Erix Fromm. «Qalb ilmi»dan tush bilan bog’liq boblar & Rahmon Qo’chqor. Qalb ilmi egasi



Download 234 Kb.
bet2/5
Sana17.07.2022
Hajmi234 Kb.
#817323
1   2   3   4   5
Bog'liq
2 5371034484013535296

Эрих ФРОММ
ҚАЛБ ИЛМИ

Унутилган тил[1]
Тушлар, эртаклар ва миф (афсона)ларни тушуниш фанига муқаддима
Мавҳум туш ўқилмаган мактубга ўхшайди.
Талмуд[2]
Туш ўзининг очиқ-ойдинлиги билан бизни чўчитиб қўяди ва ҳар қандай истагимиз воқеликка айланишга шошилади. Тажрибали одам ўзлигини англаш учун уни тушунишга интилади, тўла тушунмаса ҳам моҳиятини пайқаб қолади.
Эмерсон[3]
Ақлли инсон ҳайратланиш қобилиятига эга бўлиши керак. Агар шу гап рост бўлса, ҳозирги замон одамининг ақлий ҳолатига ачинса бўлади. Юксак даражада маълумотли ва билимли бўлишимизга қарамасдан, Худо берган бу неъматни – ҳайратланиш қобилиятини йўқотиб қўйдик. Гўё ҳамма нарса маълум, биз билмаган нарсаларни эса айрим мутахассислар билиши шарт. Ҳақиқатан ҳам, ҳайратланиш ноқулайлик туғдиради. Атрофдагилар бундай одамни ақл-идроки паст, деб ўйлайдилар. Ҳатто болалар ҳам камроқ ҳайратга тушишади, ҳеч бўлмаганда, буни намойиш қилгиси келмайди – вақт ўтган сари эса бундай қобилият йўқола боради. Унга тўғри жавоб топиш муҳимроқ, савол беришнинг эса унчалик аҳамияти йўқ, деб ҳисоблаймиз.
Балки масалани бундай қўйиш, ҳаётимизнинг ажиб ҳодисаларидан бўлса-да, тушга унчалик аҳамият бермаслигимиз ва бу борада камроқ саволлар келиб чиқишидадир. Ҳаммамиз ҳам туш кўрамиз, моҳиятини эса тушунмаймиз. Уйғоқ пайтимизда ўзимизни хавф-хатарсиз сезамиз, чунки мантиқан ва мақсад сари ҳаракат қиламиз. Уйғоқлигимизда ҳаракатчанмиз ва ўйлаб иш қиламиз, мақсадга интиламиз, керак бўлса, ўзимизни ҳимоя қиламиз. Ҳаракатларимиз давомида нарсаларни кузатамиз, уларга четдан назар соламиз, гўё ўзимизникидек уларни турли кўйларга соламиз, лекин кузатганимизнинг туб моҳиятига етиб бора олмасак керак. Кўпинча тасаввуримиз етишмайди, болалар ва шоиртабиат одамларни ҳисобга олмаганда, айримларимиз камдан-кам ҳоллардагина воқеа-ҳодисаларни кузатишда тўплаган тажрибаларимиз доирасидан чиқамиз. Ўзимизни тутишимиз бир хил, қайсидир маънода зерикарли. Ўнгимизда кўрганларимизни “реал воқелик” деб ҳисоблаймиз, бундан ўзимизча фахрланиб қўямиз ва уларни оқилона бошқарамиз.
Тушимизда мавжудликнинг ўзга шаклига кириб, гўё бедор бўламиз. Тушимизда кўрганларимиз ҳаётимизда умуман содир бўлмаган бўлса-да, тасаввуримизда турли воқеаларни ўйлаб топамиз. Тушимизда баъзан ўзимизни қаҳрамонлардек кўрамиз, баъзан эса аблаҳ қиёфасида, айрим ҳолларда гўзал манзаралар қуршовида ўзимизни бахтли ҳис қилсак, айрим ҳолларда даҳшатга тушамиз. Лекин ўзимизни қандай ҳис қилмайлик, у бизники, муаллифи ўзимиз, сюжети ҳам.
Кўпчилик тушларда алоҳида бир умумийлик бор – улар реал воқеликдаги мантиқ қонуниятларига бўйсунмайди. Замон ва макон тушунчасининг аҳамияти йўқ. Аллақачон вафот этган одамларни тирик ҳолда кўрамиз, ўтиб кетган ва биз кўрмаган воқеа-ҳодисаларнинг гувоҳига айланамиз. Тушимизда бир вақтнинг ўзида содир бўлаётган икки воқеа ҳаётда ҳеч қачон бирга юз бермайди. Макон ва унда ҳаракатланиш қонунларига аҳамият бермаймиз. Бир лаҳзада осонгина узоқ масофаларга кўчамиз ёки айни бир маҳалда икки жойда пайдо бўламиз, икки одам биттага айланади ёки ўзга одамга айланиб қолади. Тушимизда гўё янги бир олам яратамиз, ўнгимиздаги замон ва макон қонунлари у ерда амал қилмайди.
Тушга оид яна бир алоҳида ажойиб хусусият бор. Гарчи ўнгимизда эсга олмасак-да, кўп йиллар кўришмаган, деярли унут бўлиб кетган одамлар ва воқеалар ҳақида ўйлаймиз. Улар эски танишлардек бизга намоён бўлади. Тушдаги ҳаётимиз ўнгимизда хаёлимизга келмаган тажриба ва хотираларни уйғотади.
Ажабланарли бўлишига қарамасдан, тушлар худди ўнгимиздаги реал воқеалардек туюлади. Тушда “гўёки” деган тушунча йўқ. Туш кўриш – ҳақиқий ҳаётимиз. У шунчалик реал воқеаки, олдимизда икки савол кўндаланг туради: воқелик нима ўзи? Тушимизда кўраётганимиз воқелик эмас, ўнгимизда кўраётганимиз воқелик, деган тушунчани биз қаердан олдик? Бу фикрни бир хитой шоири ўринлатиб тушунтирган: “Ўтган тунда туш кўрибман: Мен капалак эмишман. Энди билолмай қолдим. Тушимда капалакка айланган одамманми ёки одамга айланган капалакманми?”
Тушимизда кўрган аниқ-тиниқ кечмишлар ҳам уйғонганимизда йўқ бўлади ёки аранг ёдга тушади. Кўп тушлар мутлақо унут бўлади. Айримлари уйғонганимизда элас-элас ёдга тушади. Аммо тез орада улар ҳам мутлақо унутилади. Фақат оз миқдордаги тушларгина ёдда қолади: айнан ана шулар ҳақидагина “туш кўрибман”, деб айта оламиз. Гўё тунда эзгу ёки ёвуз ниятли руҳлар келган-у, тонг отган заҳоти йўқ бўлган. Уларни бу ерда бўлганликлари, биз билан мулоқот қилганликлари эса мутлақо эсдан чиқади.
Энг ажабланарлиси шуки, уйқудаги онгимиз маҳсули бўлган тушлар инсониятнинг энг қадимий кашфиётларидан бўлмиш афсоналарга ўхшаб кетади.
Ҳозирги замонда афсоналар бизни ҳайратга солмайди. Диний тушунчалар билан йўғрилган афсоналар биз учун қадрли, урф-одатларимизга айланган афсоналарга ҳам ҳурмат билан риоя қиламиз, лекин фақат сиртимизда, бошқа афсоналарни эса болаларча тасаввурга эга бўлган оми одамлар тўқиган, деб ҳисоблаймиз. Уларга нисбатан тушунчамиз қандай бўлишидан қатъи назар, уларни тафаккуримизга ёт бўлган бошқа бир олам маҳсули, деб ҳисоблаймиз. Шунга қарамасдан, кўпчилик тушларда шакл ва мазмун жиҳатидан ўхшашлик бор ва бедорлигимизда улар бизга қанчалик ғалати ва бегона туюлмасин, тунда афсона тўқиш қобилиятига эга бўлаверамиз.
Худди тушимиздагидек, афсоналарда ҳам воқеа-ҳодисалар реал ҳаётдаги макон ва замон қоидаларига бўйсунмайди: қаҳрамонлар дунёни қутқариш учун ўзини ҳар ёнга уради, юртидан қочади, улкан балиқ ютиб юборади, ўлади, тирилади, афсонавий қуш ёниб кетади, янада гўзаллашиб қайта тирилади ва ҳ. к.
Турли одамлар турлича туш кўрганидек, афсоналар ҳам турлича яратилган. Шунга қарамай, уларда умумийлик бор – улар рамзий тилда “яратилган”.
Бобилликлар, ҳиндулар, мисрликлар, яҳудийлар, греклар яратган афсоналар худди ашанти ва труклар (Африка халқлари) афсоналари каби айнан бир хил тилда яратилган.
Ҳозирги пайтда яшаётган қандайдир бир нью-йорклик ёки парижлик одамнинг туши бундан бир неча минг йил олдин яшаб ўтган афиналик ёки қуддуслик одам кўрган тушига ўхшаб кетишига далиллар бор.
Қадимги ва ҳозирги замон одамларининг тушлари ва афсоналари тарихий давр бошланишидаги одамларнинг туш ва афсоналари каби рамзий тилда ифодаланган.
Рамзий тил – инсоннинг ички кечинмалари, ҳиссиётлари ва фикрлари, ташқи оламдаги воқеа-ҳодисаларни сезги орқали қабул қилиш ва ифодалаш шаклидир. Бу тил биз яшаётган оламдаги замон ва макон қонунларига мантиқан тўғри келмайди, балки ўзининг шиддати ва бирикиш хусусияти билан фарқ қилади. Бу тил инсоният томонидан кашф қилинган тарихимиздаги барча маданиятлар, халқларга тааллуқли универсал тилдир. Унинг ўзига хос грамматикаси ва синтаксиси бор. Агар афсоналар, эртаклар ва тушларнинг мазмунини билмоқчи бўлсанг, шуларни ўрган.
Ҳозирги замон одами бу тилни аллақачон унутиб юборган. Тўғри, фақат бедорлигида, ўнгида ҳам уларни тушуниш муҳиммикан?
Ўтмишдаги одамлар, Шарқданми, Ғарбданми – қайси маданиятга тааллуқли эканлигидан қатъи назар, бу саволга бир хил жавоб беришган. Улар учун тушлар ва афсоналар энг муҳим дил изҳори бўлиб хизмат қилган, тушунмаганларни эса оми одам ҳисоблашган. Фақат сўнгги бир неча аср давомида Ғарб маданияти бу тушунчани ўзгартирди.
Туш масаласи бундан-да ёмон. Ҳозирги замон маданияти нуқтаи назаридан уларни ақлга тўғри келмайдиган нарса, жиддий иш билан, яъни техника тараққиёти билан шуғулланаётган, вояга етган, ўзларини “реалист” деб ҳисоблаётган одамлар бундай бемаъни нарсаларга чалғиши керак эмас. Бундай одамлар турли қалб кечинмаларини биргина “севги” сўзига жо қиладилар.
Агар барча тушларимизда орзу-истакларимиз амалга ошиб, ўзимизни қувонч ва бахт оғушида кўрганимизда, балки унга нисбатан муносабатимиз яхшироқ бўлармиди. Аммо, кўпинча, тушимизда даҳшатга тушамиз, уйғонгач, “ҳайрият, туш экан”, дея ўзимизни юпатамиз. Баъзан кўрган тушларимиз туфайли хотиржамлигимизни йўқотамиз, чунки ўзимиз ҳақимиздаги тасаввурларимизга тўғри келмайди. Ҳаётда яхши кўрган одамларимизга нисбатан баъзан тушимизда нафрат ҳис қиламиз ва аксинча. Бедорлигимизда ўзимизни камтарона тутсак, тушимизда жиззаки бўлиб қоламиз, эркин одам кимгадир тобе бўлиб қолади. Энг ёмони, биз тушда кўрганларимизни мутлақо тушунмаймиз. Ўнгимизда биз тушунмайдиган нарса йўқ, деб ҳисоблаймиз, гўё бунинг учун бироз фикр юритсак, бас. Ақлимиз етмаганлигини тан олгимиз келмайди, аммо рад этиб бўлмайдиган ҳолатдан қочиб, тушлар бемаъни, деб қўя қоламиз.
Кейинги бир неча ўн йилликлар давомида афсоналар ва тушларга бўлган муносабат ўзгарди. Бунга Фрейднинг[4] қилган ишлари туртки бўлди. Невроз касаллигидан азоб чекаётганларга ёрдам бериш, касалликнинг келиб чиқиш сабабларини аниқлаш мақсадида барча инсонларга хос бўлган тушни таҳлил қилишга киришди. Унинг фикрича, тушларни афсона ва эртаклардан деярли фарқи йўқ экан – бирининг тилини тушунадиган одам кейингиларини ҳам тушуна биларкан. Антропологлар (Ғарб олимлари бу терминни кенг маънода ишлатадилар – фақат одамнинг пайдо бўлиши ва тузилишинигина эмас, балки урф-одатлари, диний эътиқодини ҳам ўрганадилар) афсоналарни ўрганишга киришдилар. Бу борада Бахофен масалани янгича ёритиб берди ва инсоният қадимий тарихида янги саҳифа очди.
Афсоналар ва тушлар ҳақидаги фан ҳали жуда ёш. У турли тўсиқларга дуч келмоқда. Бир томондан, маълум маънодаги ақидапарастлик (консерватизм), яъни турли йўналишдаги психоанализ мактаблари. Унинг тарафдорлари фақат ўз йўналишларинигина рамзий тил борасида ягона, деб ҳисоблайдилар. Оқибатда, бу тилни ҳар томонлама ўрганиш ўрнига уни бир андозага солиб қўйилди.
Бошқа томондан, тушлар таъбири билан фақат неврозларни даволовчи психиатрлар шуғулланишлари керак, деган тушунча. Мен эса рамзий тилни, худди чет тили каби, барча ўрганиши керак, деб ҳисоблайман. Бу тилни билиш ўз шахсимизни, донолик манбаи бўлмиш афсоналарни чуқурроқ тушунишда беқиёсдир. Қолаверса, бу билим инсон қалбининг турли қатламларини ўрганишга ёрдам беради. Маъно ва моҳият жиҳатидан эса бу – умуминсоний муаммо.
Талмудда шундай дейилади: “Моҳияти тушунарсиз бўлган туш очиб ўқилмаган мактубга ўхшайди”. Ҳақиқатан ҳам, тушлар ва афсоналар ўзимиздан чиқиб, яна ўзимизга қайтадиган сир-асрорлар ўртасидаги алоқа воситасидир. Агар бу тилни биз тушунмасак, дунё ташвишларидан ҳоли бўлган пайтимизда ўзимиз билган ва билмаган нарсалар ҳақида ўзимизга берган саволлар жавобсиз қолаверади.

Download 234 Kb.

Do'stlaringiz bilan baham:
1   2   3   4   5




Ma'lumotlar bazasi mualliflik huquqi bilan himoyalangan ©hozir.org 2024
ma'muriyatiga murojaat qiling

kiriting | ro'yxatdan o'tish
    Bosh sahifa
юртда тантана
Боғда битган
Бугун юртда
Эшитганлар жилманглар
Эшитмадим деманглар
битган бодомлар
Yangiariq tumani
qitish marakazi
Raqamli texnologiyalar
ilishida muhokamadan
tasdiqqa tavsiya
tavsiya etilgan
iqtisodiyot kafedrasi
steiermarkischen landesregierung
asarlaringizni yuboring
o'zingizning asarlaringizni
Iltimos faqat
faqat o'zingizning
steierm rkischen
landesregierung fachabteilung
rkischen landesregierung
hamshira loyihasi
loyihasi mavsum
faolyatining oqibatlari
asosiy adabiyotlar
fakulteti ahborot
ahborot havfsizligi
havfsizligi kafedrasi
fanidan bo’yicha
fakulteti iqtisodiyot
boshqaruv fakulteti
chiqarishda boshqaruv
ishlab chiqarishda
iqtisodiyot fakultet
multiservis tarmoqlari
fanidan asosiy
Uzbek fanidan
mavzulari potok
asosidagi multiservis
'aliyyil a'ziym
billahil 'aliyyil
illaa billahil
quvvata illaa
falah' deganida
Kompyuter savodxonligi
bo’yicha mustaqil
'alal falah'
Hayya 'alal
'alas soloh
Hayya 'alas
mavsum boyicha


yuklab olish