3.4.Ўзбекистон Республикасининг хорижий мамлакатлар билан ўзаромуносабатлари. Ўзбекистон, дунёнинг ривожланган мамлакатлари тажрибасига суянган ҳолда, мустақилликнинг дастлабки кунлариданоқ ташқи сиёсат масалаларига алоҳида эътибор берди. Ўзбекистон Республикаси биринчи Президенти И. Каримов мустақилликнинг биринчи йилларида таъкидлаганидек: “Ўзбекис-тоннинг миллий манфаатларига мос келадиган кўп томонлама фаол ташқи сиёсатни амалга ошириш – давлатимизнинг мустақиллигини мустаҳкамлаш, иқтисодий қийинчиликларни бартараф этиш ва халқ турмушини яхшилаш-нинг зарур шарти ва ғоят муҳим воситасидир”.[4] Ушбу мақсадни амалга ошириш учун Ўзбекистон раҳбарияти, мамлакат ташқи сиёсати стратегияси, тамойиллари ва устуворликларидан келиб чиққан ҳолда, хорижий давлатлар билан ўзаро манфаатли муносабатлар ўрнатиш ва ривожлантириш ҳамда ҳамкорлик қилиш масалаларига катта эътибор қаратди.
Бу йўлдаги биринчи ва муҳим қадамлардан бири Ўзбекистон Респуб-ликасининг дунё ҳамжамияти томонидан тан олиниши ва хорижий давлатлар билан дипломатик муносабатлар ўрнатилиши бўлди. Аммо. Шуларга қарамасдан, мамлакатнинг ташқи сиёсий йўлидаги вазифаларни амалга оши-ришда Ўзбекистон, авваламбор, миллий-давлат манфаатлари позициясидан келиб чиқади. Шунинг учун дастлаб мамлакат ташқи сиёсатининг бош йўналиши халқаро муносабатларни олиб бориш учун қулай шароитлар яратишга қаратилди. Бу эса республиканинг жамият манфаатлари кўзланган бозор иқтисодиётининг барпо бўлиши ва унинг барча давлатлар билан тенг ҳолда тинчликни, халқаро ва минтақавий хавфсизлик, барқарорликни таъминлаш мақсадида ҳамкорлик қилиши учун асосий омил ҳисобланди.
Ўзбекистоннинг аниқ таърифланган ташқи сиёсий йўли, унинг халқаро ҳуқуқ нормаларига мутаносиблиги, шунингдек, мамлакат ташқи сиёсий фао-лиятининг ҳуқуқий асослари ва идоравий тузилмаларини шакллантириш бўйича бошланган жараён мустақилликнинг биринчи йилларидаёқ республи-канинг дунё ҳамжамияти эътиборининг ошиб боришига сабаб бўлди. Бунинг яққол далили сифатида мамлакатимиз мустақиллигининг дастлабки кунлари-даноқ уни хорижий мамлакатлар тан олиб, дипломатик муносабатлар ўрната бошлаганларини кўрсатиш мумкин. Хусусан, 1992 йил январь ойининг охирига келиб, Ўзбекистон Республикаси мустақиллиги расман жаҳоннинг 83 мамла-кати томонидан тан олинди. Дипломатик муносабатлар 8 та хорижий мамлакат билан ўрнатилди. Мустақилликнинг бир йиллигига келиб, уни 125 давлат тан олди ва 40дан ортиқ мамлакат билан дипломатик муносабатлар ўрнатилди.
Бугунга келиб, Ўзбекистон, мустақил давлат сифатида, дунёнинг 182 давлати томонидан тан олинди ва уларнинг 142 таси билан дипломатик муносабатлар ўрнатилди. Бундай давлатлар қаторига биринчи бўлиб, собиқ советлар ҳудудидаги янги мустақил давлатлар, шунингдек, Европа, Осиё, Африка ва Америка мамлакатлари киради.
Мамлакатнинг халқаро миқёсда тан олиниши ва унинг давлатлараро мулоқот даражасига кўтарилишининг бошқа бир муҳим кўрсаткичи сифатида мустақилликнинг дастлабки кунлариданоқ икки томонлама муносабатлар ришталари улана бошлади. Бунда мамлакат ташқи сиёсий фаолиятининг биринчи босқичида Ўзбекистон раҳбарияти эътиборини собиқ совет ҳудудида ташкил топган янги мустақил давлатлар билан давлатлараро алоқаларни расмийлаштиришга қаратди. Бунга сабаб мавжуд объектив шароит ва юзага келган сиёсий ўзгаришларни ҳисобга олган ҳолда республикалараро муносабатларни сақлаб қолиш зарурати бўлди.
Ҳақиқий воқеликдан келиб чиқиб, бу соҳада Ўзбекистон ҳукумати томонидан аниқ ҳаракатлар амалга оширилди. Халқларнинг ижтимоий-иқтисо-дий фаровонлиги ва уларнинг хавфсизлигини таъминлаш нуқтаи назаридан янги мустақил давлатлар ўртасидаги сиёсий, иқтисодий ва маданий алоқаларни сақлаб қолишнинг муҳимлигини тушунган ҳолда, 1991 йилнинг охиригача муҳим ҳужжатлар имзоланди. Булар - Ўзбекистон Республикаси ва Озарбайжон Республикаси (19 октябрда), Россия Федерацияси (26 октябрь), Қирғизистон Республикаси (31октябрь), Молдова Республикаси (14 ноябрь), Қозоғистон Республикаси (7 декабрь) ўртасидаги савдо-иқтисодий ҳамкорлик принциплари тўғрисидаги келишувлардир. Шу вақт орасида параллел равишда Ўзбекистон Республикасининг Украина (28 октябрь) ва Беларусь Республикаси (6 ноябрь) билан давлатлараро муносабатлари асослари тўғрисидаги шартномалар имзоланди.
Кейинчалик худди шундай битим ва шартномаларга собиқ советлар маконидаги бошқа мустқил давлатлар билан ҳам эришилди. Амалда бу янги мустақил давлатларнинг ташқи иқтисодий ҳаракатларини мустақил белги-лашларининг дастлабки қадамлари эди. Улар шу жиҳатдан муҳим роль ўйна-диларки, бозор муносабатларига ўтиш даврининг мураккаб ва қарама-қарши шароитида савдо-иқтисодий алоқалар мустаҳкамлигини сақлаб қола олдилар ва ўзаро манфаатли алоқаларнинг кейинги ривожига асос ўрнатдилар.
Собиқ советлар маконида давлатлараро муносабатлар ва ҳамкорликни ривожлантириш ишида 1991 йилда чақирилган Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги (МДҲ) фаолияти ҳам катта роль ўйнади. Ушбу ташкилотнинг ҳар йилги Саммитида давлатлараро муносабатларнинг аҳволи ва истиқболи муҳокама қилинади. Бироқ, шунга қарамасдан, давлатлараро муносабатлар-нинг шаклланишида асосий ўринни икки томонлама музокаралар эгаллайди. Бунда Ўзбекистон, собиқ советлар маконидаги ташқи сиёсат устуворлигидан келиб чиққан ҳолда, Россия Федерацияси билан ўзаро муносабатлар ва ҳамкорлик масалаларига алоҳида эътибор қаратди.
Икки давлат раҳбарларининг расмий учрашуви чоғида эришилган ҳуқуқий ҳужжатлар Ўзбекистон-Россия давлатлараро муносабатлари ва ҳам-корлиги ривожланишининг кафолати бўлди. Бунда Ўзбекистон Республикаси ва Россия Федерацияси ўртасидаги муносабатларни мувофиқлаштиришга қаратилган ҳал этувчи ҳужжатлар бу - 1992 йилнинг 30 майида имзоланган Давлатлараро муносабатлар, Дўстлик ва ҳамкорлик асослари тўғрисидаги шартнома; 1998 йилнинг октябрида имзоланган 1998-2007 йиллар учун иқтисодий ҳамкорликни чуқурлаштириш тўғрисидаги шартнома ҳисобланади.
Кейинги йилларда Ўзбекистон-Россия муносабатлари ҳар икки давлат раҳбарлари сиёсий иродалари туфайли янги босқичга кўтарилди. Бунга, хусусан, 2004 йилнинг 18 июнида имзоланган Ўзбекистон Республикаси ва Россия Федерацияси ўртасидаги стратегик шериклик тўғрисидаги шартнома гувоҳ бўлади. 2005 йилнинг 14 ноябрида Москвада имзоланган Ўзбекистон Республикаси ва Россия Федерацияси ўртасидаги иттифоқ муносабатлари тўғрисидаги шартнома, шунингдек, икки мамлакат раҳбарларининг 2012 йил 4 июнда Тошкентда бўлиб ўтган учрашуви якунига кўра қабул қилинган Ўзбекистон Республикаси ва Россия Федерацияси ўртасида стратегик шерик-ликни чуқурлаштириш тўғрисидаги декларация, бу ҳужжатнинг мантиқий давоми ва икки давлат ўзаро муносабатларидаги алоҳида воқеа бўлди.
Бундан ташқари, Ўзбекистон ва Россия ўртасида ҳамкорликнинг турли соҳалари бўйича икки томонлама шартномаларнинг залворли базаси мавжуд. Буларнинг бари икки мамлакат халқларининг давлатлараро муносабатлар ва ҳамкорликнинг давомий ва мустаҳкам ривожланишига интилаётганидан далолат беради.
Икки мамлакат ўзаро муносабатлари ва ҳамкорлигининг янада ривожланишига 2013 йилнинг 14-15 апрелида Москвада бўлиб ўтган иукки давлат раҳбарларининг учрашуви туртки бўлди. Ушбу учрашув чоғида давлатларнинг кенг қамровли ўзаро муносабатларидаги ҳамкорликни ривожлантириш ҳолати ва истиқболи кўриб чиқилди. Бунга, хусусан, учрашув якунлари бўйича имзоланган – “Инвестицияларни қўллаш ва ўзаро ҳимоя қилиш тўғрисида”ги битим, 2013-2017 йиллар учун иқтисодий ҳамкорлик дастури, шунингдек, 2013-2015 йиллар учун маданий-гуманитар ва илмий–техника соҳаларида ҳамкорлик қилиш дастури яққол гувоҳ бўлади. Бундан ташқари, мазкур учрашув асносида атроф муҳитни муҳофаза қилиш, божхона ва солиқ хизматлари бўйича муассасалар ўртасидаги ҳамкорлик тўғрисидаги ҳужжатлар қабул қилинди.
Умуман олганда, ҳар икки давлат мустақилликка эришгандан кейинги давр ичда Ўзбекистон ва Россия ўртасида 160 дан ортиқ халқаро шартнома ва 40 дан зиёд бошқа ҳужжатлар имзоланди. Уларнинг барчаси икки мамлакатнинг давлатлараро муносабатлари ва ҳар томонлама ҳамкорлиги ривожининг мустаҳкам қонунчилик-ҳуқуқий базаси бўлиб хизмат қилди.
Ўзбекистон Республикасининг собиқ советлар маконидаги ташқи сиёсатининг яна бир устувор жиҳати-руҳий жиҳатдан, маданият ва анъаналар бўйича қўшни ҳисобланган Марказий Осиё республикалари билан муноса-батлар ва ҳамкорликни мустаҳкамлаш бўлди.
Масалан. 2013 йилгача Ўзбекистон Республикаси ва Туркманистон Республикаларининг давлат ва ҳукумат раҳбарларининг олий даражадаги 13та расмий учрашуви бўлиб ўтди. Ўтган давр давомида бир қатор янги давлатлараро муносабатар ва ҳар томонлама ҳамкорликка оид ҳужжатлар имзоланди ва ҳаётга татбиқ этилмоқда.
Тожикистонда 90-йилларда юзага келган оғир ички сиёсий вазият нафақат минтақадаги қўшни мамлакатлар билан фаол давлатлараро муносабатлар ривожланишини орқага суриб юборди, балки бутун Марказий Осиё минтақаси хавфсизлиги ва барқарорлигига жиддий хавф туғдирди. Аммо, шунга қарамасдан, Ўзбекистон Республикаси ва Тожикистон ўртасида давлат раҳбарлари учрашуви чоғида имзоланган давлатлараро шартнома ва битимларнинг катта базаси мавжуд. Таъкидлаш жоизки, Ўзбекистон ҳар доим Тожикистон билан ўзаро манфаатли давлатлараро муносабатлар ва ҳамкорликнинг ўрнатилиши ҳамда ривожланиш тарафдори бўлиб қолди.
Марказий Осиё мамлакатлари давлатлараро муносабатларининг нисбатан барқарор ривожи Ўзбекистон, Қозоғистон ва Қирғизистон ўртасида кўзга ташланди. Улар икки томонлама асосда бўлганидек, кўп томонлама
асосда ҳам 2005 йилгача Марказий Осиё ҳамкорлиги (МОҲ)[5] доирасида ва 2005 йилдан бошлаб Евросиё Иқтисодий Ҳамжамияти (ЕврОсИҲ)[6]доирасида ривожланиб келди. Марказий Осиё уч республикасининг икки томонлама давлатлараро муносабатларига келсак, ўтган давр мобайнида улар ўртасида давлат раҳбарларининг олий даражадаги бир қатор учрашувлари бўлиб ўтди. Аммо улар орасида Қирғизистон пойтахтида 1997 йилнинг 10 январида бўлиб ўтган Ўзбекистон, Қозоғистон ва Қирғизистон давлат бошлиқлари учрашуви алоҳида тарихий ўринга эга. Бу учрашувда истиқболдаги ҳамкорликнинг турли масалалари муҳокама қилинган ҳолда, Марказий Осиёнинг уч президенти томонидан Ўзбекистон Республикаси, Қозоғистон Республикаси ва Қирғизис-тон Республикаси ўртасидаги абадий дўстлик тўғрисидаги шартнома имзолан-ди. Бу ва бошқа кўплаб учрашувларнинг ўзига хос хусусияти шундан иборатки, уч республика раҳбарлари томонидан давлатлараро муносабатларнинг ҳуқуқий асослари барпо этилди. Улар давлатлараро сиёсий мулоқотларни келишиб ўтказиш, савдо-иқтисодий, илмий-техника ва маданий-маърифий соҳаларда ўзаро манфаатли ҳамкорликни амалга оширишга ёрдам берди.
Ўзбекистон Республикаси ташқи сиёсатининг устувор йўналиши сифатида Ғарбнинг юқори ривожланган мамлакатлари, шунингдек, Осиё ва Осиё-Тинч океани минтақасининг етакчи ва саноати ривожланган мамлакатлари билан давлатлараро муносабатлар ва ҳамкорлик ўрнатишнинг зарурлиги эътироф этилди. Бундай йўлни танлаш асосида икки муҳим стратегик вазифа мавжуд. Биринчидан, дунё ҳамжамияти кўз ўнгида ёш, мустақил республика тўғрисида ишчан ҳамкорлик қилиш мумкин бўлган ишончли ва лойиқ шерик сифатидаги тасаввур пайдо бўлиши билан боғлиқ зарурат. Иккинчидан, Ўзбекистон Республикасини дунё ҳамжамиятининг тўлақонли аъзолигига лойиқ даъвогар сифатида намоён этиб, мамлакатнинг ижтимоий-иқтисодий ислоҳотлари билан боғлиқ вазифаларни ҳал этиш учун илғор техника ва технологиялар, шунингдек, хорижий давлатлар инвестицияларини жалб этиш кўзда тутилган эди.
Миллий давлатчилик асослари шаклланишининг биринчи босқичида хорижий мамлакатларга расмий ташрифлар ҳам амалга оширилди. Ўзбекистоннинг биринчи ПрезидентиИ.Каримовнинг мустақил Ўзбекистон Республикаси раҳбари сифатидаги дастлабки расмий ташрифи 1991 йилнинг 16-19 декабрида Туркияга бўлди. Икки мамлакат раҳбарлари ва ҳукуматлари турли масалалар бўйича фикр алмашилди ҳамда ўзбек-турк муносабатлари ва ҳамкорлигини ривожлантириш юзасидан тегишли битимларга эришилди.
Кейинчалик Ўзбекистоннинг бошқа хорижий мамлакатлар раҳбарлари билан ҳам олий даражадаги учрашувлари бўлиб ўтди. Мустақилликнинг дастлабки йилларидаёқ Ўзбекистон Республикаси Президенти расмий давлат ташрифи билан Финляндияда (1992 йил февраль), Хитой Халқ Республикаси (1992 йил март), Саудия Арабистони (1992 йил апрель), Корея Республикаси, Малайзия ва Индонезия (1992 йил июнь), Покистон Ислом Республикаси (1992 йил август), Австрия Республикаси (1992 йил сентябрь), Эрон Ислом Республикаси (1992 йил ноябрь), Миср Араб Республикаси (1992 йил декабрь), Швейцария (1993 йил январь), Германия Федератив Республикаси (1993 йил май), Нидерландия Қироллиги (1993 йил июнь), Франция (1993 йил октябрь), Буюк Британия Қўшма Қироллиги (1993 ноябрь), Япония (1994 йил май), Польша (1995 йил январь) ва бошқа мамлакатларда бўлди.
Мазкур учрашувлар давомида давлатлар икки томонлама ўзаро муносабатлари ва ҳамкорлигининг ҳуқуқий асоси ўрнатилди. Бу эса муҳим сиёсий аҳамиятга эга бўлди. Улар Ўзбекистоннинг дунё хўжалик тизимига тенг ҳуқуқли шериклик ва ўзаро эҳтиром тамойиллари асосида киришга, халқаро ҳамжамият мамлакатлари билан фаол халқаро сиёсий, иқтисодий, илмий-техник ва маданий ҳамкорликни амалга оширишга имкон берди.
Дунё ҳамжамиятининг етакчи мамлакатлари билан ўзаро манфаатли давлатлараро муносабатлар ва ҳар томонлама ҳамкорликни ривожлантириш ва кенгайтириш йўли мустақил Ўзбекистон давлатчилигининг бундан кейинги босқичларида ҳам устувор бўлиб қолди. Бундай йўл давлат раҳбарининг 2005 йилнинг январида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси ва Сенатининг қўшма мажлисидаги нутқида аниқ белгилаб берилди. Президент И.Каримов мамлакат ташқи сиёсатидаги устувор жиҳатларни сақлаб қолиш ва татбиқ этишнинг юқори даражадаги аҳамиятига эътибор қаратар экан, қуйидагиларни таъкидлади: “Ўзбекистон жаҳондаги йирик, халқаро майдонда етакчи ўрин тутадиган давлатлар – АҚШ, Россия, Япония, Хитой, Германия, Франция, Европа Иттифоқининг бошқа мамлакатлари билан ҳамкорлик муносабатларини ривожлантириш ва мустаҳкамлашга алоҳида эътибор беради. Биз Жанубий Корея Республикаси, Ҳиндистон, Жанубий ва Жанубий-Шарқий Осиё, Яқин Шарқ ва Араб Шарқининг кўплаб мамлакатлари билан яқин муносабатлар ўрнатганмиз”[7].
Бинобарин, Ўзбекистон ташқи сиёсатининг Ғарбий йўналишида дунёнинг Америка Қўшма Штатларидек етакчи давлати билан ўрнатилган ҳамкорлик муносабатлари жуда муҳим ўрин эгаллади. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2002 йилнинг мартида АҚШга қилган расмий ташрифи тарихий аҳамиятга эга воқеа бўлди. Мазкур ташриф чоғида давлатлар раҳбарлари томонидан ўзаро манфаатли ҳамкорликнинг бир қатор масалаларикўриб чиқилди. Музокаралар якунига кўра, икки томонлама ҳамкорликнинг ривожланишининг қонунчилик асосини акс эттирувчи қатор ҳуқуқий ҳужжатлар имзоланди. Улар орасида Ўзбекистон ва АҚШ ўртасидаги стратегик шериклик ва ҳамкорлик асослари тўғрисидаги шартнома алоҳида аҳамиятга эга. Сиёсий, иқтисодий, гуманитар, ҳуқуқий, ҳарбий ва ҳарбий-техника соҳаларида, хавфсизлик борасида ҳамкорликни назарда тутган бу ҳужжат стратегик шерикликнинг принципларини расмий равишда белгилаб берди.
Ўзбекистон Республикаси ташқи сиёсий фаолиятининг Ғарбий йўнали-шида ҳам Европанинг етакчи мамлакатлари билан ҳамкорлик алоқаларини ривожлантириш масалаларига эътибор кучли. Бунинг изоҳи сифатида ёш мустақил республика учун ўтиш даврида муҳим аҳамиятга эга бўлган улар-нинг бозор иқтисодиётига асосланган ижтимоий-иқтисодий ривожланиш тажрибаларини кенг татбиқ этиш заруратини кўрсатиш мумкин. Бундан таш-қари, Европа давлатлари билан яқин ҳамкорлик алоқаларини ривожлантириш Ўзбекистон Республикасининг жаҳон иқтисодий ҳудудига тўла интеграция-лашувига қулай шароит яратади. Мустақилликка эришилган дастлабки йил-лардан бошлаб Ўзбекистон, халқаро стандартларга жавоб берувчи зарур ҳуқуқий майдонни яратиб, Европа давлатлари билан яқин ҳамкорлик алоқа-ларини ўрнатиш ва ривожлантиришга киришди. Бу жараён Европанинг Буюк Британия, Германия ва Франция каби етакчи мамлакатлари мисолида ёрқин намоён бўлди.
Ўзбекистон ва Буюк Британия ўртасида яратилган сиёсий мулоқот ва шартнома-ҳуқуқий база кўптомонлама ҳамкорликнинг тадрижий ривожланиши учун қулай асос яратди. Умуман олганда, охирги йиллар ўзбек-британ муносабатларида янги ўсиш юз бераётганидан далолат бермоқда. Ўзаро эҳтиром ва тенгликка асосланган шериклик нафақат мамлакатимиз миллий манфаатларини илгари суришга ёрдам беради, балки минтақадаги хавфсизлик ва барқарорликни таъминлашга катта ҳисса қўшади.
Таъкидлаш жоизки, кенг қамровли масалалар бўйича ўзаро англашувни чуқурлаштириш, шунингдек, ҳамкорлик режаларини биргаликда ишлаб чиқиш ва амалга ошириш ишида икки мамлакат ташқи сиёсий ва ташқи иқтисодий ташкилотлари ўртасидаги, шунингдек, бир қатор бошқа ҳукумат ташкилотлари йўли бўйича идоралараро мулоқотнинг ўрнатилиши самарали қуролга айланди. Бундай мулоқот Тошкент ва Лондонда бўлиб ўтадиган доимий консультациялар доирасида амалга оширилда.Шунингдек, Ўзбекистон ва Буюк Британия давлатлараро муносабатлари асосини мустаҳкамлайдиган восита буталай халқаро-сиёсий масалалар, шу жумладан, минтақавий хавфсизликни таъминлаш, терроризмга ва наркотрафикка қарши кураш соҳаларида умумий манфаатлар мавжудлиги бўлди.
Икки томонлама муносабатларда парламентлараро алоқалар алоҳида ривож топдилар. 2009 йилда Британия парламентида таниқли сиёсатчи лорд Жон Вейверли бошчилигидаги “Британия-Ўзбекистон” умумпартиявий гуруҳи ташкил этилди. Ўз навбатида, 2010 йилда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисида Буюк Британия парламенти билан ҳамкорлик бўйича гуруҳ таъсис этилди. Кейинроқ, 2010 йилнинг сентябрида, ушбу гуруҳлар ўртасида Ўзаро англашув меморандуми имзоланиб, унинг доирасида Ўзбекистон ва Буюк Британия делегациялари алмашуви амалга оширилмоқда.
Ўзбекистон ва Германия ўртасида мустаҳкам ўзаро муносабатлар ўрна-тилганбўлиб, 1991 йил 31 декабрда Германия Федератив Республикаси Ўзбе-кистон Республикаси мустақиллигини тан олган вақт ҳисобланди. Бошқа муҳим омил бўлиб, 1992 йилда икки мамлакат ўртасида дипломатик муноса-батлар ўрнатилиши ҳисобланди. Бу тарихий воқеалар ўзаро эҳтиром, тенглик ва икки томон манфаатларини ҳисобга олиш тамойилларига асосланган ўзаро манфаатли ҳамкорликни ўстириш ва дўстлик алоқаларини мустаҳкамлашга асос бўлиб хизмат қилди.
Ўзбек-герман ўзаро ҳамкорлигини ривожлантириш ва мустаҳкамлашда олий даражадаги ташрифлар муҳим воқеа бўлди. Булар, хусусан, 1993, 1995 ва 2001 йилларда Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан Германияга амалга оширилган расмий ташрифлар ва 1995 йилда Германия Федерал президенти Р.Герцогнинг Ўзбекистонга қилган давлат ташрифи ҳамда Канцлер Г.Шрёдернинг 2002 йилдаги расмий ташрифидир.
Таъкидлаш жоизки, ўтган йигирма йилдан ортиқроқ вақт ичида Ўзбекистон ва Германия ўртасидаги муносабатларда яқин сиёсий мулоқот ўрнатилди ва мустаҳкам шартномавий-ҳуқуқий база яратилди. Шунингдек, икки мамлакат ташқи сиёсат идоралари ўртасидаги сиёсий консультациялар доимий характер касб этди. Буларнинг бари Ўзбекистон ва Германия ўртасида савдо-иқтисодий, илмий-техника ва маданий-гуманитар ҳамкорлик олиб бориш учун қулай шароит яратмоқда.
Икки мамлакат ўзаро муносабатларини мустаҳкамлашда Ўзбекистон ва Германия парламентлараро алоқаларнинг ўрнатилгани ва фаол ривожланаётгани ҳам катта аҳамиятга эга. Ўзаро манфаатли ва конструктив алоқалар қонунчилик фаолияти, ўтказилаётган демократик ва ижтимоий-иқтисодий ислоҳотларни ҳуқуқий жиҳатдан таъминлаш соҳасида тажриба алмашишнинг ривожланиши учун ёрдам беради.
Ўзбекистон ва Франция ўртасида дўстлик ва ҳамкорлик бўйича ўзаро англашув муҳити яратилган. Икки мамлакат ўртасидаги дипломатик муносабатлар узоқ асрларга бориб тақалса ҳам, уларнинг ҳозирги замон шакли ўз ибтидосини Ўзбекистон давлати мустақиллигига эришганидан кейин бошлади. Бу, авваламбор, 1992 йилнинг 3 январида Франция Республикаси томонидан Ўзбекистон Республикаси мустақиллиги тан олиниши ва 1992 йилнинг 1 мартида икки мамлакат ўртасида дипломатик муносабатларнинг ўрнатилиши билан боғлиқ.
Ҳозирги замон ўзбек-француз муносабатлари пойдеворига давлат раҳбарларининг расмий визитлари давомида асос солинган. Хусусан, Фран-цияга икки бор, яъни 1993 йилнинг октябри ва 1996 йилнинг апрелида Ўзбе-кистон биринчи Президенти ташриф буюрган. Бизнинг мамлакатимизга жа-воб ташрифи билан Франция Президенти Ф.Миттеран 1994 йилнинг апре-лида келди. Бўлиб ўтган учрашувлар чоғида икки давлат раҳбарлари яқин келажак ва истиқболдаги икки томонлама муносабатларга доир кўплаб масалаларни муҳокама қилдилар. Ҳар икки томоннинг ўзаро мулоқоти, дав-латлараро муносабатлар ва ҳамкорликни ривожлантиришга бўлган интилиш-ларининг инъикоси сифатида муҳим тарихий аҳамиятга эга ҳуж-жатларни кўрсатиш мумкин. Булар-Ўзбекистон Республикаси ва Франция Республи-каси ўртасидаги дўстлик ва ҳамкорлик тўғрисидаги шартнома, Инвестиция-ларни қўллаш ва ўзаро ҳимоя қилиш тўғрисидаги, Маданий, илмий ва техник ҳамкорлик тўғрисидаги ҳукуматлараро битимлар, икки мамлакат Ташқи ишлар вазирликлари ўртасидаги ҳамкорлик тўғрисидаги битим, Фуқаро-ларнинг эркин ҳаракат қилишлари тўғрисидаги битим, Ҳаво транспортлари соҳасида ҳамкорлик тўғрисидаги қўшма декларация ва бошқалар.
Давлатлараро муносабатлар ва ҳамкорликннинг мустаҳкамланишига Ўзбекистон ва Франциянинг ташқи сиёсат, ташқи иқтисодиёт ва бошқа идоралари вакиллари учрашувлари давомида ҳам асос солинди.
Бундан ташқари, икки мамлакат парламентлараро алоқалари ҳам изчил равишда ривожланиб бормоқда. Бунга Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасида иш юритаётган “Ўзбекистон-Франция” дўстлик гуруҳи гувоҳ бўлади. Ўз навбатида, Франциянинг Миллий ассамблеясида “Франция-Ўзбекистон” парламентлараро дўстлик гуруҳи ташкил этилган. Ваҳоланки, парламентлараро алоқаларнинг кенгайиши ва мустаҳкамланиш ишига ҳайъатларнинг томонлар қонун чиқарувчи ҳокимият вакиллари ўртасидаги яқин ва ўзаро манфаатли алоқаларни олиб боришга кўмаклашувчи ўзаро сафарлари катта ҳисса қўшмоқда.
Ўзбекистон Республикаси Европанинг бошқа мамлакатлари билан ҳам дўстлик ва ҳамкорликнинг ўзаро манфаатли муносабатларини ривожлан-тирмоқда. Улар ўртасида икки томонлама асосда ҳамкорликнинг барча шаклларини амалга ошириш учун имкон берувчи ҳуқуқий база яратилган.
Аммо шу билан бирга, Ўзбекистон ташқи сиёсатида Европанинг Европа Иттифоқи (ЕИ) каби ташкилоти доирасидаги мамлакатлар билан яқин алоқалар ўрнатиш ва ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилди. Европа Иттифоқи, авваламбор, бугунги кунга келиб, аъзолари 28та европа давлатидан иборат интеграция бирлашмасидир[8]. Ушбу Иттифоқ изчил равишда имзоланган бир қатор шартномаларга асосланиб, уларнинг асосий мақсади урушдан кейинги Европада тинчлик ва барқарорликни таъминлаш ҳамда аъзо-давлатларни иқтисодий интеграция йўли билан биргаликда ривожлантиришдир.
Ўзбекистон учун Европа Иттифоқи ишончли шерик ҳисобланади. Европа Иттифоқи билан яқинлашиш ва ҳамкорликка интилар экан Ўзбекистон унинг ёрдамида транспорт, энергетика. Молия соҳаси, хусусийлаштириш, илм-фан, таълим, атроф муҳитни муҳофаза қилиш, шунингдек, демократия ва инсон ҳуқуқлари соҳаси билан боғлиқ кенг қамровли муаммоларни ҳал этишга ҳаракат қилади.
Ўз навбатида, Европа Иттифоқи, ўзи ташқи сиёсий фаолияти тамойиллари ва манфаатларидан келиб чиққан ҳолда, собиқ советлар макони давлатларини иқтисодий жиҳатдан кучли ва барқарор, Европа мамлакатлари учун ишончли ва тенг ҳуқуқли шерик сифатида кўришни истайди. Шундай экан, собиқ советлар маконида янги мустақил давлатлар ташкил бўлган дастлабки йиллардан бошлаб Европа Итттифоқи томонидан Марказий Осий минтақасида Ўзбекистон Республикаси билан ўзаро манфаатли муносабатлар ўрнатилиши ва ривожлантирилишига кўпроқ эътибор қаратилди. Объектив шароитлар ва икки томоннинг яқинлашишга интилиши Ўзбекистон Республикаси ва Европа Иттифоқи ўртасидаги ўзаро манфаатли ҳамкорлик муносабатларининг ривожланиши учун мустаҳкам асос яратади. У икки босқичга бўлинади. Уларнинг биринчиси 1992 йилда ўзаро англашув меморандуми имзоланган вақтдан бошланиб, Ўзбекистон Республикаси ва Европа Иттифоқи ўртасидаги Шериклик ва ҳамкорлик тўғрисидаги битим кучга киргунга қадар бўлган даврни ўз ичига олади. Иккинчи босқич 1999 йилда, Ўзбекистон Республикаси ва ЕИ ўртасидаги ушбу битим кучга кирган кундан бошланади.
Ўзбекистон ва Европа Иттифоқи ўртасидаги ҳамкорлик муносабатларининг кўрсатилган ҳар бир босқичида ривожлантириш икки йўналишда амалга оширилди. Биринчи йўналиш бу – Ўзбекистон Республикаси ва Европа Иттифоқи ўртасидаги Шериклик ва ҳамкорлик тўғрисидаги битимни имзолаш истиқболлари ва уни келажакда ҳаётга татбиқ этиш билан бевосита боғлиқ сиёсий ва иқтисодий йўналишдир. Иккинчи йўналиш-томонлар ўртасида меморандум имзоланган вақтдан бошлаб Европа Иттифоқининг ТАСИС илмий-техник кўмаклашув дастурини амалга ошириш билан бевосита боғлиқ бўлиб, ислоҳотларни қўллаб-қувватлашга қаратилган.
ЕИ билан ҳамкорлик мамлакат ташқи сиёсий ва ташқи иқтисодий фаолиятининг устувор йўналиши эканидан келиб чиққан ҳолда Ўзбекистон раҳбарияти 1994 йилнинг март ойида у билан Шериклик ва ҳамкорлик тўғрисидаги битимни имзолаш ташаббуси билан чиқди.
Томонларнинг ўзаро манфаатли ҳамкорликни кенгайтиришга бўлган икки тарафлама интилишларидан келиб чиққан ҳолда тайёргарлик кўриш жараёни бўлди.
Томонларнинг кенг ҳамкорлик қилиш бўйича энг асосий ҳужжатни имзолашга тайёргарлиги якуни 1996 йилнинг 21 июнида Флоренцияда (Италия), “Фортеза да Бассо” қалъасида ЕИ аъзо-мамлакатлари давлат ва ҳукумат раҳбарлари учрашувида Ўзбекистон Республикаси ва Европа Иттифоқи ўртасидаги Шериклик ва ҳамкорлик тўғрисидаги битимни имзолаш маросими бўлди. Ҳужжат Ўзбекистон Президенти ва ўша пайтда ЕИ Кенгашининг амалдаги раиси бўлган Италия Вазирлар кенгаши раиси Романо Проди ва ЕИ 15та аъзо-давлатлари ташқи ишлар вазирлари томонидан имзоланди.
1999 йилнинг 1 июли ҳам Ўзбекистон ва ЕИ ўзаро муносабатлари та-рихига алоҳида сана бўлиб киради. Бу кунда Ўзбекистон Республикаси ва Европа Иттифоқи ўртасидаги шериклик ва ҳамкорлик тўғрисида битим, ЕИ 15та аъзо-мамлакати миллий парламентлари ва Европа парламенти томо-нидан мураккаб ратификация таомилини ўтиб, тўла кучга кирди. Бу Ўзбе-кистон Республикаси ва Европа Иттифоқи ўртасида шериклик ва ҳамкорлик муносабатларининг қонуний асосда расмийлаштирилганини англатади.
Ўзбекистон Республикаси ва Европа Иттифоқи ўртасида кучга кирган “Шериклик ва ҳамкорлик битими”нинг асосий мақсади деб Ўзбекистон Республикаси мустақиллиги ва суверенитетини қўллаб-қувватлаш; ЎРнинг демократияни мустаҳкамлаш, иқтисодиёт ва бозор иқтисодиётига ўтишдаги ютуқларини ривожлантириш бўйича ҳаракатларини қўллаш; томонлар ўртасидаги сиёсий мулоқотлар учун тегишли рамкаларни таъминлаш; томонлар ўртасидаги савдо, инвестициялар ва уйғун иқтисодий муносабатларга кўмаклашиш ва бу билан мамлакатнинг барқарор иқтисодий тараққиётини қўллаш; қонунчилик, иқтисодиёт, ижтимоий, молиявий, фуқаролик, илмий, технологик ва маданий соҳалардаги ҳамкорликнинг асосларини яратиш; Ўзбекистонда қонун устуворлигига асосланган фуқаролик жамияти қуришга кўмаклашишни билади.
Ўзбекистон Республикаси хукумати, мазкур ҳужжатнинг республика учун муҳимлигини ҳисобга олган ҳолда, 1999 йилнинг 3 сентябрида “Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг Ўзбекистон Республикаси ва Европа Иттифоқи ўртасидаги Шериклик ва ҳамкорлик тўғрисидаги битимни амалга ошириш бўйича комплекс дастури тўғрисида”[9] Қарори қабул қилди. Ушбу ҳужжатга биноан Шериклик ва ҳамкорлик тўғрисидаги битимни амалга ошириш бўйича асосий йўналишлар, масъул идоралар ва тегишли вазифаларни бажаришнинг аниқ муддатлари белгиланди.
Ўз навбатида, Европа Иттифоқи томонидан, Битимга мувофиқ, Шериклик ва ҳамкорлик тўғрисидаги битим моддаларининг ижроси юзасидан кузатув идораси сифатида Ҳамкорлик кенгаши тузилди. У Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати аъзолари, ЕИ Кенгаши аъзолари ва ЕИ Комисссияси аъзоларидан иборат бўлди. Ҳамкорлик кенгаши ўз мажлисларида ҳамкорликнинг сиёсий, савдо-иқтисодий ва гуманитар соҳалардаги асосий йўналишларини белгилайди, халқаро майдондаги вазият ва икки томонни қизиқтирган бошқа масалалар тўғрисида фикр алмашадилар.
Ҳамкорлик кенгашига ўз вазифаларини бажаришда кўмаклашиш учун Ўзбекистон Республикаси ҳукумати вакилларидан, ЕИ Кенгаши ва ЕИК аъзоларининг катта мансабдор шахс даражасидаги вакилларидан иборат Ҳамкорлик қўмитаси ташкил этилган.
Шериклик ва ҳамкорлик тўғрисидаги битим қоидасига биноан, шунингдек, Парламент ҳамкорлиги қўмитаси ҳам таъсис этилган бўлиб, у Ўзбекистон Республикаси Парламенти ва Европа парламенти аъзоларининг учрашув ва фикр алмашишлари учун форум ҳисобланади. Улар учрашув давомида Ўзбекистон ва Европа парламентлари ўртасидаги ҳамкорликнинг аҳволи ва истиқболини қонунчилик, қонунчиликнинг мослашуви, парламентаризм тажрибаси ва фуқаролик жамиятини шакллантириш каби йўналишлар бўйича муҳокама қиладилар.
Ундан ташқари, Шериклик ва ҳамкорлик тўғрисидаги битим қоидалари асосида турли масалаларни муҳокама қилиш учун экспорт даражасида иқтисодий ҳамкорлик қилиш бўйича “Ўзбекистон-ЕИ” савдо ва инвестициялар бўйича қуйи қўмитаси ҳам тузилди
Ўзбекистон ўзининг шарқий йўналишдаги ташқи сиёсатида асосий эътиборни Осиё қитъасининг Япония, Ҳиндистон, Хитой ва Корея Респуб-ликаси каби мамлакатлари билан давлатлараро муносабатлар ва ҳар томон-лама ўзаро манфаатли ҳамкорликни мустаҳкамлашга қаратди. Бу ҳар бир мамлакат билан ўзаро манфаатли давлатлараро муносабатлар, савдо-иқтисодий, илмий-техника ва инвестиция соҳаларидаги ҳамкорликни ривожлантириш, халқлар ўртасида маданий-гуманитар асосда кенг мулоқот ўрнатилиши борасидаги умумий манфаатлар бирлаштирди. Ташқи сиёсат ва халқаро муносабатлар масалаларида умумий ёндашишлар улар билан мустаҳкам дипломатик алоқалар ўрнатишга асос бўлиб хизмат қилди.
Ўзбек-япон ҳамкорлиги ривожига 1991 йилнинг 28 декабрида, яъни Япония Ўзбекистон мустақиллигини тан олган кундан асос солинди. 1992 йилнинг 26 январида ўрнатилган дипломатик муносабатлар эса, фаол сиёсий мулоқот олиб бориш учун кенг имконият яратди. Бунинг тасдиғи сифатида 1994 йилнинг майида, 2002 йилнинг июли ва 2011 йилнинг февралида Японияда ва 2006 йилнинг августида Ўзбекистонда бўлиб ўтган давлат раҳбарлари ўртасидаги олий даражадаги бир қатор учрашувларни келтириш мумкин. Икки давлат ўртасида 2002 йилда Дўстлик, стратегик шериклик ва ҳамкорлик тўғрисидаги қўшма баёнот имзоланди.
Ўзбекистон Республикаси биринчи Президентининг 2011 йилнинг февралида Японияга қилган навбатдаги расмий ташрифи икки мамлакатнинг ўзаро манфаатли муносабатлари ва ҳамкорлигини янада ривожлантириш учун янги куч берди.Ташриф давомида юқори технологиялар соҳасида ихтисослашган йирик компаниялар билан япон технологиялари ва инвестицияларини Ўзбекистоннинг нефть-газ, кимё, энергетика, машинасозлик ва тўқимачилик саноати каби тез ривожланаётган соҳаларига жалб этишга қаратилган қатор битимлар тузишга эришилди.
Ўзбек-ҳинд муносабатлари ривожига Ҳиндистон Ўзбекистон Республикаси мустақиллигини биринчилардан бўлиб тан олган вақтдан асос солиниб, 1992 йилнинг 18 мартида Тошкентда дипломатик муносабатларнинг ўрнатилиши тўғрисидаги баённома имзоланди. Шу дамдан бошлаб икки мамлакат ўзаро муносабатлари сифат жиҳатдан янги поғонага кўтарилди ва доимий равишда фаол сиёсий мулоқот олиб борилди. Икки томонлама муносабатлар ривожининг муҳим нуқтаси Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2011 йил майида Ҳиндистонга қилган давлат ташрифи бўлди. Унинг якунлари бўйича 32та икки томонлама ҳужжат имзоланиб, уларнинг орасида энг муҳими-икки давлат муносабатларини сифат жиҳатидан янги даражага кўтаришга қаратилган Стратегик шериклик тўғрисидаги қўшма баёнот бўлди.
Ўзбекистон Республикаси ва Хитой Халқ Республикаси ўртасида анъанавий дўстлик муносабатлари ўрнатилди. Улар икки мамлакатга ҳар икки томонни қизиқтирувчи кўплаб масалалар бўйича ўзаро манфаатли ва самарали ҳамкорлик олиб боришга имкон берди. Бундай алоқалар халқлар ўртасидаги ўзаро эҳтиром ва дўстликка, икки давлат раҳбарларининг ишончли алоқаларига асосланди. Хусусан, ХХР Раиси Ху Цзинтаонинг 2010 йилдаги Ўзбекистонга ва Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2012 йилнинг июнь ойида Хитой Халқ Республикасига давлат ташрифи, тарихий аҳамиятга эга бўлди. Бу учрашувлар давомида дипломатик муносабатлар ўрнатилгандан буён ўтган йигирма йиллик икки томонлама ва кўп томонлама ҳамкорликнинг ривожланишига якун ясалди ва ҳамкорликнинг истиқболи белгиланди.
Ўзбекистон Республикаси ва Корея Республикаси ўртасида ҳамкорлик муносабатларининг ривожига асос 1991 йилнинг 30 декабрида, Ўзбекистон мустақиллиги тан олинган ва улар ўртасида 1992 йил 29 январда дипломатик муносабатлар ўрнатилган кундан бошлаб солинган. Бу тарихий саналар икки давлат ўзаро муносабатларида фаол сиёсий мулоқот олиб бориш ва ҳар томонлама ўзаро манфаатли ҳамкорликнинг шаклланиши учун йўл очди.
Дипломатик муносабатлар ўрнатилган муддатдан буён ўтган давр ичида Ўзбекистон Республикаси ва Корея Республикаси ўртасида 2013 йилга ыадар 11 та олий даражадаги учрашувлар бўлиб ўтди. Икки давлат президентлари томонидан имзоланган Стратегик шериклик тўғрисидаги қўшма баёнот имзоланди.
Ўзбекистон ташқи сиёсатида янги индустриал ривожланаётган мамлакатлар билан яқин давлатлараро муносабатлар ва ҳамкорлик ўрнатиш ҳамда ривожлантиришга ҳам кам эътибор берилди. Бундай давлатлар тоифасига тўла маънода Жанубий-Шарқий Осиё мамлакатларини киритиш мумкин. Жанубий-Шарқий Осиёнинг Ўзбекистон Республикаси ташқи сиёсатидаги ўзига хослиги шу билан белгиланадики, бу минтақа ўз ичига ўнта ривожланаётган мамлакатни олади.[10] Улар орасида ижтимоий-иқтисодий ҳаёт даражаси ва ўзи ривожланиш суръатлари бўйича Индонезия, Малайзия, Сингапур ва Тайланд каби мамлакатлар ажралиб туради. Уларнинг мустамлака мутеълигидан қутулгандан сўнг тўплаган сиёсий ва ижтимоий-иқтисодий ислоҳотлар борасидаги тажрибаси янги мустақил мамлакатлар учун ибратлидир.
Таъкидлаш жоизки, халқаро муносабатлар тажрибасидан келиб чиққан ҳолда, Ўзбекистон ва бу минтақа мамлакатлари ўртасидаги самарали ҳамкорликнинг бошланиш нуқтаси бўлиб ўрнатилган дипломатик муносабатлар ва улар негизида шакллантирилган мустаҳкам ҳуқуқий майдон хизмат қилди.
Шу муносабат билан эслатиб ўтиш керакки, Ўзбекистон Республикаси мустақиллиги Индонезия томонидан 1991 йилнинг 28 декабрида, Малайзия томонидан 1992 йилнинг 1 январида, Сингапур томонидан 1992 йилнинг апрелида, Тайланд томонидан эса 1991 йилнинг 26 декабрида тан олинди. Ўзбекистоннинг ушбу мамлакатлар билан дипломатик муносабатлари тегишинча 1992 йил 23 июнда, 1992 йил 21 февралда, 1997 йил 8 апрелда ва 1992 йил 29 январда ўрнатилди.
Ўтган йигирма икки йил мобайнида давлат ва ҳукумат раҳбарлари ўртасида бўлиб ўтган расмий учрашувлар натижаси ўлароқ ўзаро англашув, дўстлик ва ҳамкорлик тўғрисидаги шартнома ва битимларга эришилиб, улар давлатлараро муносабатларга мустаҳкам пойдевор яратдилар. Буларнинг бари Ўзбекистон Республикаси ва Жанубий-Шарқий Осиё мамлакатлари ўртасида савдо-иқтисодий, илмий-техникавий ва маданий-гуманитар соҳалардаги ҳамкорлик муваффақият билан равнақ топишига хизмат қилди.
Шундай қилиб, бугунги кунда Ўзбекистон Республикаси ўз стратегияси, ташқи сиёсатининг тамойиллари ва устувор йўналишларидан келиб чиққан ҳолда дунё ҳамжамиятининг барча етакчи давлатлари билан яқин давлатлараро муносабатлар ўрнатди. Давлатлараро алоқалар, дипломатик муносабатларнинг ўрнатилиши ва ҳуқуқий асосларининг шаклланиши савдо-иқтисодий, илмий-техника ва маданий-гуманитар соҳаларда самарали, ўзаро манфаатли ҳамкорликнинг ривожланишига кенг имкониятлар яратди.