11. Жорий, оралиқ баҳолаш.
Талабалар томонидан ўқув материаллари ўзлаштирилганлигини, кўникма ва малакалар ҳосил бўлганлигини текшириш ҳамда баҳолаш таълим жараёнининг зарурий таркибий қисми ҳисобланади. Бу фақат ўқитиш натижаларини баҳолаш эмас, балки ўқитиш жараёни даврида талабалар билим олиш ва мустақил иш фаолиятига раҳбарлик қилиш ҳамдир.
Билим ва кўникмаларни текшириш ҳамда баҳолашнинг таълимий аҳамияти шундан иборатки, бунда ўқув материалининг ўзлаштирилиши тўғрисида талаба ва ўқитувчи муайян маълумотга эга бўлади. Ўқитувчига талабаларнинг қайси ўқув материалини яхши ўзлаш-тирилгану, қайси иш етарли даражада ўзлаштирилмаганлиги маълум бўлади. Бу эса талабанинг ўрганиш фаолиятини ташкил этиш ва бошқариш учун асос бўлиб ҳисобланади. Баҳолаш орқали талабаларнинг ўқув материалларини билиш, тушуниш, хотирада сақлаб қолиш, амалда қўллай олиш, таҳлил қилиш ва ўз-ўзини баҳолаш даражалари аниқланади.
Билимларни, кўникма ва малакаларни баҳолашнинг тарбиявий аҳамияти шундаки, бунда талабаларнинг ўқишга қизиқиши, ўз ютуқ-лари ёки муваффақиятсизликларига нисбатан муносабати шаклланади, ўқув қийинчиликларни енгиш иштиёқи туғилади.
Натижаларни баҳолаш орқали бутун таълим жараёни текширилиб кўрилиши керак. Бу билан таълим жараёнида кутилаётган ўқув мақсадига эришилаётганлик даражаси текширилади. Таълим бериш давомидаги талабаларнинг билим, кўникма ва малакаларни баҳолаш талабанинг ўзлигини англаши учун бир имкониятдир.
Юқорида келтирилган фикрлардан келиб чиқиб, таълим олувчиларнинг мустақил ва ижодий ишлаш фаолиятларини ҳам инобатга олиб баҳолашда қуйидагиларни эътиборга олиш муҳимдир:
ўқув мақсадларига эришилганликни аниқлаш;
таълим жараёнидаги ютуқ ва камчиликларни аниқлаш;
ўқитувчи ўз фаолиятидаги камчиликларни бартараф этиш;
жорий ва оралиқ ўзлаштириш даражасини аниқлаш;
баҳолаш натижалари бўйича ота-оналарга маълумот бериш;
дастлабки билим ва кўникмалар таълим натижасини баҳолаш;
талабаларнинг қизиқишларини аниқлаш учун.
Баҳолашни қуйидаги уч босқичда ўтказиш тавсия этилади:
Бошланғич баҳолаш таълим жараёни бошида талабаларнинг дастлабки билим, кўникма ва малакаларини аниқлаш учун ўтказилади. Бундай баҳолаш натижалари орқали махсус фанни ўқитиш жараёнининг мазмуни, методлари ва шаклларини танлаш имконияти яратилади.
Жорий (шакллантирувчи) баҳолаш мунтазам равишда ўтказиб борилиши лозим. У таълим жараёнидаги ютуқ ва камчиликларни, самарасини тезкор аниқлаб бориш, ўқув жараёнини мувофиқлаштириш ҳамда таълим берувчи ва таълим олувчи ўртасидаги қайтар алоқани таъминлаш имконини беради.
Оралиқ баҳолаш махсус фан асосий бўлимлари ёки модуллари бўйича машғулотлар ўтиб бўлингандан кейин талабаларнинг билим ва кўникмаларни ўзлаштирганликлари баҳоланади. Бу билан талабанинг бўлим ёки модел бўйича ўқув материалини қанчалик даражада ўзлаштирганлиги ҳақида маълумотга эга бўлинади. Лозим бўлса ўзлаштириши паст бўлган талабалар билан қўшимча машғулотлар олиб борилади.
Do'stlaringiz bilan baham: |