КИРИШ.
ЎЗБEКИСТОН ТEМИР ЙЎЛЛАРИ АКЦИЯДОРЛИК ЖАМИЯТИ
«Қуюв-механика заводи» ШКда ишлаб чиқариш қувватлари.
Тошкент шаҳрининг Бектемир туманида жойлашган «Қуюв – механика заводи» шўба корхонаси туманнинг энг йирик корхонаси ҳисобланади. 46 гектар ҳудудни эгаллаган корхонада бугунги кунда 1 минг 450 нафарга яқин ишчи-ходим фаолият кўрсатмоқда. Корхонада халқаро стандартларга мувофиқ ИСО 9001 сифат менежменти тизими жорий этилган.
Ушбу корхонага Германия, Словения, Беларус, Россия, Украина давлатларидан замонавий техникалар ва қуюв дастгоҳлари келтирилиб, улардан унумли фойдаланилмоқда.
Корхона раҳбари Камолиддин Рашидовнинг айтишича, сўнгги йилларда бу ерда ишчи-ходимларга ҳар томонлама қулай шароитлар яратиб бериш, иқтидорли мутахассисларни жамлаш ҳамда цехларга замонавий дастгоҳларни жорий этиш йўли билан янги турдаги вагонларни сифатли қуришга, уларни эҳтиёт қисмларини шу ернинг ўзида ишлаб чиқаришга катта аҳамият қаратилмоқда. Хусусан, бундан 5 йил аввал ишлаб чиқарилаётган вагонлар эҳтиёт қисмларининг 80 фоизи хориждан чет эл валюталарига импорт қилинган бўлса, маҳаллийлаштириш дастурининг тўғри йўлга қўйилгани боис бугунги кунга келиб уларнинг 70 фоизи ўзимизда, ушбу корхона мутахассислари томонидан ишлаб чиқарилмоқда ва миллионлаб хориж валютаси тежаб қолинишига эришиляпти. Айни вақтда корхонада йигирмата цех мавжуд бўлиб, 400 турдан ортиқ бутловчи қисмлар ишлаб чиқарилмоқда.
– Корхонамизда 5 турдаги янги юк вагонларини ишлаб чиқариш йўлга қўйилган, – дейди «Қуюв – механика заводи» шўба корхонаси директори Камолиддин Рашидов. – Улардан бири контейнерларни ташиш учун мўлжалланган янги 13-6991 моделли узун базали вагон-платформалардир. Бу турдаги вагон-платформаларнинг аввалгиларидан асосий фарқи узунлигида. Яъни олдин 1та эски платформада 1 а 40 футлик контейнер ташилган бўлса, янгисида 2та 40 футлик контейнер ёки 4та 20 футлик контейнерни ташиш имкони мавжуд. Ундан ташқари минерал ўғитлар учун 19-9600 моделли вагон-хоппер, семент ташиш учун 19-9596 моделли вагон-хоппер ҳамда ярим очиқ 12-9922 моделли универсал люкли вагон ва ҳажми 158 м³ бўлган, эшиклари кенгайтирилган 11-9923 моделли, тўлиқ металл билан қопланган вагон ишлаб чиқарилмоқда. Ярим усти очиқ вагонлар 70 тонна юк кўтаради, 92 м³ сиғимга эга. Бу билан юк ташиш ҳажмини ошириш имконияти яратилди. Ушбу янги вагонларнинг эски турдаги вагонлардан асосий фарқи мустаҳкамлиги ва сифатида. Шунингдек, тезюрар поездлар ҳаракатига мослаштирилган, сиғими ҳамда юк ташувчанлиги бўйича ҳам аввалгиларидан яхшироқ. Юк кўтариш имконияти бўйича ҳам олдинги вагонлардан фарқ қилади. Юкларни тушириш ва юкларни ортиш жараёнида ҳам афзалликларга эга бўлиб, технологик вақтни қисқартиришга эришилган.
Корхонада конструкторлар бўлими ҳам мавжуд бўлиб, бу ерда малакали мутахассислар фаолият кўрсатмоқда. Улар томонидан юк вагонларининг чизмалари тайёрланади ва вагонлар шу ердаги мутахассислар чизмалари асосида ишлаб чиқарилади.
Шунингдек, юк вагонларини ва ностандарт ускуналарни ишлаб чиқариш, қайта жиҳозлаш, механизасиялаш бўйича, конструкторлик ҳамда муҳандис-технологлар бўлими ходимлари томонидан илғор технологияларни татбиқ қилиш устида кенг кўламли ишлар олиб борилмокда.
Таъкидлаш лозимки, кейинги йилларда корхонанинг моддий-техник базаси мустаҳкамланди, цехларга замонавий дастгоҳлар ўрнатилди. Бу эса ишлаб чиқариш унумдорлигини ошириш, янги иш ўринларини яратиш учун пухта замин бўлди. Энг муҳими маҳсулотларни маҳаллийлаштириш имконини бермоқда.
Do'stlaringiz bilan baham: |