаш ва босқичма-босқич назорат қилиш ўқитувчининг таълим олувчиларнинг мустақиллиги ва масъулиятига ишончсизлик билан қарашидан далолат беради. Авторитар ўқитувчи, одатда, ҳар қандай ташаббусни йўл қўйиб бўлмайдиган қайсарлик деб билади. Таълим олувчилар кўрсатадиган ташаббусни ўз обрўси ва ўзининг ваколатига бўлган ишончни кучсизлантиришга қаратилган деб баҳолайди.
Демократик услубда бўлажак ишни муҳокама қилиш ва уни ташкил этишда гурухнинг фаол қатнашиши асосий ўзига хослик ҳисобланади. Натижада ЎТЖ иштирокчиларида ўзига бўлган ишонч ривожланади ва ўз-ўзини бошқариш рағбатлантирилади. Демократ ўқитувчи ишга жонли қизиқиш уйғотади ва ўқув фаолияти ижобий ички моҳиятини очиб беради. Педагогик мулоқотдаги демократик услуб кўп холларда энг самарали хисобланади.
ЎТЖни амалга оширишда ўқитувчи (ёки рахбар) ва талаба (бажарувчи) ишининг ўзига хосликларини таъкидлаш зарур.
Биринчидан, ўқитувчи у ёки бу бўлинманинг раҳбаридан фарқли ўлароқ бир-бирида бажарувчиларнинг сонига кўра фарқланувчи бир неча жамоани (битта талабани, масалан курс лойихаси бўйича консультация вақтида; кичик гурухни; гурухни; бутун курсни) ва бажарилаётган ўқув ишларини (маъруза, лаборатория иши, амалий машғулот, семинар ва ҳ.к.) бошқаради. Мазкур ўзига хослик ўқитувчидан ташкилий, рухий-педагогик ва касбий маънода юқори даражада сафарбарликни талаб этади.
Иккинчидан, бир неча жамоани бошқариш оқибатида уларнинг ҳар бири билан ишлаш вақти нисбатан катта эмас:
хафтада-баъзан бир соат, кўпинча уч-тўрт соат ва камдан-кам холда олти-саккиз соат;
талаба таълими мобайнида-бирдан учтагача семестр.
Бу ўзига хослик ўқитувчидан айрим шахсларни, айрим жамоани ўрганиш бўйича жадал рухий ишлашни талаб қилади.
Учинчидан, талаба ЎТЖни амалга оширишда бир неча ўқитувчилар, яъни раҳбарлар «ансамбли» билан биргаликда ҳаракат қилади. ЎТЖни биргаликдаги бошқариш натижаси мазкур «ансамбль» қанчалик «жўрлиги»га боғлиқ. Шунинг учун фақат ўқитувчиларнинг ўзаро ҳамкорлигинигина эмас, балки якуний мақсадга эришишга - юқори малакали мутахассисларни тайёрлаш ва тарбиялашга қаратилган ўзаро кўмаклашувларини ҳам ташкил этиш керак. Ўзаро ҳамкорлик ва ўзаро кўмаклашувни кафедралар ва деканатлар ташкилотчиси бўлиши лозим.