Имбециллик – дебил даражадан бирмунча оғир даражадир. Ақлий муаммонинг имбециллик даражасида олигофрениянинг ўзига хос хусусиятлари намоён бўлиши яққол кўринади. Энг аввало, бу конкрет ҳолатларда умумлаштира олмаслик, ҳатто, оддий тушунчаларни хосил қила олмаслик билан ажралиб туради. Имбецил болаларнинг мантиқий фикрлаш жараёнлари жуда паст даражада бўлганлиги сабабли ўқиган материалнинг мазмунини илғаб ололмайдилар. Улар катталар томонидан берилувчи ёрдамчи саволлар орқалигина ўрганилган материалнинг мазмунини қисман тушунишлари мумкин. Ўқишни ўрганиб олишгач, берилаган матнларни механик равишда ўқиб, унинг мазмунини тушунмайдилар. Ушбу тоифа болаларида мураккаб сон ҳақидаги тушунчалари бўлмай, ўнгача санаш, ўн ичида ҳисоб-китоб қилишни ўрганишлари мумкин. Нутқ бойликлари кам бўлиб, ифодасиз, жумлалари қисқа бўлиши кузатилади. Бундай болаларнинг ҳаракатлари деярли дифференциациялашмаган: секин, камҳаракатчанлик, бўшчанлик ёзув ва меҳнат малакаларини эгаллашларига ҳалал беради. Ўзларининг мустақил ишларини ақлий жиҳатдан тушунтириб бера олмайдилар. Ўрганган иш услуби, малакалари ўзгариб қолса, шошиб қоладилар. Шу сабабли уларни ҳаётга мослаштиришда тизимли назоратга, раҳбарликка ва ёрдамга муҳтожлик сезадилар. Баъзан содда жумлаларни тушуна олмайдилар, нарсаларнинг содда, умумий белгиларига қараб уларнинг фарқларини билишлари мумкин. Ўзларига хизмат кўрсатишнинг элементар малакалари бор. Ўз имкониятларига тўғри баҳо бериш, ўзларининг руҳий ва жисмоний нуқсонлари учун қайғуриш кам учрайди. Ҳаракат тизимлари қўполлиги билан ажралиб турадилар. Мураккаблашмаган олигофрениянинг енгил ва ўрта даражасидаги имбециллар жисмоний меҳнатнинг оддий турларини эгаллай олишлари мумкин. Имбецилликнинг оғир даражаларида уларни энг содда иш турларига ҳам ўргатиш имкони мавжуд эмас. Имбецилликда ақлий муаммо турли хилда намоён бўлади. Имбецилликнинг енгил турларини дебилликнинг оғир кўринишларидан ажратиш жуда қийин.
Олигофрениянинг энг оғир даражаси идиотлик бўлиб, улар идрокларида қўпол ривожланмаганлик кўринади: атрофга бўлган муносабатлари, хатти-ҳаракатлари мос бўлмай, ўз шахсларини аниқ билмайдилар, тафаккурлари деярли йўқ. Идиотларнинг нутқий ривожланиш даражаси ақлий муаммонинг чуқурлигига боғлиқ. Улар нутқи маъносиз товушлардан, баъзан эса алоҳида сўзлар йиғиндисидан иборат бўлиши мумкин. Ҳиссиётлари ҳаддан зиёд содда бўлиб, физиологик ҳоҳишлари билан боғлиқдир. Ўзларининг хурсандчиликларини турли ҳаракат, қичқириш, имо-ишора орқали баён этсалар, ҳафаликларини эса қайсарлик, ўз тана органларини жароҳатлаш билан кўрсатишлари мумкин. Уларни боқувчи кишиларга боғланиб қолганликлари сабабли, улар томонидан мақтов эшитганларида хурсанд кўриш мумкин. Бундай болаларнинг умумий кайфиятлари гоҳ бефарқ, гоҳ бўшанлик ва хурсандчилик билан ифодаланиши мумкин. Фаолиятлари деярли кўзга ташланмайди. Ўзларига хизмат қилиш малакалари шаклланмаган. Хулқлари асосан уларнинг ўз талабини қондириш билан боғлиқ. Махсус мактаб-интернатга қабул қилинувчи болаларнинг аксариятини дебил даражадаги болалар ташкил қиладилар. Ақлий ривожланишларида муаммолари бўлган болалар шахсий ривожланишлари моҳиятини тушунишда боланинг ривожланиши мулоқотда, фаолиятнинг турли шакл ва кўринишларида амалга ошиши омили ҳисобга олинади. Ақлий ривожланишларида муаммолари бўлган болалар шахсий ривожланишлари моҳиятини тушунишда боланинг ривожланиши мулоқотда, фаолиятнинг турли шакл ва кўринишларида амалга ошиши омили ҳисобга олинади. Ақли заиф болаларда воқеа-ҳодисаларга бефарқлик, қизиқишнинг пастлиги, фаолиятнинг мақсадга йўналмаганлиги ва тартибсизлиги, ижодий фикрлашнинг йўқлиги кузатилади. Улар айнан нима билан шуғулланаётганликларини айтиб беришга қийналадилар ҳамда фаолиятлари нутқлари билан мос келмайди. Бундай болаларнинг топшириқни бажаришни тўғри бошлаб чалғиб кетишлари туфайли фаолиятлари мунтазам назоратда бўлиши талаб қилинади. Иш жараёнида бундай болаларнинг кўп чалғишлари ва иродавий хисларининг сустлиги, таклиф қилинган ёрдамдан фойдалана олмасликлари, иш натижаларига танқидий муносабатда бўлмасликлари, эришилган натижага нисбатан ҳеч қандай эмоционал туйғу сезмасликлари кузатилади. Махсус ўқитишнинг ривожлантирувчи тавсифга эга эканлиги, яъни унинг ақлий ривожланиш жиҳатдан муаммоли болаларни уларнинг сўзлашув нутқларини ривожлантириш замирида билим, кўникма ва малакалар билан қуроллантириш ҳамда ижтимоий ҳаётга уйғунлаштириш омили бўлган меҳнат тайёргарлигини амалга оширишга қаратилиши кенг кўламли педагогик жараённи ташкил этишни ва унда қатор тамойилларга риоя қилиш лозимлигини келтириб чиқаради. Ақлий ривожланишларида муаммолари бўлган болалар мактаб, мактаб-интернатларида коррекцион-педагогик ишларни олиб боришда умумдидактик тамойиллар билан бир қаторда хусусий тамойиллардан ҳам фойдаланиш талаб этилади.
Ўқитиш тамойиллари ўқитиш жараёнининг умумий йўналишга эга бўлган таркибий қисмлари (мазмуни, методлари, ташкилий шакллари)ни, ўқув-билиш жараёнида ўқитувчи ва ўқувчилар ҳамкорлиги фаолиятларининг тавсифномасини аниқлаб берувчи кенг бўлган талабларни ташкил этади. Улар педагогик жараёнда намоён бўлувчи таълимнинг маълум бир қонуният ва қонунлари асосида юзага келган бўлиб, ўқитишнинг самарадорлигини таъминлашга хизмат қилади. Замонавий ақлий ривожланишларида муаммолари бўлган болалар махсус мактаб-интернатлари таълим жараёнида умумий педагогикада тан олинган илмийлилик, онглилик ва фаоллик, тушунарлилик, билимларнинг мустаҳкамлиги, индивидуал ёндашув, кетма-кетлик ва тизимлилик, назариянинг амалиёт билан боғлиқлиги каби тамойиллардан ўзга хос тарзда кенг фойдаланади. Шунингдек, таълимий жараёнда ақлий ривожланишларида муаммолари бўлган болалар хусусиятлари ҳамда уларни ўқитишнинг қонуниятларини ҳисобга олган ҳолда қўлланувчи қуйидаги хусусий тамойиллардан фойдаланилади:
ўқитишнинг коррекцияга йўналтирилганлиги;
илм асосларига ҳамда сўзлашув нутқига ўқитишнинг узвийлиги;
предметли-амалий фаолиятга таяниш;
нутқий мулоқотни жадаллаштириш;
Ўқитишнинг коррекцияга йўналтирилганлиги тамойили ақлий ривожланишида муаммолари бўлган боланинг соғлом анализаторларига таянган ҳолда иккиламчи-билиш жараёнларидаги ўзига хосликни бартараф этишга йўналтирилади. Ақлий ривожланишларида муаммолари бўлган болаларнинг таълим-тарбиясида нутқни шакллантириш жараёни муҳим ўрин эгаллайди. Тилнинг луғат заҳираси, унинг грамматик қонуниятларини эгаллаш, тилни мулоқот воситаси сифатида ўзлаштириш ушбу тоифа шахсларининг ижтимоий ҳаётга уйғунлашувлари ва шахсий ҳаётларида ўз ўринларини топишларидаги муаммоларни бартараф этишга хизмат қилади. Нутқнинг ривожланиши таъсирида болаларда психик жараёнлар такомиллаша боради, идрок нисбатан тўлиқ бўлиши ва табақалашиб бориши, кўргазмали-образли хотиранинг бойиши ва сўз-мантиқий хотиранинг юзага келиши кузатилади. Тафаккур қилиш ҳам ўзгариб боради: унинг нутқий асосда ривожланиши сўз-мантиқий тафаккур ривожланишига олиб келади. Махсус таълим жараёнида предметли-амалий фаолиятга асосланган ҳолда ишни ташкил этиш ақлий ривожланишларида муаммолари бўлган болалар психик ва шунингдек, умумий ривожланишларини таъминлайди. Яъни предметли-амалий фаолиятнинг турли кўринишларидан фойдаланиш жараёнида ақлий ривожланишида муаммолари бўлган болаларнинг мантиқий тафаккурлари ҳамда ҳаётий кўникма ва малакаларининг шаклланиши таъминланади. Ушбу жараён мобайнида болаларнинг атроф олам воқеа ҳамда ҳодисалари ўртасидаги боғликларни тушунишлари жараёни тезлашади. Предметли-амалий фаолият фаолият, объектлар, уларнинг сифат ва хусусиятларини эслаб қолишни таъминлайди ҳамда сўз-мантиқий тафаккурнинг шаклланишига таъсир кўрсатади. Дарс ва машғулотлар жараёнида ўзаро ёрдамнинг юзага келиши, ҳар бир ўқувчининг фаол фикрлашини таъминловчи ишнинг тур ва кўринишларидан фойдаланилиши талаб қилинади. Ушбу жараённинг ташкил этилиши, ўз навбатида, ўқитувчи ва тарбиячининг ҳамкорликда ҳар бир ўқувчини мунтазам равишда кузатиб ўрганиб боришларини тақозо этади. Махсус мактаб, мактаб-интернатига келувчи ҳар бир боланинг нутқий ривожланганлик даражаси муайян хусусиятга эга бўладики, булар билимларни ўзлаштириш жараёнига бевосита таъсир кўрсатади. Шунинг учун ҳам билимларни ўзлаштиришга қаратилган шароитнинг нутқ ривожлантиришни ҳам назарда тутиши тамойилидан фойдаланиш мақсадга мувофиқ саналади. Ушбу жараён нутқнинг барча томонларини амалий ҳолда табиий шароитга яқин ҳолатларда ўзлаштириш имконини беради. Махсус таълим жараёнида хусусий тамойиллардан фойдаланиш ўқитувчи ва тарбиячининг дарс, машғулотларга ҳозирлик кўришлари жараёнидаёқ бошланади. Олигофренопедагог ўтилганларни такрорлаш ҳамда янги мавзунинг устида ишлашга қаратилган материал - муаммоли савол, топшириқларни тайёрлашда синфдаги ҳар бир ўқувчининг якка ривожланиш хусусияти ҳамда имконият ва савияларига мос бўлиши устида ўйлаб кўриши лозим. Коррекцион – компенсатор ҳамда ривожлантирувчи тавсифга эга бўлган махсус таълим тизимида хусусий тамойиллардан ўринли фойдаланиш ақлий ривожланишида муаммолари бўлган болаларнинг ижодий фаолиятлари, қизиқиш ва дунёқарашларини ривожлантириш ҳамда шакллантириш масалаларини ҳал этишга қаратилган. Бу эса ўз навбатида ақлий ривожланишларида муаммолари бўлган болаларнинг жамият ҳаётига эрта уйғунлашувларини таъминлайди.
Do'stlaringiz bilan baham: |