4.2 - расм. Бўз тупроқли ернинг термоизоплеталари а – назоратдаги тупроқ, б – мульчирланган участка
Ушбу 4.2-расмда профессор И. Туропов маълумоти бўйича ёруғликка тиниқ плёнкалар ёпилмаган ва устига плёнкалар ёпилган эгатлар остидаги тупроқ термоизоплетлари кўрсатилган.
Графикда бирор чуқурликга мос горизонтал чизиқ бўйлаб силжишда ҳароратнинг шу чуқурликдаги йиллик ўзгаришининг боришини, тик чизиқ бўйлаб силжишда эса бирор аниқ ойдаги ўртача ҳароратнинг чуқурлик бўйича пленкасиз ва пленка ёпилганда тақсимотини тасаввур қилиш мумкин. Шундай қилиб, термоизоплетлардан фойдаланиб тупроқнинг исталган чуқурликдаги ва исталган ойдаги ўртача ҳароратини аниқлашимиз мумкин.
4.7. Тупроқ ҳароратининг ўсимликка таъсири Тупроқ ҳарорати ўсимликлар ва тупроқдаги микроорганизмлар учун муҳим ҳаётий омил бўлиб, унинг катталиги Ер сиртига тушувчи қуёш радиацияси миқдорига боғлиқ.
Уруғларнинг униб чиқиши, илдиз тизимининг ривожланиши, минерал озиқ маҳсулотларни илдизнинг ўзлаштириши ва бошқалар тупроқ ҳароратига кучли боғлиқ. Тупроқ ҳарорати ортиши билан бу жараёнларнинг ҳаммаси кучаяди. Тупроқ ҳароратининг кескин пасайиши эса кузги дон экинлари, кўп йиллик ўтлар ва мевали дарахтларнинг нобуд бўлишига олиб келади.
Уруғларнинг униб чиқиши, тупроқ бирор ҳароратгача исиганидан кейин бошланади, бунда ўсимлик турига қараб тупроқнинг турли даражада исиши зарур бўлади. Тупроқ ҳароратининг кўтарилиши билан уруғларнинг униши тезлашиб, экишдан токи майсалар пайдо бўлишигача вақт оралиғи қисқаради. Бу фикримизни тасдиқлаш учун бир неча мисоллар келтирамиз.
Маккажўхори уруғларини ҳарорати 12С га тенг нам тупроққа 4 см чуқурликка экканда, майсалар 21 кундан кейин, тупроқ ҳарорати 18С бўлганда эса майсалар 8-9 кунда пайдо бўлади. Ёки намлиги етарли бўлган ерда экилган кузги буғдой уруғлари тупроқ ҳарорати 5С бўлганда 6 кунда, тупроқ ҳарорати 10С да эса 4 кунда, тупроқ ҳарорати 15-20С ларда эса 1-2 кунда униб чиқади.
Картошканинг маданий нави паст ҳарорат ўсимлигидир.
Тугунакларнинг униб чиқиши ва майсаларнинг ўсиши учун зарур бўлган тупроқнинг минимал ҳарорати 7-8С га тенг, ҳарорат 18-20С бўлганда майсалар тез кўкариб чиқади. Тупроқ ҳарорати 30С чамасида бўлганда тугунаклар ўсишдан тўхтайди. Картошка уруғларининг униб чиқиши ва ривожланишининг кейинги фазалари давридаги юқори ҳароратлар картошканинг айнишига, ҳосилдорлигининг камайишига ва товарлик сифатининг пасайишига олиб келади. Чигитнинг уна бошлаши учун тупроқ ҳарорати 12С дан паст бўлмаслиги керак, чигит 10-12С да уна бошласа ҳам ер бетига чиқолмайди. Тупроқ ҳарорати 16-18С бўлганда эса чигит тез унади ва 7-8 кунда майса кўринади.
Бу мисоллардан кўринадики, тупроқ ҳарорати зарурий минимал ҳароратдан паст бўлса, уруғлар униб чиқмайди ва майсалар кўкармайди. Агар паст ҳарорат узоқ вақт давом этса экилган уруғлар чириб кетади.
Тупроқ ҳарорати асосан ўсимлик ривожланишининг бошланғич босқичларида – униб чиқиш, тупланиш даврида кучли таъсир кўрсатади. Экин экилгандан майса кўрингунча даврда тупроқдаги намлик етарли бўлганда, тупроқ ҳарорати қанчалик юқори бўлса, уруғлар тез униб майсалар пайдо бўлиши тезлашади. Бу фикримизни юқорида келтирилган мисоллар билан тасдиқлаймиз. Аммо оптимал ҳароратдан ошиқча ҳароратлар ҳам ўсимлик учун зарарли.
Ҳар қайси ўсимлик тури учун уруғларнинг униб чиқиши ва майсаларнинг кўкариши учун тупроқнинг бирор минимал ҳаро-ратлар чегаралари зарур. (4.3-жадвал)