ТОШКЕНТ ИРРИГАЦИЯ ВА ҚИШЛОҚ ХЎЖАЛИГИНИ МЕХАНИЗАЦИЯЛАШ МУҲАНДИСЛАРИ ИНСТИТУТИ Ер ресурсларини бошқариш факультети Геодезия ва геоинформатика кафедраси Ер тузишда геодезик ишлар фани 1-Мавзу: Ер тузишда геодезик ишлар фанининг МОҲИЯТИ ВА ВАЗИФАЛАРИ Тошкент – 2021 йил Режа: 1. Ер тузиш ва ер кадастри ишларини бажаришда геодезик ишларнинг ўрни ва вазифалари. 2. Ер тузиш ва ер кадастри ишларини бажаришда геодезик ишларнинг турлари. Ер тузиш ва ер кадастри ишларини бажариш учун топографик геодезик изланишлар республикада 25 апрель 1997 йили қабул қилинган «Геодезия ва Картография» тўғрисидаги қонунга риоя қилинган ҳолда олиб борилади. Ер тузишда бажариладиган топографик геодезик изланишларни асосий вазифаларидан бири, уларни план ва карталар сифатида топографик асос билан таъминлаш ҳисобланади.
ЕР ТУЗИШДА БАЖАРИЛАДИГАН ГЕОДЕЗИК ИШЛАР.
Фаннинг мақсади – Геодезия ва картография ишларини мамлакатимизнинг табиий иқтисодий потенциали бўлган ер, сув, ўрмон ва бошқа манбаларини бевосита ўрганиш, қишлоқ хўжалиги учун янги ерларни ўзлаштириш, ер бўлакларини ажратиш ва унинг чегараларини жойга кўчиришда ҳамда ер кадастри ишларини юритишда геодезик ишларни олиб бориш ва ундан амалиётда фойдаланиш. Фаннинг вазифаси – қишлоқ хўжалигида зарур бўлган ерларни ўзлаштириш, ер бўлакларни ажратиш ва унинг чегараларини жойга кўчиришда ҳамда ер кадастри ишларини юритишда замонавий геодезик усуллар, маълумотлардан фойдаланиш тахлил қилиш ва натижалардан фойдаланиш услубларини мустақил бажара олишларини белгилаш, самарадорлигини ошириш йўлларини аниқлаш. План ва карталар устида қуйидаги ер тузишдаги ишлар бажарилади: 1. Янги ердан фойдаланишларни ташкил этиш ва туман режалаштириш схемасини тартибга солиш, ҳамда туман режалаштириш схемаси асосида ердан фойдаланувчилар чегараларини аниқлаш; 2. Қишлоқ хўжалиги корхоналарининг ички хўжалик худудини ташкил қилиш, алмашлаб экишларни жорий этиш; 3. Қишлоқ хўжалиги ва бошқа халқ хўжалигидаги соҳалар учун янги ерларни очиш; 4. Ер участкаларни ажратиш ва олиб қолиш ва ҳ.к. Топографик план ва карталар давлат ер кадастри ишларини олиб боришда, яъни ердан фойдаланувчиларни рўйхатга олиш, тупроқ бонитировкаси ва ерларни иқтисодий бахолашда ҳам қўлланилади. Топографик план ва карталар асос бўлиб қишлоқ, аҳоли пунктларини режалаш ва иншоотларни лойиҳалаш хизмат қилади. Қайд этилган ишларни ҳар бири топографик план ва карталарнинг сифати, яъни уларнинг аниқлиги, муфассаллиги ва мукаммаллигига ўз талабларини қўяди ва бу сифат кўрсаткичлари ўз навбатида планларни масштаби ва рельеф кесими баландлигини аниқланади, карталарни масштаби ва топографо-геодезик ишларни бажариладиган майдони бўйича эса бу ишларнинг тури ва методлари аниқланади. Шунингдек, ер тузиш ва ер кадастри ишларини олиб боришда қуйидаги геодезик ишлар бажарилади: 1.Типли учбурчаклар системалари, полигонометрик, теодолит, тахеометрик, мензула ва нивелир йўллари кўринишида геодезик съёмка тармоқларини барпо этиш; 2. Аэрофототопографик , фототеодолит, мензула, теодолит, тахеометрик, юза нивелирлаш съёмкаларини лойиҳалаш аниқлиги талабига қараб ҳар хил масштаблар ва рельеф кесими баландликларида бажариш; 3. План ва карталарни тузиш ва расмийлаштириш. 4. План ва карталарни янгилаш - янги аэрофотосъёмка натижалари ва олдин бажарилган съёмка, ҳамда мавжуд геодезик тармоқлар тўғрисидаги материаллари бўйича план ва карталарни тайёрлаш; 5. Планларни тўғрилаш (корректирлаш) - пайдо бўлган контур ва объектларни съёмка қилиб, уларни мавжуд планларга тушириш ва йўқолган контур ва объектларни пландан кетказиш; 6. Ердан фойдаланувчилар ер майдонларини аниқлаш ва ер экспликациясини тузиш, 7. Лойиҳа планларни тайёрлаш - план ва карталардан нусха олиш. 8. Ер майдонларини лойиҳалаш (обьектларни техник лойиҳалаш): 9. Лойиҳани жойга кўчириш; 10. Ижроий съёмкаларни бажариш; 11. Иншоотлар чўкиши ва деформациясини кузатиш. Ер тузиш лойиҳалари ва ер кадастлари ишлари одатан фотопланларни ёки уларнинг бошқа усулларга нисбатан энг аниқ ва унумли-фотомеханик усулда тайёрланган нусхасида олиб борилади. Айрим ҳолатларда лойиҳа планларини график усулда (нур орқали, игна билан тешиш) ёки графомеханик усулда (пантограф ёки пропорционал ўлчагич ёрдамида) план ва карталардан нусха кўчириш орқали ҳосил қилиш мумкин. График ёки графомеханик усуллари билан нусха кўчиришдан олдин координата тўри чизилиб, рельеф ва тафсилотлар оригиналдан нусхага ҳар бир катаклар худуди бўйича ўтказилади, шунда геодезик тармоқлар пунктлари ва ердан фойдаланувчиларнинг чегралари нусхага координаталарининг ҳисобланган қийматлари бўйича туширилади. Теодолит ва мензула съёмкалари учун топиладиган хатолар тахминан бир хил чиқади ва яхлитлаганда 0,4 мм планга тўғри келади. Кўп сонли тадқиқотларга кўра аэрофотосъёмка планлари тахминан шу аниқликка эга. Планларни нусхаси пастроқ аниқликка эга. Қайси бир нусхалаш усуллари қўлланса ҳам, ҳар қандай нусха оригиналга нисбатан катта хатоларга эга бўлади, шунда айрим нусхалаш усуллари пастроқ аниқлигини беради, айримлари эса аниқроқ натижаларни беради. Қайси нусхалаш усулини кўллашда нусханинг аниқлиги оригиналнинг аниқлигига амалда тенг бўлса, ўша усулни энг аниқ усул деб қабул қилиш мумкин, бу фотомеханик усул ҳисобланади, айниқса, бу усул билан ишлашда нусха ва оригинал қоғозларни деформацияси ҳисобга олинади. Адабиётлар: 1. А.В.Маслов и др. "Геодезические работы при землеустройстве". М., Недра, 1990. 2. А.Н. Назиров Геодезия . Т., Ўқитувчи, 1978. 3.З.Д.Охунов Ер тузишда геодезик ишлар Т., Янги аср авлоди 2002.
Do'stlaringiz bilan baham: |