4.5. Тупроқ юзаси ҳароратининг суткалик ва йиллик ўзгариши. Биз ушбу бобнинг бошида тупроқ юзасининг ҳарорати асосан радиацион балансга боғлиқ эканлигини айтганмиз. Радиацион баланс катталиги эса сутка ва йил давомида ўзгарганидан тупроқ юзасининг ҳарорати ҳам сутка ва йил давомида ўзгариб боради.
Тупроқ юзаси ҳароратининг сутка давомида ўзгаришининг боришини унинг суткалик ўзгариши дейилади. Тупроқ юзаси ҳароратининг суткалик ўзгариши 1 та минимум (энг оз қиймат) га ва 1 та максимум (энг юқори қиймат) га эга. Тупроқ юзаси ҳароратининг минимал қиймати ҳаво очиқ куни эрталаб қуёш чиқиши олдидан кузатилади. Бу вақтда радиацион баланс ҳали манфий, тупроқ билан ерга яқин ҳаво қатламлари орасидаги иссиқлик алмашиниш жуда кам бўлади. Қуёш чиққандан кейин бир оз вақт ўтгач радиацион баланс мусбат ишорага ўтади ва қуёшнинг уфқдан баландлиги ошган сари ортиб боради, натижада тупроқ ҳарорати ҳам ортиб бориб ўзининг максимал қийматига маҳаллий вақт билан соат 16 ларда эришади. Сўнгра радиацион баланснинг камая бориши сабабли тупроқ юзасининг ҳарорати пасайиб бориб эрталаб қуёш чиқиши олдидан минимум қийматига тушиб қолади.
Тупроқ юзаси ҳарорати суткалик ўзгаришининг кўрсатилган тарзда бориши булутлик, ёғингарчилик ва шамоллар таъсирида ўзгариши мумкин. Бунда тупроқ ҳароратининг максимуми ва минимуми бошқа вақтларга сурилади.
Сутка давомида тупроқ юзаси ҳароратининг энг катта ва энг кичик қийматлари айирмасини суткалик ўзгаришининг амплитудаси дейилади. Масалан, тупроқ юзаси ёзда кундузи 50 га тенг, кечаси эса 20С гача совиган бўлса, тупроқ ҳарорати суткалик ўзгаришининг амплитудаси 50- 20=30С га тенг бўлади.
Тупроқ юзаси ҳароратининг суткалик ўзгариши амплитудасига қуйидагилар таъсир қилади:
Йил фасллари. Ёзда амплитуда энг катта, қишда эса энг кам бўлади.
Жойнинг географик кенглиги.
Тупроқ ҳароратининг суткалик ўзгариш амплитудаси асосан қуёшнинг тушки пайтдаги баландлиги билан аниқланади. Экватордан кутб томон силжиган сари, яъни географик кенглик ошган сари қуёшнинг тушки пайтдаги уфқдан баландлиги камая боради. Шунинг учун кенглик ошган сари амплитуда ҳам камаяди. Энг катта амплитудалар субтропик чўлларда кузатилади. Чўлда қум кундузи кучли қизийди, кечаси эса самарали нурланиш катта, демак қум юзаси кучли совийди. Натижада қум юзаси ҳароратининг суткалик ўзгариш амплитудаси 50-60 гача етади. Энг кичик амплитудалар қутбга яқин мамлакатлар тупроғида учрайди.