3. Евроосиё иқтисодий ҳамжамияти (1995). Европа – Осиё Иқтисодий ҳамжамияти, 2000 йил октябрь ойида Белоруссия, Қозоғистон, Қирғизистон, Россия ва Тожикистон мустақил давлатлари раҳбарлари имзо чеккан Шартнома асосида тузилган халқаро такшкилот. 2005 йил 6-7 октябрь кунлари Ўзбекистон Республикаси Президенти И.А.Каримов Санкт-Петербург шаҳрида Ўзбекистоннинг ЕврАзЭС ташкилотига кириши ҳақида келишди. Шу масала бўйича 2005 йил 14-15 ноябрда Москва учрашувига борди. И.Каримовнинг таклифи билан ЕврАзЭС ва бунгача бўлган «Марказий Осиё ҳамкорлиги» ташкилоти айни бир хил мақсад ҳамда вазифаларни ўз олдиларига қўйганини кўзда тутиб, бу икки ташкилот бирлаштирилди, фаолияти осонлаштирилди, харажатлар камайтирилди. ЕврАзЭС – иқтисодий ҳамкорликнинг янги шароитларда янги шакл ва янги йўлларини топишнинг ижобий мисолларидан бири эканлиги маълум бўлмоқда. Масалан, 2006 йил давомидаёқ бож тарифларини унификациялаш, учинчи мамлакатлардан киритилаётган маҳсулотларга бош олиш масалалари ҳозирнинг ўзидаёқ 60 фоизга бажарилган. Ундан ташқари, фуқароларнинг давлатлараро визасиз юриши, олий ўқув юртларига қабул, олий маълумот ва илмий даража ҳамда илмий унвон тўғрисидаги дипломларни тенглаштириш каби муҳим масалалар ҳал қилинди ва бу қадамлар интеграция муносабатларининг чуқурлашишига ва тезлашишига олиб келади. Дастлаб Евроосиёга аъзо давлатларнинг манфаати, потенцали бир хил эмасди: Россия 48, Қозоғистон, Белорус 20 фоиздан, Тожикистон, Қирғизистон 10 фоиздан иборат овозга эга бўлган.
ЕврАзЭСнинг шаклланиши, Шанхай Хамкорлик Ташкилотининг фаоллиги, бу Ташкилотга Ҳиндистон, Эрон, Покистон ва Монголиянинг киришга интилиши ва бошқа ўзгаришлар Евроосиё қтъасида интеграцион жараёнлар кучаётганидан дарак беради. Бу эса ҳозирги замоннинг иқтисодий, сиёсий ва маданий-маънавий муаммоларини ечишнинг самарали йўлларидан биридир.
ЕврАзЭС давлатлари раҳбарларининг 2006 йил 25 январда навбатдаги саммитида Ўзбекистон Республикаси ЕврАзЭС аъзолигига расмий равишда қабул қилинди.
2006 йил октябрида Евросиё иқтисодий ҳамжамияти 17-йиғилиши:
1) Ягона божхона иттифоқини яратиш.
2) Евросиё иқтисодий ҳамжамиятининг умумий энергетика бозорини шакллантириш масалаларини кўриб чиқди.
2007 йил 19 ноябрда Тошкентдаги Халқаро ҳамкорлик марказида Сиёсий тадқиқотлар маркази томонидан Ўзбекистон Республикаси Ташқи иқтисодий алоқалар, инвестициялар ва савдо вазирлиги билан ҳамкорликда “Марказий Осиё тарансконтинентал транспорт кўприги: салоҳият ва тараққиёт истиқболи” мавзусида халқаро конференция ўтказилди. Бу анжуманда Марказий, Жанубий-Шарқий Осиё, МДҲ, Яқин, Ўрта ва Узоқ Шарқ, Европа мамлакатлари экспертлари ҳамда БМТ, ШҲТ, ЕврАзЭС, ЭСКАТО (БМТнинг Осиё ва Тинч океани учун иқтисодий ва ижтимоий комиссияси) каби халқаро ташкилотлардан вакиллар қатнашди. Россия, Хитой, Япония, Ҳиндистон, Покистон, Франция, Туркия, Латвия, Эрон, АҚШ ва Қозоғистондан келган экспертлар ўз фикрларини билдирди.
Марказий Осиёнинг жаҳон журофиясидаги ўрни, унинг транспорт-транзит салоҳияти юксак. Шу сабаб мазкур конференцияда қуйидаги мулоҳазалар эътиборга қаратилди. Марказий Осиё давлатлари учун транспорт коммуникацияларини ривожлантириш иқтисодий, жуғрофий ва стратегик жиҳатдан муҳим аҳамиятга эга. Маълумки, Буюк Ипак йўли: Евроосиёда Шарқ-Ғарб (Осиё ва Европа) ёки Жануб-Шимол (Ҳинд океани, Форс кўрфази, Россия ва Болтиқбўйи мамлакатлари) йўналиши бўйича давом этади. Япония ҳукумати «Тошгузар-Бойсун-Қумқўрғон темир йўлини барпо этиш учун 150 миллион АҚШ доллари миқдорида имтиёзли кредит берди. Қурилажак «Андижон-Ўш-Қашқар» автомобиль йўли Марказий Осиёдан Хитойга чиқиш имконини беради. “Сарахс-Тежан-Машҳад” темир йўли Эроннинг Форс кўрфазидаги бандаргоҳларига йўл очади. 2003 йили Теҳронда Ўзбекистон, Эрон ва Афғонистон Президентлари “Трансафғон» йўлини барпо этишга қаратилган халқаро транспорт йўналишлари тўғрисидаги битимни имзолаган эди. Бу лойиҳа «Тошкент-Термиз-Мозори Шариф-Ҳирот” йўналиши бўйлаб Эрондаги Бандар Аббос ва Чоҳбаҳор портларига чиқиш имконини беради. Бунинг учун наркотрафик каби трансмиллий иллатларга биргаликда курашиш лозимлиги айтилди.
Денгиз транспортига ортилган юк Жануий-Шарқий Осиёдан Европага ўртача 30-35 кунга етиб боради. Жанубий-Шарқий Осиёдан Европага қуруқлик орқали бориш – бир манзилдан иккинчисига вагон ёки автомобилга ортилган юкни етказиш учун 10-12 кун кетади (Бунда ташилаётган юк ишлаб чиқарувчидан тўғридан- тўғри истеъмолчига бориб тушади). Темир йўлнинг қулайлиги вақт ва маблағ талаб қилсада, қисқа муддатда ўзини оқлайди, ёқилғи кам сарфланади. Ҳозир Ўзбекистон ҳудуди орқали 20 та халқаро транспорт йўли Ўтган. Марказий Осиё мамлакатларида автомобиль йўлининг узунлиги 320 минг, темир йўллариники 20 минг, нефть-газ қувурлариники 40 минг километрдан ошади. Минтақамиз давлатларида юздан зиёд аэропорт бўлиб, уларнинг 20 таси Халқаро ҳаво дарвозаси саналади. Йиллик юк ташиш кўрсаткичи 4 миллиард тоннага яқин (Бобоев А. Марказий Осиёнинг транспорт-транзит салоҳияти. “Халқ сўзи”, 2007 йил 21 ноябрь).
Do'stlaringiz bilan baham: |