Метеорологик катталикларнинг бирор вақт оралиғи учун қийматлари метеорологик шароитлар (об-ҳаво шароитлари) деб юритилади. Об-ҳаво тушунчаси билан иқлим тушунчаси чамбарчас боғланган. Ҳар биримиз «об-ҳаво режими» деган сўзларни кўп эшитганмиз, унинг мазмунини яхши тушуниш учун даставвал «режим ёки тартибот» сўзининг маъносини қарайлик.
Одатда, жараён ва ҳодисаларнинг вақт ўтиши билан қонуний равишда алмашиб туришига режим деб юритилади. Об-ҳаво режими эса атмосферада рўй берадиган табиий ҳодисаларнинг йил давомида қонуний равишда алмашиниб олдинма-кейин келишини билдиради. Масалан, Ўзбекистонда ёзда об-ҳаво жуда исиб кетади, қишда эса совуқ бўлиб туради, сўнгра об-ҳаво баҳорда яна исий бошлайди. Бундай алмашинув ҳар йили такрорланиб туради. Бундай тартиб билан об-ҳавонинг олдинма-кейин алмашувида ҳар қайси фаслда катта четлашишлар рўй бермайди. Масалан, Тошкентда қишда январ ойида +35С, +40С иссиқ бўлмаган ёки ёзда июл ойида совуқ тушиб қор ёғмаган.
Шундай қилиб, атмосферада рўй берадиган ҳодисалар ва жараёнларнинг бир-бирига яқин тарзда такрорланиб туриши об-ҳаво режими дейилади.
Бирор жойнинг географик жойлашув ўрни билан юзага келган кўп йиллик об-ҳаво режимига иқлим дейилади, ёки маълум бир жойга хос бўлган кўп йиллик об-ҳаво режимига иқлим дейилади.
Бирор ҳудуднинг ҳар йилги об-ҳавоси юқорида айтганимиздек бир хил тарзда такрорланавермайди. Баъзи йиллари ёз жуда иссиқ бўлиб, қиш эса совуқ бўлиши, бошқа бир йиллари эса ёз салқинроқ, қиш эса илиқроқ келиши ва ёғингарчилик кўп бўлиши мумкин. Масалан, 2000-2001 йилларда Ўзбекистонда қиш илиқ ва кам қорли бўлди. Бу маълумот Ўзбекистоннинг иқлимини юмшоқ, илиқ деб тасдиқлашга етмайди. Ўзбекистоннинг 1956 йил учун иқлим маълумотларидан эса, ўша йили республикада қишда қор жуда кўп ёғиб, кучли совуқлар бўлганлиги кўрсатилган. Бу маълумот билан чекланиб Ўзбекистоннинг иқлимини қишда қаттиқ совуқ ва серқорли деб бўлмайди.
Шунинг учун маълум бир ҳудуднинг иқлими деганда, кўп йиллар давомида шу ҳудудда кузатилган об-ҳаво режимининг ўртача қийматига асосланишимиз керак. Маълумки, метеорология фани атмосферада рўй берадиган ҳодисаларнинг пайдо бўлиши ва ривожланишини (қаерда бўлишидан қатъий назар) умумий тарзда ўрганади, иқлимшунослик фани эса бу жараёнларнинг маълум бирор ҳудуддаги кўп йиллик ўртача ҳолатини текширади.
Метеорологик катталиклар ва жараёнлар ўсимлик-ларнинг ўсиши, ривожланиши ва ҳосилдорлигига, ҳайвонларнинг ҳолати ва маҳсулдорлигига оз ёки кўп даражада таъсир қилади, шунинг учун уларни агрометеорология фанида ҳам ўрганилади. Бунда метеорологик катталиклар ва ҳодисаларнинг таъсирини, тупроқнинг сув ва иссиқлик режимлари билан биргаликда таҳлил қилинади. Тупроқнинг сув режимини эса гидрологик катталиклар тавсифлайди.
Об-ҳаво ва иқлимнинг қишлоқ хўжалиги объектларига таъсирини тавсифлаш учун агрометеорологик ва агроиқлим шароитлар тушунчаларидан фойдаланилади.
Қишлоқ хўжалик ўсимликлари ва ҳайвонлари ҳолати ва маҳсулдорлигини аниқлайдиган метеорологик ва гидрологик катталиклар мажмуасини агрометеорологик омиллар, уларнинг бирор вақт давомидаги қийматларини агрометеорологик шароитлар, олинган жойдаги агрометеорологик шароитларнинг кўп йиллик режимига агроиқлимий шароитлар деб юритилади.
Шундай қилиб, агрометеорология об-ҳаво ва иқлимнинг қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқаришида қўлланишини ўрганади. Қишлоқ хўжалик фанлари гуруҳидаги фанларнинг бирортасида ҳам бу масалани агрометеорология фанидаги каби муфассал ўрганилмайди.
Шуни яна такрорлаб ўтамизки, агрометеорологиянинг фан сифатидаги хусусияти шундаки, у бир неча фанлар: метеорология, агрономия, биология, биофизика, тупроқшунослиқ, иқлимшунослик, экология, ўсимликлар физиологияси, физика, география ва бошқа фанларнинг ўзаро оралиғида вужудга келган ва уларнинг ҳар бири билан узвий фанлараро боғланишга эга. Бироқ агрометеорология предмети бу фанларнинг ҳар бирининг предметидан фарқ қилади.
Агрометеорология фани, шунингдек метеорология-нинг атмосферада рўй берадиган ҳодисаларнинг физик қонуниятларини ўрганадиган ва об-ҳавони олдиндан айтиш усулларини ишлаб чиқиш билан шуғулланадиган бўлими – синоптик метеорология, иқлим ҳосил қилувчи омилларни, турли ҳудудларнинг иқлим ресурсларини ва иқлим ўзгаришини ўрганадиган бўлимииқлимшунослик фанлари билан ҳам узвий боғланган.
Do'stlaringiz bilan baham: |