127
сафидан чиқади. Масалан, бир одам ўғриликни, зинони ҳалол санаса, кофир бўлади. Агар мазкур
ишларни Аллоҳ ҳаром қилган деб эътиқод қилса-ю, бироқ ўзини тия олмаса, қаттиқ гуноҳга ботади.
Куфр икки хил бўлади: 1. Эътиқодий куфр. 2. Амалий куфр.
Эътиқодий куфр Аллоҳни тан олмаслик, шариат ҳукмларини инкор этиш ва ҳоказолардир.
Эътиқодий куфр бандани Ислом миллатидан чиқаради, уни жаннатдан маҳрум қилади, жаҳаннамда
абадий қолишига сабаб бўлади.
Амалий куфр эса бандани Ислом миллатидан чиқармайди. Бунга Аллоҳ нозил қилган нарса билан
ҳукм қилмаслик, мусулмон банда билан урушиш, намозни узрсиз тарк этиш, Аллоҳдан ўзга нарсалар
билан қасам ичиш кабилар киради.
Қуръонда, суннатда зинокорларга, ароқ ичганларга, ўғрилик қилганларга шаръий жазо тайинланган.
Агар бу гуноҳни қилганлар кофир бўлганида уларга шаръий жазо берилмасди, балки ўлимга ҳукм
қилинарди.
Бу ерда гап бир одамни осонликча кофирга чиқариб юбормаслик ҳақида бормоқда. Юқоридаги
жумлаларни ўқиб, “Бемалол гуноҳ қилса бўлавераркан. Одам гуноҳ қилгани билан кофир бўлиб
қолмасакан”, деб хотиржамликка берилиш нотўғри. Чунки гуноҳни енгил санаш бориб-бориб унга парво
қилмасликкача, ҳатто гуноҳни ҳалол санашгача бориши мумкин. Бу борада эҳтиёткор бўлган яхши.
Гуноҳ қилганлар устидан осонгина ҳукм чиқариб, уларни кофир санайдиганлар ўтмишда бўлган,
ҳозир ҳам бор. Аслида муаллим Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам бировнинг устидан ҳукм
чиқаришга шошилмасликни таъкидлаганлар.
Хуллас, “Лаа илааҳа иллаллоҳ”, деб шаҳодат калимасини айтган, ўзининг мусулмонлигини
билдирган кишига тегилмайди, унинг жонига, молига, обрўйига зарар етказилмайди. Ташқи
кўринишидан мусулмон бўлиб кўриндими, Исломнинг зоҳирий амалларини (хусусан, намозни, рўзани,
ҳажни) бажаряптими, энди унга мусулмонча муомала қилинади. Унинг қалбида қандай нияти борлиги,
ҳисоб-китоби Аллоҳга ҳавола қилинади.
Тавҳид калимасини айтган одамни гуноҳи туфайли кофир ҳисобламаймиз, амали деб уни Исломдан
чиқармаймиз. У кофир эмас, гуноҳкор мусулмон бўлади. Бундай кимсаларга қилмишига яраша шаръий
жазо тайинланади. Агар эътиқоди бузилмаса, Ислом умматидан чиққан саналмайди.
Қуйидаги икки ҳадис барчамизни сергакликка чақиради.
Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳумо Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан ривоят
қилади: “Агар бир киши ўз биродарига: “Эй кофир!” деса, ана ўша (гап) иккисидан бирига қайтади”
(Бухорий, Муслим, Термизий ривояти).
Яъни, агар бир мусулмон киши диндош биродарига: “Эй кофир!” деса:
1. Гапи рост бўлса, кофир дейилган одам ҳақиқатан кофир бўлади.
2. Агар “Эй кофир”, деган гапи ёлғон бўлса, бу гапни айтган одамнинг ўзи кофир бўлади. Чунки у
мўминни кофир ёки имонни куфр деб ҳукм чиқарди.
Абу Зар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинишича, Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Ким бир
кишини кофир, деб чақирса ёки “Эй, Аллоҳнинг душмани!” деса-ю, ундай бўлмаса, (айтган гапи) ўзига
қайтади” (Муслим ривояти).
Бир мусулмон киши биродарига: “Эй кофир”, “Эй Аллоҳнинг душмани!” деб мурожаат қилса-ю,
аслида у кофир ҳам, Аллоҳнинг душмани ҳам бўлмаса, аксинча, Аллоҳни яхши кўрадиган, ихлосли
мусулмон бўлса, унинг ўзи кофир ёки Аллоҳнинг душмани бўлади.
Сўзимиз охирида ҳанафий мазҳабининг забардаст уламоларидан бири, “Ал-Баҳрур роиқ” китоби
муаллифи Ибн Нужайм Мисрийнинг қуйидаги гапини келтиришни лозим топдик: “Агар бировни кофир
дейиш учун 99 та далил бўлса-ю, кофир демаслик учун биргина далил бўлса, 99 далилни қўйиб, ўша
биргина далил олинади”.
Do'stlaringiz bilan baham: