Erix Fromm. «Qalb ilmi»dan tush bilan bog’liq boblar & Rahmon Qo’chqor. Qalb ilmi egasi
Эрих Фромм китобларининг бирида: “Инсон ўзининг мавжудлиги ўзи учун муаммо бўлган оламдаги ягона махлуқдир: у бу муаммони ечмоғи лозим, бундан ҳеч қаерга қочиб қутила олмайди”, деганди. Файласуфдан қолган катта илмий-ижодий мерос ана шу улкан муаммони ечиш йўлидаги жиддий уринишлардан ҳисобланадики, уни идрок этиш омма маърифатини юксалтиришга ҳам беминнат хизмат қилиши тайин.
Эрих Фроммнинг “Инсон қалби” номли китобидан адабиёт табиати билан узвий боғлиқ бўлган – туш ҳақидаги бобларини Абдунаби Абдуқодиров таржимасида тақдим этмоқдамиз.
Раҳмон Қўчқор
ҚАЛБ ИЛМИ ЭГАСИ
Мавжудотларнинг энг мукаммали, шарифи саналган, бошқа бирор махлуққа ато этилмаган ақл ва идрок, онг ва тил соҳиби бўлмиш инсоният томонидан ХХ асрда бир эмас, иккита жаҳон уруши содир этилди. Бу шафқатсиз муҳорабаларда умумий ҳисобда 80 миллиондан ортиқроқ айнан шу “мукаммал, шариф зот” вакиллари ўз қавмдошлари томонидан аёвсиз маҳв этилди. 1914 йилда бошланган 1-жаҳон уруши ваҳшатларини ўз кўзи билан кўрган ўспирин Эрих Фромм:”Шу нарса мумкинми? Алоҳида сўралса, бирорта одам яқинига йўламайдиган, демакки, ҳеч қачон ўзини қурбон қилмайдиган қандайдир хаёлий мақсадлар ёки сиёсий мулоҳаза-манфаатлар учун миллионлаб одамлар бир-бирини ўлдириши… Яъни ҳам сиёсий, ҳам психологик нуқтаи назардан урушни қандай изоҳлаш мумкин? Одамни қандай куч бошқараяпти ўзи?” дея даҳшатга тушган эди.
Назаримизда, ана шу икки уруш, ундан кейин эса узоқ муддат ҳукм сурган “совуқ уруш” таҳликалари ХХ аср фалсафаси одам ва олам тўғрисидаги қарашларнинг табиатини, илмий-ижодий изланишларнинг устувор йўналиши ва моҳиятини белгилаб берди. Худди шу воқеликлар Ғарб дунёси фани, адабиёти ва санъатида “абсурдизм” оқимининг кенг ёйилишига, инсоннинг “абадий ёлғизлиги”, “лаънатлангани”, “ўзидан бегоналашуви” тўғрисидаги тушкун мулоҳазаларнинг, ҳатто (астағфируллоҳ!) “Худо ўлди” деган қарашларнинг урчишига ҳам кучли туртки бўлди. Бу тенденциялар ХХ асрда яшаб ижод этган Ғарб жамиятшунослари, сиёсатшунослари, эстетлари, ахлоқшунослари, ёзувчи ва адабиётшунослари, файласуфлари яратган асарлар номига-да қизамиқдай қалқиб чиқди: “Европа шоми” (О. Шпенглер), “Ижодкор масъулияти” (Ж. Маритен), “Гўрков” (Г. К. Честертон), “Санъат дегуманизацияси” (Ортега-и-Гассет), “Санъатнинг ўлими” (В. Вейдле), “Келажак билан тўқнашув” (О. Тоффлер), “Цивилизациялар тўқнашуви” (С. Хантингтон), “Ғарбга қарши исён” (Х. Булл), “Ғарбнинг ўлими” (П. Бьюкенен) ва бошқалар.
…Ота-боболари яҳудий динининг оташин тарғиботчилари – раввинлар бўлган ёш Эрих ҳам Фроммлар оиласи анъанасига содиқ қолиб, шу йўлни давом эттириши, умрини руҳонийлик ва савдогарликка бахш этиши лозим эди. У ўзи туғилиб ўсган муҳит, Баварияда кичкинагина дўкони бўлган бобоси тўғрисида, жумладан, шундай ҳикоя қилганди: “Бобом умрини кун бўйи дўконда ўтириб, Талмуд мутолааси билан ўтказарди. Агар харидор келиб безовта қилса, жаҳл ила китобдан бош кўтариб: “Нима, атрофда бошқа дўкон қуриб қоптими?” дея норози бўларди…”
Э. Фромм ХХ аср тонгида – 1900 йилнинг 23 мартида Германиянинг Майндаги Франкфурт шаҳрида, айтилганидек, художўй яҳудийлар оиласида дунёга келган. У аввал Франкфурт, кейин эса замонасининг таниқли файласуфлари Макс Вебер ҳамда Карл Ясперслар дарс берган Ҳайдельберг университетларида таҳсил олади. 22 ёшида Альфред Вебер раҳбарлигида ёзган диссертацияси учун фалсафа доктори илмий даражасига эга бўлади. Ўз изланишларини мустақил давом эттирган Э. Фромм, Берлиндаги психоанализ интитутига ишга кириб, ўша даврда ҳамманинг эътиборини ўзига жалб этган фрейдизм таълимотини чуқур ўрганади, амалиётда синовдан ўтказади. Мана шу тажрибалар асносида у Зигмунд Фрейд назарияси ҳам беқусур эмаслиги, жумладан, инсонда юз берадиган руҳий эврилишлар, айнишлар фақат табиий-туғма омиллар, инстинктлар натижаси бўлмаслиги ҳақидаги хулосаларга келади.
1930 йилдан Фромм Франкфуртдаги ижтимоий тадқиқотлар институтига жойлашади ҳамда М. Хоркхаймер, Т. Адорно, Г. Маркузе сингари замонасининг таниқли олимлари билан биргаликда кейинчалик “Франкфурт мактаби” номини олган машҳур илмий тўгаракнинг фаол аъзосига айланади. 1933 йилда Германияда ҳокимият тепасига Адольф Гитлер бошчилигидаги миллатчи социалистлар (нацистлар) келгач, Франкфурт институти АҚШга кўчишга мажбур бўлади. Нью-Йоркда олиб борилган “Обрў-эътибор ва оила” номли дастурий изланишлар натижасида 1941 йилда Э. Фроммнинг “Эркинликдан қочиш” номли дастлабки китоби дунё юзини кўради.
Шуни таъкидлаш керакки, барча истеъдодли олимлар сингари, Э. Фромм ҳам ўзига қадар ва ҳатто ён-атрофида изланиш олиб бораётган сафдош олимларнинг аксарият қарашлари билан келишмаган, унинг иқтидори илмда янги йўналиш кашф этишга даъват этган. Э. Фромм 40-йилларга келиб Франкфурт мактабидан йироқлашади, индивидуал тарзда илмий изланишларга, ўқитувчилик ва жамоат фаолиятига берилади. Кўпдан-кўп мижозлари билан олиб борган руҳий таҳлиллари олимни замонавий жамиятда кўпайиб-кучайиб бораётган руҳий хасталиклар – неврозлар фақат биологик сабабга эмас, балки чуқур ижтимоий илдизларга бориб тақалиши тўғрисидаги хулосага олиб келади.
Дарҳақиқат, Фроммнинг илк устозларидан бири Зигмунд Фрейд инсонни ўзига хос ёпиқ тизим (“нарса ўзида”) деб ҳисоблаган, унинг аксарият ҳаракатлари биологик асослардан туртки олиши тўғрисидаги таълимотни олға сурганди. Э. Фромм эса табиий инстинктлар билан бирга, ижтимоий-тарихий омиллар одам боласи руҳиятида муҳим ўрин тутишини исботлаб берди. Унингча, инсон тадқиқида шахснинг дунёга, бошқа кишиларга, табиатга ва энг асосийси – ўзига бўлган муносабатини ўрганиш бош масала ҳисобланади. Агар З. Фрейд одам табиати азалданоқ бузилган, айниган, унинг аксарият интилишлари шахсий-шаҳвоний лаззатга эришиш, табиий истакларни қондиришга йўналган бўлади, деб ҳисобласа, Э. Фромм инсон ўзининг биологик, ҳиссий истаклар қобиғини ёриб чиқиб, онгли умрини ҳақиқат ва адолатни излаш, эркинлик ва мукаммаллик сари интилишга бағишлаши зарурлиги тўғрисида гапиради. Зеро, инсон ташқи муҳитнинг ўзгаришига бефарқ бўлиши, унга мос тарзда ўзи ҳам ўзгармаслиги мумкин эмас. (Бу гапнинг “буқаламунлик”ка ҳеч қандай алоқаси йўқлигини таъкидлаб ўтиришимиз шарт бўлмаса керак.) Олимлар, шу маънода, Э. Фроммнинг инсоншунослик илми олдидаги хизматларини унинг психоанализ фанига гуманистик руҳ бахш этганида ҳам, деб билишади.
1949 йилдан то 1969 йилгача Э. Фромм Мексикада яшайди, шу ерда илмий изланишларини давом эттиради. Худди шу йиллари у ўзи умргузаронлик қилаётган янги замон табиатини, ўтмишда ўтказилган ва ўша йиллари ҳаётга татбиқ этилаётган турли ижтимоий дастурлар, миллионлар тақдири устида кечаётган сиёсий-мафкуравий экспериментлар моҳиятини чуқур ўрганиш, уларни ўзаро солиштириш, умумий хулосалар чиқариш имкониятига эга бўлади. Айни даврда ёзган “Соғлом жамият” асарида капиталистик тузумнинг салбий жиҳатларини кўплаб мисол ва далиллар асосида ишонарли танқид қилади.
Эрих Фромм тоталитар жамият табиати, уни тарих саҳнасига олиб чиқувчи омиллар, ҳаракатга келтирувчи механизмлар тўғрисида ҳам чуқур таҳлиллар олиб борган. Унинг ишларида нафақат фашистик режим, балки казармача социализм тузуми, бу тарихий айнишлар омма психологиясида пайдо қилган ўта салбий эврилишлар кенг ёритилганди. Демак, у “жувонмарг одам”га (А. Орипов) недир фариштадек ёндашиш тамойилидан ҳам мутлақо йироқ бўлган. Файласуф инсон боласига хос бўлган аянчли қусурлар, табиий ва ижтимоий иллатлар илдизига тик қарашдан, одамдаги эгоизм, эгоцентризм, “нарциссизм” (“ўз-ўзига маҳлиёлик”), устози З. Фрейд кашф этган “Эдип комплекси”, биофилия (“ҳаётсеварлик”)нинг зидди бўлган некрофилия (“ўлимсеварлик”) сингари кўпдан-кўп руҳий оғишлар касофатини шафқатсиз анализ қилишдан чўчимайди. Бу жиҳатдан унинг “Инсон қалби”, “Адольф Гитлер: некрофилиянинг клиник кўриниши”, “Иллюзиялар қуршовида” сингари асарлари, айниқса, эътиборлидир.
Э. Фромм, яна кўпчилик олимлардан фарқ қилароқ, фақат назарий масалалар билан чекланиб қолмаган, балки ижтимоий-сиёсий ҳаётга фаол аралашган. Жумладан, у жамиятнинг турли қатламлари қаршисида оммабоп тилда маърузалар қилар, намойишларда қатнашарди, ҳатто 1962 йилда қуролсизланиш бўйича Москвада ўтган халқаро конференцияда кузатувчи сифатида иштирок этганди.
1968 йилда олимнинг юраги биринчи марта кучли хуруж қилади ва узоқ даволанишдан сўнг у 1969 йилда Швейцарияга кўчиб келади. Умрининг қолган қисмини Э. Фромм мана шу юртда ўтказган.
Афсуски, 1977 йилда – ўзининг “Эга бўлиш ёки мавжуд бўлиш” асарини ёзиб тугатганидан сўнг файласуф иккинчи, яна бир йилдан кейин эса учинчи инфарктни ҳам бошдан кечиради. Ниҳоят, 1980 йилнинг 18 март куни – саксон ёшга киришига 5 кун қолганида, Э. Фромм дунёдан кўз юмди.
Эрих Фроммнинг жаҳон психонализ фанига, умуман, олам ва одам тўғрисидаги фалсафий илмга қўшган ҳиссаси шу қадар кўп қирралики, ҳозир уларнинг барчасига тўхтаб ўтиш имкондан ташқаридаги иш, албатта. У китобларининг бирида: “Инсон ўзининг мавжудлиги ўзи учун муаммо бўлган оламдаги ягона махлуқдир: у бу муаммони ечмоғи лозим, бундан ҳеч қаерга қочиб қутила олмайди”, деганди. Файласуфдан қолган катта илмий-ижодий мерос ана шу улкан муаммони ечиш йўлидаги жиддий уринишлардан ҳисобланадики, уни идрок этиш омма маърифатини юксалтиришга ҳам беминнат хизмат қилиши тайин.
Манба: “Жаҳон адабиёти” журнали, 2013–3
Do'stlaringiz bilan baham: |