3 – савол баёни: Мамлакат иқтисодиётини ривожлантиришда ТТХИларнинг салмоғи ва улардан қанчалик даражада самарали фойдаланаётганлиги муҳим аҳамият касб этади. Айниқса ТТХИ маблағлари ривожланаётган давлатлар учун жуда зарур ҳисобланади.
Тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар (ТТХИ)капитални жойлаштириш шакли бўлиб, инвесторни қимматли қоғозларга ёки мулкка бўлган бевосита ҳуқуқидан далолат беради. Тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар, капитал қўювчи давлат ёки унинг хўжалик юритувчи субъектлари томонидан инвестицияларни капитал қабул қилувчи давлат иқтисодиётига жойлаштиришини англатади.
Инвестициялар корхоналарни замонавий техника ва технологиялар билан қуроллантириш, ишлаб чиқариш ва хизмат кўрсатишнинг илғор усулларини жорий эттириш, фан-техника ютуқларини ҳамда инсон капитали имкониятларини тиклашнинг асосий воситаси бўлиб ҳисобланади. Инвестицияни қабул қилган томон ўз вақтида янги корхоналар бунёд этади, мавжудларини техник ва технологик жиҳатдан қайта қуради, рақобатдош товарлар ишлаб чиқаради, бу ўз навбатида янги иш ўринларини вужудга яратилишига имкон яратади.
Айтиш жоизки, ҳозирги шароитда инвестициянинг давлатимиз ва корхоналар ривожида тутган ўрни, мамлакат иқтисодиётини модернизация ва реконструкция қилиш, техник ва технологик янгилаш, рақобатдош товарлар ишлаб чиқаришдаги роли бениҳоя каттадир. Унинг замирида жуда катта маъно ва мазмун мужассамлашган. Ҳозирда иқтисодий ўсишни ва янги иш ўринларини яратиш инвестицияларсиз амалга ошириб бўлмайди.
Ишлаб чиқаришда таркибий ўзгаришларни амалга ошириш ва уни интенсив ривожлантириш кўп жиҳатдан инвестицияларга боғлиқ бўлади. Ҳаттоки миллий иқтисодиётни замонавий техника ва технологиялар билан таъминлаш ва мамлакатимизнинг экспорт салоҳиятини янада оширишни сармояларсиз тасаввур этиб бўлмайди. Умуман айтганда, ислоҳотларни самарали амалга ошириш, иқтисодий тараққиёт асоси, мамлакатнинг халқаро интеграцияси ва жаҳон хўжалигидаги мавқеини мустаҳкамлаш омили ҳамда унга эришишга хизмат қилувчи ва иқтисодиётни модернизация қилишнинг бош мезони ҳисобланади.
Бугунги кунда мамлакатимиз иқтисодиётини янада таррақий эттиришда макроиқтисодий мутаносибликни таъминлаш 2019 йилга мўлжалланган Инвестиция дастурини ҳаётга татбиқ этиш, 2015-2019 йилларда муҳандислик-коммуникация ва йўл-транспорт инфратузилмасини модернизация қилиш ва ривожлантириш дастури ва 2030 йилга бориб мамлакатимизда ялпи ички маҳсулот ҳажмини камида 2 баробар ошириш вазифаларини амалга оширишда ТТХИларнинг роли ва ўрни жуда муҳимдир.
Бугунги кунда ТТХИ нафақат оддий пул ўтказмалар, балки молиявий ва номоддий активлар, жумладан, технологиялар, бошқарувчилик қобилиятлари, маркетинг кўникмалари кўринишида ҳам кириб келмоқда27.
Инвестиция қабул қилаётган (реципиент) мамлакат учун ТТХИ ларнинг асосий аҳамияти қуйидаги йўналишларда ўз ифодасини топади:
ТТХИ капитал тўпланишнинг қўшимча манбаси сифатида иқтисодий ўсиш суръатларини тезлаштиради ва иқтисодиётни таркибий қайта қуришга ижобий таъсир кўрсатади;
ТТХИ оқими бошқа шаклдаги капитал импорти, яъни портфель инвестициялар ва банк ссудаларининг киришини рағбатлантиради;
ТТХИ оқими улар иштирокида ташкил этилган корхоналарнинг экспорт ва импорт операциялари ҳисобига мамлакат ташқи иқтисодий фаолиятини рағбатлантиради;
ТТХИ оқими мамлакатга янги техника ва технологиялар киришини рағбатлантиради ва янги иш ўринларини яратиш орқали юқори малакали ишчиларга бўлган талабни оширади28.
Халқаро статистика тажрибасида тўғридан-тўғри инвестицияларнинг турлича тушунчаси қўлланилади. Масалан, Халқаро валюта фондининг таърифлашича, чет эл инвесторида корхона акциясининг камида 25 фоизи бўлсагина инвестициялар тўғридан-тўғри инвестиция ҳисобланади. АҚШ ва Ҳалқаро тикланиш ва тараққиёт банки статистикаси, иқтисодий ҳамкорлик ва ривожлантириш ташкилоти тавсифига кўра эса ками билан корхонанинг 10 фоизи акциясига эга бўлсагина, бундай инвестициялар тўғридан-тўғри инвестиция деб тан олинади29.
Айтиш жоизки, нвестициялардан кутилаётган даромад капитал эвазига олиш мумкин бўлган фоиз ставкасидан юқорироқ даражада бўлиши керак. Шундагина капитал қабул қилувчи давлатнинг тўғридан-тўғри хорижий инвестицияларга бўлган талаби қондирилиши мумкин бўлади.
Хорижий капиталнинг миллий иқтисодиётга киритилиши иккала томонга ҳам манфаат келтиришни кўзлайди. Агар манфаатдорлик бўлмаса бундай муносабатлар амалга ошмайди. Капитал қабул қилувчи иқтисодиёт учун хорижий инвестициялар даромад келтирмаганда эди, у капитални қабул қилмаган бўлар эди. Капитални жойлаштирувчи (хорижий инвестор) учун эса, капитални сафарбар этишда кутиладиган даромад капитал эвазига олиш мумкин бўлган банк фоиз ставкасидан юқори бўлмаганда эди, у ўз капиталини ўзга иқтисодиётга сафарбар қилмайди.
ТТХИнинг Ўзбекистонга кириб келиши, қисқа вақт ичида, мулкчиликнинг турли шаклларини ташкил топишига кўмаклашди, Ўзбекистон иқтисодиётида таркибий қайта қуришни, нуфузли тармоқларни барпо этилишини таъминлади. Энг муҳими, Ўзбекистон иқтисодиётининг байналминаллашини ва Ўзбекистоннинг халқаро бозорга ўз маҳсулотларини олиб чиқишини ва у ерда ўз ўрнига эга бўлишини таъминлайди. Бунинг натижасида мамлакатимизнинг экспорт салоҳиятини ўсиши ва тўлов баланси ижобий қолдиқ билан якунланиб боришига замин яратади.
Умуман айтганда, мамлакатимизга ТТХИнинг оқимларини кириб келиши қуйидаги вазифаларни бажаришга имкон яратади:
Ўзбекистон иқтисодиётида қўшма корхоналарнинг барпо этилишига асос солади;
чет эл корхоналари барпо этилишига замин яратади.
мамлакатимизга янги техника ва технологиялар кириб келиш учун шароит туғдиради;
кам сарф харажатли рақобатбардош маҳсулотлар ишлаб чиқариш имкониятини яратади;
мамлакатимизда қимматли қоғозлар бозорини ривожлантириш, уни жадаллаштирилиши муносабати билан бевосита хорижий инвестициялар оқими фонд маблағларини харид этилишига имкон яратади.
Айтиш жоизки, истиқлол йилларида тўғридан-тўғри ҳорижий инвестицияларни юртимизга жалб қилиш учун барча хуқуқий ва меъёрий хужжатлар дунё талаблари даражасида, инвесторларга қулай шарт-шароитлар яратиб ва қонунларимиз давр талаби асосида доимо такомиллаштириб борилиши учун имкониятлар мавжуд.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2015 йил 21 декабрдаги ПҚ-2454-сонли “Акциядорлик жамиятларига хорижий инвесторларни жалб қилиш борасидаги қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори хозирда хорижий инвестицияларни жалб қилиш кўламини янада кенгайтирилган, жумладан:
2020 йилнинг 1 январигача хорижий инвесторларнинг акциядорлик жамиятларида уларга тегишли бўлган акцияларидан дивиденд тарзда олаётган даромаддан солиқ тўлашдан озод қилинди;
хорижий инвестицияси мавжуд бўлган акциядорлик жамиятларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатлари бузилган тақдирда даъво аризаси билан судга мурожаат этганда давлат божини тўлашдан озод қилинди.
Мамлакатимизда амалга оширилаётган инвестиция сиёсатининг ўзига хос хусусияти маҳаллий хомашё ресурсларини чуқур қайта ишлашга ҳамда энергия тежамкор ва юқори технологияларга асосланган янги ишлаб чиқаришларни ташкил этишга йўналтирилган инвестиция лойиҳаларини амалга оширишга устувор аҳамият берилаётганида намоён бўлмоқда. Келгусида мамлакатимиз иқтисодиётини тараққий эттириш учун хорижий инвестицияларни янада кўпроқ жалб қилишда қуйидагиларга эътиборни қаратиш лозим:
- иқтисодиётни янада эркинлаштириш, хусусий мулк, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни тараққий эттириш, экспортга ишлайдиган кичик ва ўрта корхоналарни кўпайтириш ва уларни самарали фаолият юритишлари учун зарур шарт-шароитларни яратиш ва уларни давлат томонидан қўллаб-қувватлаш тизимини яна давом эттириш;
- чекка ҳудудларда ТТХИ жалб этиш мақсадида ишлаб чиқариш ва хизмат кўрсатиш инфратузилмасини ривожлантиришга оид давлат дастурларини ўз муддатида ижросини таъминлаш бўйича маҳаллий ҳокимият вакиллик органлари, фуқаролик жамияти институтларининг вакиллари билан жамоатчилик назоратини ташкил этиш ва уни кучайтиришни йўлга қўйиш;
- хорижий сармоядорларни қизиқтирувчи соҳалар, объектлар ва жойларни аниқлаш ва улар тўғрисида маълумотлар базасини шакллантириш ҳамда иқтисодий жиҳатдан манфаатли бўлган соҳаларга хорижий инвесторларни жалб этиш йўлларини излаб топиш;
- хусусий секторга ТТХИларни жалб этиш бўйича комплекс чора-тадбирлар тизимини ишлаб чиқариш ва бошқалар талаб этилади.
Ушбу таклифларни амалиётга жорий этиш мамлакатимизга ТТХИни жалб этишни янада фаоллаштиришга ижобий таъсир кўрсатади. Ушбу ҳолат пировардида ишлаб чиқаришни техник ва технологик жиҳатдан узлуксиз янгилаб бориш, иқтисодиётда чуқур таркибий ўзгаришларни амалга ошириш, саноатни модернизация ва диверсификация қилишни изчил давом эттириш асосида 2030 йилга бориб мамлакатимизда ЯИМ ишлаб чиқаришни 2 мартага ошириш вазифасини тўлиқ ҳал этишга имконият яратади