4.8. Рельеф, ўсимликлар ва қор қопламининг тупроқ ҳароратига таъсири. Бирор жойнинг рельефи деганда ўша жойдаги ер юзасининг турлича шакллари (горизантал текислиги, қиялиги, ботиқлиги, дўнглиги ва ҳ.к.) ни тушунамиз. Турлича рельефли ерларга тушадиган қуёш радиациясининг миқдори ҳар хил бўлади. Натижада турлича рельефли жойлардаги тупроқ ҳам ўзига тушувчи қуёш радиациясини оз ёки кўп даражада ютади ва исийди.
Демак, жой рельефи тупроқнинг ҳарорат режимига катта таъсир кўрсатади. Рельеф шаклига, ёнбағирларнинг дунёнинг қайси томонига қараганлигига ва уфққа нисбатан қиялик даражасига боғлиқ равишда тупроқнинг исиши ва совиши ҳар хил даражада бўлади.
Шимолий ярим шарда жанубга қараб нишаб бўлган ёнбағирларга тушувчи тўғри қуёш радиацияси энг кўп бўлганидан, жанубий ёнбағирдаги тупроқ энг кўп исийди, шимолга қараган нишаблардаги тупроқлар энг кам исийди. Жанубга қараган ёнбағирларнинг ётиқ ерга нисбатан қиялиги қанча катта бўлса, у шунча кўп исийди. Ҳаво очиқ куни кундуз давомида ғарбий ёнбағирга қуёш радиацияси қанча тушса, худди шундай қияликдаги шарқий ёнбағирга ҳам ўшанча қуёш радиацияси тушади. Аммо қиялик даражалари бир хил бўлган ғарбий ёнбағир, шарқий ёнбағирдан кўпроқ исийди. Чунки шарқий ёнбағирда иссиқликнинг бир қисми эрталаб тупроқ ва ўсимликлардаги шудрингни буғлантиришга сарфланади. Ғарбий ёнбағирга эса қуёш радиацияси асосан тушдан кейин шудринг йўқ вақтда тушади ва шунинг учун ғарбий ёнбағир кўпроқ исийди.
К.С. Хамзин маълумотига кўра жанубга қараган ёнбағирдаги 20 см чуқурликда 10С ли ўртача ойлик тупроқ ҳарорати, горизонтал ердаги ўшанча чуқурликдагига қараганда 5-10 кун эрта келади, шимолга қараган ёнбағирда ўшанча чуқурликда эса 5-10 кун кечикиб эришади.
Ёнбағирдаги яланг тупроқ эса ўсимлик билан қопланган тупроқдан кўпроқ исийди. Масалан, Ю.И. Чирков маълумотига асосан ҳозирги Санкт-Петербург шаҳри яқинидаги қиялик даражаси 20-22º бўлган жанубий ва шимолий қияликлардаги яланг ва ўсимлик билан қопланган ёнбағирлардаги тупроқлар ҳароратлар фарқи, июл ойида яланг ерларда 10 см чуқурликда ўртача 16º га, ўт билан қопланган ерларда эса жанубий ва шимолий ёнбағир-лардаги 10 см чуқурликда тупроқлар ҳарорати фарқи ўртача 7 га тенг бўлган.
Ўсимликлар қоплами тушувчи қуёш радиациясининг маълум қисмини тўсиб қолади. Шунинг учун ўсимликлар тагидаги тупроқ юзига очиқ ердаги қараганда қуёш радиацияси оз тушади ва тупроқ кам исийди.
Умуман олганда ўсимликлар тагидаги тупроқ харорати ёзда очиқ ердагидан пастроқ, қишда эса илиқроқ бўлади. ўрмондаги тупроқ ҳароратига ўрмон пардаси кучли таъсир кўрсатади. Ўрмон пардаси кундузи қуёш радиациясининг анча қисмини тўсиб қолади, кечаси эса тупроқнинг самарали нурланиши сабабли ортиқча совишига йўл қўймайди.
Бундан ташқари ўрмондаги тупроқ ҳароратига хазон тўшамаси таъсир қилади. Хазон тўшамасининг иссиқлик ўтказувчанлиги тупроқникидан кам. Шунинг учун хазон тўшамаси баҳорда тупроқнинг исишини секинлаштиради, кузда эса тупроқнинг совишини кечиктиради.
Ўрмондаги тупроқ устки қопламининг ҳарорати ёзда очиқ даладаги тупроқникидан пастроқ бўлади. Тупроқ юзидан чуқурлик ошган сари эса бу фарқ камая боради.
Йилнинг совуқ вақтида эса ўрмондаги тупроқ устки қатламининг ҳарорати очиқ даладагидан илиқроқ бўлади, чунки хазон тўшамаси ва қор қоплами тупроқнинг иссиқлик йўқотишини камайтиради. Ўрмондаги тупроқ даладагига нисбатан камроқ чуқурликда музлайди.
Тупроқ ҳароратига қор қоплами ҳам таъсир қилади.
Қиш пайтида яланг ердаги тупроқ юза қатламининг ҳарорати, қор қатлами остидаги ўшанча чуқурликдаги тупроқ ҳароратидан паст бўлади. Қалинлиги 30 см дан ошмаган қор қоплами кузги экинларнинг қиш пайтида совуқ урмаслигига (ёки совуқ уришни камайтиришга) олиб келади. Қорнинг, айниқса ғовак қорнинг иссиқлик ўтказувчанлиги жуда кам.
Шунинг учун тупроқнинг пастки қатламларидан юқорига йўналган иссиқликни қор қоплами ушлаб қолади. Натижада экин (буғдой, арпа) ларнинг илдизи жойлашган чуқурликларда ҳарорат кескин пасайиб кетмайди ва ўсимлик нобуд бўлмайди.
Дарахтларнинг қишловига фақатгина қор қатламининг қалинлиги эмас, балки уларнинг зичлиги ҳамда далалардаги қор қатламининг ётиш характери таъсир қилади. Очиқ ерлада кучли шамоллар қорни анча масофаларга учириб кетади, натижада далаларда қор қоплами бир хил қалинликда бўлмайди. Бунинг оқибатида қор қоплами юпқа бўлган ерларда экинларнинг зарарланиши рўй беради.