Муаллифлар
I - боб.
КИРИШ
Исталган ҳудуднинг қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқариши тармоқлари ўша ҳудуднинг табиий, шу жумладан иқлим шароити билан узвий боғланган.
Қишлоқ хўжалиги маҳсулотларининг асосий қисми табиий шароитларда, очиқ осмон тагида етиштирилади. Ўсимликларнинг ўсиши, ривожланиши ва ҳосилдорлиги, уларга тушувчи қуёш радиацияси иссиқлигига, қуёш радиацияси вужудга келтирадиган табиий ёритилганликка, ҳаво ва тупроқ ҳарорати ва намлигига, об-ҳаво шароитининг ўзгаришларига ва ҳудуд иқлимининг хусусиятларига кучли даражада боғлиқ.
Бу фикримизни тушунишимиз учун ушбу мисолни келтирамиз.
Ўзбекистон Республикасининг қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқаришида пахтачилик етакчи тармоқ деб ҳисобланади. Шунинг учун ҳам Ўзбекистон Ҳукумати пахтачиликда илғор технологияларни қўллаш, фан ва техника ютуқлари асосида юксалтиришга катта аҳамият бериб келмоқда. Табиий пахта толасини етиштирувчи ғўза ўсимлиги тушувчи қуёш радиацияси ва табиий ёритилганликнинг миқдори катта ҳамда ҳаво ҳарорати узоқ муддат давомида ғўзанинг ўсиши ва ривожланишига етарли бўлган ҳудудлардагина парвариш қилинади. Худди шундай талабларга Ўзбекистон Республикасининг иқлим шароити ижобий жавоб бера олганлиги учун бизнинг мамлакатимизда пахтачилик тараққиёт этган.
Ғўзанинг нормал ўсиши ва ривожланиши учун ҳаво ҳарорати 25-30С дан ошмаслиги керак. Ҳаво ҳарорати 25С дан пасайиб кетса ғўзанинг ривожланиши сустлашади, ҳаво ҳарорати 12С дан пасайганида эса ўсиш ғоят секинлашиб кетади, ниҳоят ҳаво ҳарорати 0С дан пасайганида эса ўсимликни совуқ уради.
Ғўзани парвариш қилишда гарчи, илғор технологиялар қўлланилган ва қишлоқ хўжалик техникасидан унумли фойдаланилган бўлса-да, ёз фаслида ҳаво ҳарорати пастроқ бўлган йилларда кўсакларнинг очилиши ва пишиши кейинга сурилиб кетади ва ёппасига пахта теримига киришиш муддати кечикиб бошланади, далалардаги пахтани тўла йиғиб-териб олиш иши кузги совуқлар ва ёғинлар бошланишигача давом этади, натижада териб олинадиган пахтанинг сифати пасаяди ва ҳосилнинг қисман нобудгарчилигига йўл қўйилади.
Дон экинларидан олинадиган ҳосил миқдори ҳам об-ҳаво шароитларига анча кучли боғлиқлигини кўпчилик билади.
Агар лалмикор ерлардаги буғдой (ёки арпа) донлари пишиб етилаётган даврда узоқ вақт ҳаво жазирама иссиқ ва нисбий намлиги 30% дан кам бўлиб турса, пишган донларнинг анча қисми пуч бўлиб қолади.
Дон экинларининг ҳосили пишиши даврида тез-тез кучли шамолларнинг эсиши ва ёмғирларнинг ёғиши, ҳавонинг паст ҳароратлари пировард натижада ҳосил миқдорини камайтириб юборади.
Далаларда ерларни экин экишга тайёрлаш, экинларни экиш (ёки сепиш), турли хил агротадбирларни ўтказиш, ҳосилни йиғиб-териб олиш муддатларини танлашда олинган жойнинг об-ҳаво шароитини ҳисобга олиб бажарилади.
Шундай қилиб, қишлоқ хўжалиги ходимлари турли хил экинларни парвариш қилишда, улардан юқори ҳосил олиш учун деҳқончиликнинг умумий қонуниятлари ва унинг айрим соҳаларига доир билимлардан ташқари, қуёш радиацияси ва унинг оқим турлари, табиий ёритилганлик, фотосинтетик фаол радиация (ФФР), ҳаво ва тупроқ ҳароратининг ўзгариши, ҳаво ва тупроқ намлиги, турли хил ёғинлар, шамоллар, ҳаво массаларининг ҳаракати, циклонлар ва антициклонлар пайтидаги об-ҳаво, қишлоқ хўжалиги учун хавфли бўлган метеорологик ҳодисалар, умуман олганда об-ҳаво ўзгаришларининг ўсимликка таъсири ҳақидаги билимларга эга бўлишлари ҳамда об-ҳавони белгилайдиган катталикларнинг ҳар бирини у ёки бу метеорологик асбоб ёрдамида ўлчай олишлари ва ўлчаш натижаларини баҳолаш малакасига эришишлари керак.
Қишлоқ хўжалиги олий ўқув юртларида бу каби маълумотларни талабалар агрометеорология фанини ўрганиш жараёнида ўзлаштиради.
Do'stlaringiz bilan baham: |