Фалсафа назарийлаш-тиришнинг якуний усули сифатида
Тажриба (якка, алоҳида нарсаларни билиш) билан фан (нарсалар сабаби ва ибтидосини умумий билиш) Қадимги Юнон фалсафасида бир мунча аниқ ажратилган. Қадимги Юнон файласуфлари эътиборни ибтидо ва сабабни билишга қаратганлар, «чунки қолган ҳаммаси улар орқали тушунилади»5. Қадимги (антик) фалсафа назарий тафаккурнинг муҳим хусусияти бўлмиш таъриф («нима», «қандай?» саволлари билан боғлиқ) билан тушунтириш («нима учун?», «қанақа сабаб?» саволларига жавоб)ни аниқ фарқлаган. Масалан: юнон файласуфи Арасту (эрамиздан аввалги 384-322 йиллар) шундай деб ёзган эди: «Тажрибага эга бўлганлар «нима» эканлигини биладилар, аммо «нима учун эканлигини, яъни сабабини билмайдилар»6.
Дунёнинг анъанавий диний-афсонавий манзараси билан қаноатланувчи кўпчилик одамлардан фарқли ўлароқ, энг илк даврлардаги файласуфлар турли табиий ва ижтимоий жараёнлар ҳамда ҳодисаларни ақлий йўл билан (назарий) тушунишга ва уни келиб чиқиш ҳамда кечиш сабаблари ва қонуниятларини тушунтиришга уринганлар. Файласуф нигоҳига тушган барча нарса, яъни Қуёш, Ой ва уларнинг тутилиши, юлдузлар, мавсумларнинг алмашиши, мусиқий асбобларнинг тузилиши, ҳайвон ва одамларнинг келиб чиқиши, дарёларнинг тошиши, давлатнинг сиёсий тузилиши каби бошқа ҳамма нарсалар файласуфона фикр юритиш (назарий фикрлаш) мавзуси бўлган.
Назарий дунёқараш бўлган фалсафа, шу билан бирга мантиқий тизимлаштирилган дунёқараш ҳамдир. Бошқача айтганда, бу инсон ва дунёга бўлган қарашларнинг оддий мажмуи эмас, балки муайян, рационал-мантиқий усул билан тузилган категория (фалсафий тушунча)лар тизимидир.
Фалсафа инсон назарий фаолиятининг ягона шакли эмас. Фан ҳам худди шу кабидир. Бироқ фалсафа фандан фарқли ўлароқ, назарийлаштиришнинг якуний (охиригача оборилган) туридир. Фалсафанинг якуний назариялаштирувчилиги қуйидагиларда ифодаланади.
Биринчидан, бу фалсафа фанининг предметининг хусусиятидадир. Фалсафа мавзуси бўлмаган бирон-бир билим ёки ҳаёт соҳаси мавжуд эмас. Шунинг учун ҳам биз табиатшуносликнинг фалсафий муаммолари, сиёсат ва ҳуқуқнинг фалсафий муаммолари, тилшуносликнинг фалсафий муаммолари, техниканинг фалсафий муаммолари ва бошқалар ҳақида гапирамиз.
Иккинчидан, бу турли ҳодиса, воқеа ва жараёнларнинг якуний умумий таърифи ва тушунтиришдир. Фалсафани ҳамма нарса эмас, энг аввало умумий, универсал ҳодисалар қизиқтиради. Фалсафа хусусий муаммолар билан шуғулланмайди. Хусусан, ривожланиш механизмини ўргана туриб, у бирон-бир ривожланишнинг хусусий соҳаси (масалан, бирон-бир муайян тил ривожи ёки умуртқали ҳайвонлар асаб тизимининг ривожланиши)га дахл қилмасдан, ривожланиш категориясини универсал қонуният даражасигача таҳлилини чиқаради. Назарий таҳлилни умумийлик даражасигача етказиш учун фалсафа томонидан махсус категориялар - умумий тушунчалар: борлиқ, сифат, моҳият, сабаб, зарурат ва бошқалар ишлаб чиқилган.
Учинчидан, фалсафанинг якуний назарийлаштириши унинг рефлексияга – ўз-ўзини таҳлил қилишга мойиллиги, яъни ўз-ўзини билиши, фалсафий фикрни ўзига нисбатан қаратиши билан хотималанади. Фалсафа ниманидир ўрганиб қолмай, балки шу ўрганишнинг шароит ва йўлларининг ўзини ҳам файласуфона фикр юритиш мавзусига айлантиради.
Do'stlaringiz bilan baham: |